Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни 1991 йилда Халқаро Диабет Федерацияси (ХДФ) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дунё жиддий хавф туғдираётган қандли диабет касаллигига қарши курашишга халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини жалб қилиш мақсадида ташкил этилган.

Федерация маълумотига кўра, Ер юзида ҳар 11 кишидан бирида диабет мавжуд, катта ёшлиларнинг деярли ярмида (44,7 фоиз) ҳали касалликка ташхис ҳам қўйилмаган. 2045 йилга бориб, ер юзида 783 миллион нафар одам диабет билан яшаётган бўлади.

Қандли диабетнинг сабаби унинг туридан қатъи назар, қонда жуда кўп миқдорда глюкоза айланишидир. Унинг миқдори юқори бўлиши сабаби диабетнинг турига қараб ҳар хил, 1-тур диабет иммунитет тизимига боғлиқ касаллик ҳисобланади. Яъни, иммун таначалар ошқозоности безидаги инсулин ишлаб чиқарадиган ҳужайраларни парчалаб йўқ қилади. Натижада глюкозанинг ҳужайраларга сингишига имкон берадиган инсулин ўта кам ёки йўқ бўлиши оқибатида қанд қон оқимида тўпланади. Бунга баъзан генлар ёки вируслар иммунитет тизимини қаршилантириши сабаб бўлиши аниқланган.

2-тур диабет ва предиабетда организмдаги ҳужайраларнинг инсулинга сезгирлиги пасаяди, инсулинни танимайдиган (резистент) бўлиб қолади. Яъни глюкозанинг ҳужайрага киришини таъминлайдиган "калит" – инсулин бор, аммо ҳужайралар "қулф"и уни қабул қилмай қўяди. Оқибатда меъёрий миқдорда ишлаб чиқарилиб турган инсулин энди ҳужайраларнинг глюкозага эҳтиёжини қондириш учун етарли бўлмай қолади, ошқозоности бези эса бу етишмовчиликни енгиш учун етарли миқдорда инсулин етказиб бера олмайди. Охир-оқибатда қон оқимида глюкоза миқдори кўтарилади.

1-тур диабет учун хавф омиллари қуйидагилардан иборат: Оилада ёки яқин қариндошларида 1-тур қандли диабетнинг мавжудлиги. Юқумли касалликлар, ўсма, жарроҳлик ёки бахт­сиз ҳодисалар оқибатида ошқозоности безининг шикастланиши. Организмда инсулин ишлаб чиқарувчи ҳужайраларга қарши, яъни ўз танамизнинг тўқималарига ёки аъзоларига ҳужум қиладиган иммун таначаларнинг мавжудлиги. Жарроҳлик ёки касалликдан кейинги жисмоний стресс. Айрим вирус келтириб чиқарадиган касалликка чалиниш.

Предиабет ва 2-тур диабет учун яқин қариндошларда шу турлар борлиги, oртиқча вазн, юқори қон босими, холестерин ва триглицерид баландлиги, кам ҳаракатлик, 45 ва ундан катта ёшдалик, гестацион диабетга чалинганлик, тухумдонда поликистоз, юрак касаллиги ёки инсульт ўтказганлик ва чекиш хавф омиллари ҳисобланади. Гестацион, яъни ҳомиладорлик диабети учун яқин қариндошларда предиабет ёки 2-тур диабет борлиги, ортиқча вазн, 25 дан катта ёшдаги ҳомиладорлик хавф омиллари бўлиши мумкин. Гестацион диабетда ҳомиладорлик пайтида йўлдош томонидан ишлаб чиқариладиган гормонлар тана ҳужайраларининг инсулинга сезгирлигини пасайтиради. Ошқозоности бези ушбу қаршиликни енгиш учун етарли миқдорда инсулин ишлаб чиқара олмайди. Қон оқимида глюкоза кўпаяди.

Қандли диабет барвақт аниқланмаса, зарур даво муолажалари қилинмаса, қуйидаги асоратларни келтириб чиқаради:

– юрак-қон томир касалликлари, кўкрак қафасидаги оғриқлар, юрак хуружи, инсульт, қон босимининг кўтарилиши, холестерин миқдорининг ошиши, томирларнинг торайиши;

– оёқ ёки бармоқ учларидаги карахтлик ва увишиш билан бошланиб, кейинчалик бутун танага тарқаладиган асаб шикастланишлари (нейропатия);

– буйрак етишмовчилиги ёки буйрак шикастланиши (нефропатия);

– кўрликка олиб келадиган ретинопатия, катаракта, глаукома;

– оёқ, шу жумладан, нервларнинг шикастланиши, қон оқимининг ёмонлиги ҳамда кесилган жароҳат ва яраларнинг битмаслиги;

– тери инфекцияси;

– эректил дисфункция;

– эшитиш қобилиятининг йўқолиши;

– депрессия;

– деменция (асаб тизими касаллиги);

– тиш касалликлари.

Агар одам ўзида диабет олди ҳолатини сезса, эндокринологга мурожаат этиши ва унинг тавсияси асосида метформин препаратини қабул қилиши зарур. Шунда стационар шароитда даволанишга эҳтиёж бўлмайди. Қондаги қанд миқдори кеча-кундуз меъёрда ушлаб турилса, диабет асоратларининг олдини олиш ёки кечиктириш мумкин. Шу сабабли аҳоли, аввало, патронаж ҳамшираси ва оилавий шифокор, қандли диабет билан касалланган беморлар эса эндокринолог назоратида бўлиши шарт.

Президентимизнинг "Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, айни пайтда қандли диабет касаллигига чалинган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Қирқ ёшдан ошган аҳолини йилда камида бир маротаба мақсадли скринингдан ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Сурункали эндокрин касалликларни даволашнинг замонавий клиник протоколлари ва алгоритмлари жорий этилди. Бунда 2022-2024 йилларда юртимиз аҳолисига эндокринология ёрдамини кўрсатишни ривожлантириш дастури асосида олиб борилаётган ишлар ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Баҳриддин СИДДИҚОВ,

академик Ёлқин Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган

эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори.