Вилоятимизда ҳам давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга пухта тараддуд кўрилмоқда. Шу ўринда газета саҳифаларида ёритилган мақолалар воситасида янги тизим фаолиятининг муҳим қирралари хусусида тушунчалар бериб боряпмиз. Аввалиги туркум мақолаларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар юзасидан батафсил тушунчалар берган эдик. Ушбу мақолада эса давлат тиббий суғуртаси асосида хизмат кўрсатишда патронаж ҳамшираларнинг вазифалари хусусида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Маълумки, давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ўрни катта. Ҳар 2000 нафар аҳоли ҳисобига 1112 та тиббиёт бригадаси ташкил этилди. Тиббий бригада оилавий шифокор, 2 нафар патронаж ҳамшираси, амалиётчи ҳамшира ва доядан иборат. Касалликкка қарши кураш ва профилактик ишларни олиб бориш патронаж ҳамширасининг муҳим вазифасидир.

Вилоятдаги КТМП, ОП, ОШП­ларда патронаж ҳамширалари фаолият юритмоқда. Улар асосан универсал-прогрессив патронажни амалга оширади. Яъни, патронаж ташрифларни тўғри режалаштириб, мазкур хизмат тўлиқлигини таъминлайди. Патронаж ташрифлари икки турга бўлинади:

1. Универсал-патронаж режаси (йиллик, ойлик режа тузилади, ҳафталик мониторинг ўтказилади).

2. Прогрессив патронаж режаси (кунлик режа тузилади, ҳафталик мониторинг ўтказилади).

Патронаж ҳамшираси универсал-прогрессив патронажни қўйидагича амалга оширади:

– Бириктирилган аҳоли ўртасида режага мувофиқ касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;

– Ҳомиладор аёллар патронажи режасини ишлаб чиқиш ва патронажни амалга ошириш. Туққан аёллар патронажи режасини ишлаб чиқиш ва патронажини амалга ошириш;

– 1 ёшгача, 5 ёшгача бўлган болалар патронажи режасини ишлаб чиқиш ва патронажини амалга ошириш;

– Оиланинг "эхо карта"сини чизиш ва тиббий ижтимоий, психологик муаммоларни аниқлаш, қайд этилган муаммоларни "тиббий бригада"га тақдим этиш ва маҳалла профилактика инспектори билан муаммоларни бартараф этиш бўйича қўшимча чораларни ишлаб чиқиш, ижросини таъминлаш;

– Поликлиникада ташкил этилган "Оналар мактаби"га ёш оналарни жалб қилиш. Уларга 1 ёшгача болаларни чўмилтириш, парваришлаш, 6 ойликдан қўшимча овқатлантириш, 5 ёшгача болаларда ич кетар, шамоллаш касалликларининг хавф омилларини аниқлашни ўргатиш;

– Ҳар ойда болаларни профилактик эмлашга чиқариш;

– Эмлашдан сўнг реакциялар ва асоратларни аниқлаш мақсадида патронажни амалга ошириш;

– Диспансер ҳисобида турадиган ва тиббий чеклови бўлган болаларни врач кўригига чиқариш;

– 5 ёшгача болаларнинг ўсиш ва ривожланишини мунтазам мониторинг қилиб бориш вазифаларини бажаради.

Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишда тиббиёт ходимларига кунбай эмас, ишбай ҳақ тўлаш механизми йўлга қўйилади. Бунда муассасада соғлом рақобат муҳити яратилади. Бу ўз навбатида барча ўрта тиббиёт ходимлари, шу жумладан, патронаж ҳамшираларни ҳам ўз устида ишлашига, доимий билимини бойитиб боришига, малака тоифасини оширишига, касбига масъулият ва садоқат билан ёндашишига олиб келади.

Шаҳло АБУСАТТОРОВА,

Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси

бош ҳамшираси.