ГИПЕРИНСУЛИНИЗМ

https://id-clinic.ru/upload/iblock/27d/27da58d5e20f60e85b8d0c0913a2b626.jpg

Ушбу касалликда меъда ости бези кўп миқдорда инсулин ишлаб чиқаради, бу эса қон таркибида глюкоза миқдорини доимий равишда пасайишига олиб келади. Aйтишимиз мумкинки, бу "тескари қандли диабет" – инсулин жуда кўп, аммо қон таркибида глюкоза миқдори оз миқдорда бўлади.

Маълумки, глюкоза барча тана ҳужайраларининг ишлаши учун зарурдир. Унга энг катта эҳтиёж марказий асаб тизимида қайд этилган. Aгар глюкоза етарли бўлмаса, мия "оч қолади" ва нормал ишлай олмайди.

Гиперинсулинизм кўпинча ҳаётнинг биринчи ойларида болаларда ўзини намоён қилади. Бундай беморларда талвасалар, ҳушни йўқотиш,нафас олишни тўхтатиши, заифлик ва бошқа ўзига хос бўлмаган белгилар билан намоён бўлади.Бундан ташқари,чақалоқларда иштаҳанинг ортиши натижасида кўкрак сутидан бош тортиш, кўп йиғлаш – заифлик каби қарама-қарши кўринишлар мавжуд.

Aгар ўз вақтида ташхис қўйилмаса ва даволаш бошланмаса, чақалоқнинг ўлими ёки эпилепсия, кўрлик, мия фалажи, интеллектуал ривожланишнинг пасайиши каби даҳшатли асоратлар ривожланиши мумкин. Aгар ташхис ўз вақтида аниқланса ва тўғри даволаш курси белгиланса, болалар тенгдошларидан ҳеч қандай фарқ қилмайди.

Туғма гиперинсулинизм унчалик кенг тарқалган эмас. Статистик маълумотларга кўра, ушбу касаллик 30 минг янги туғилган чақалоқдан бирида кузатилиши мумкин. Aммо минтақамиз миқёсида ўйлаб кўрсангиз, бундай болалар унчалик кам эмас. Ҳар йили тахминан 10-15 чақалоқ шу ташхис билан туғилади.

Туғма гиперинсулинизмни қандай аниқлаш мумкин? Касалликнинг биринчи босқичида ташхис қўйиш учун ҳеч қандай мураккаб нарса талаб қилинмайди. Aгар болада юқоридаги белгилар мавжуд бўлса, қондаги глюкоза миқдорини аниқлаш керак. Aгар у кам бўлса, унда дарҳол веноз қонда инсулинни миқдорини аниқлаш лозим. Туғма гиперинсулинизмдан шубҳаланиши мумкин бўлган биринчи тиббий мутахассислар нафақат педиатр-эндокринологлар, балки неонатологлар, педиатрлар ва неврологлардир. Туғма гиперинсулинизм билан оғриган беморга ташхис қў­йилганда, Прогликем 25 мг (диазоксид) препаратини таблетка шаклида буюриш кифоя қилади, бу кунига бир неча марта қабул қилиш билан, қондаги глюкоза миқдорини нормал даражага олиб келади. Кейинчалик қийин ҳолатларда, инъекция шакли – октреотид ёки ланреотид ёрдам беради. Энг оғир ҳолатларда ва консерватив даво самарасизлигида жарроҳлик қўлланилади (инсулинома ва панкреатик незидобластоз учун).

РИЭИAТМ Наманган филиалида (Эндокринология диспансери) туғма гиперинсулинизм билан оғриган беморлар учун барча шароит яратилганини маълум қиламиз. Энди глюкоза миқдори кам бўлган чақалоқларга ёрдам бериш учун кўпроқ имконият бор. Бўлимда гўдаклар учун қулай хоналар барча зарур жиҳозлар, дори-дармон билан таъминланган бўлиб, унда энг малакали шифокорлар, меҳрибон ҳамширалар меҳнат қилмоқда.

Ҳозирги вақтда туғма гиперинсулинизм билан оғриган беморларни даволаш юқори технологияли тиббий ёрдам рўйхатига киритилган. Эндиликда беморлар тери остига дори-дармонларни узлуксиз етказувчи помпалар (ҳар 6 соатда инъекция қилмаслик учун), қондаги қанд миқдорини ўлчовчи сенсорли асбобларни (глюкометр учун ҳар 3 соатда бармоқларни тешмаслик мақсадида) ва қиммат бўлган узоқ муддатга таъсир қилувчи дори-дармонлардан (бир ойда бир марта инъекция қилиш) бепул фойдаланишлари мумкин.

Туғма гиперинсулинизмни ташхислаш ва даволаш шифокорлар учун ҳам, ёш беморларнинг ота-оналари учун ҳам қийин йўлдир. Aммо бу болаларнинг ақлли, эпчил ва бахтли бўлиб ўсишига арзийди.

Муҳаммаджон ВАҚҚОСОВ,

академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология

илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали жарроҳ-эндокринологи, тиббиёт фанлари доктори.

Элёр ИСРОИЛЖОНОВ,

эндокринолог.