Соғлом тери теп-текис, сип-силлиқ ва чиройли бўлади. Афсуски, ҳаммадаям бу ҳолат барқарор эмас. Чунки замбуруғли касалликлар, аввало терининг кўринишини бузади. Шундай касалликлар сирасига кератомикозлар, ранг-баранг темиратки, эпитразма, дермикозлар, трихофития киради.

Масалан, трихофития болалар ва катталарда учрайди. Бошнинг сочли қисмини, тери ва тирноқларни зарарлайди. Сочли қисмида катталиги олчадек келадиган касаллик аломатлари юзаланади. Замбуруғ сочни мўртлаштиради. Шу жой қора нуқтага ўхшаб қолади.

Юза трихофития болаларда узоқ вақт давом этади. Агар ўз вақтида даволанилмаса, баданнинг бошқа тукли қисмларига тарқалиб кетиши мумкин. Яъни болдир билан тирсак, думба, тизза соҳаларида бир-бирига мо­-йил бўлган катталиги тангадек пўст ташлаб турадиган бинафша рангли доғлар вужудга келади. Оёқ-қўл кафтлари терисининг мугуз қавати қалин тортиб, унда яллиғланиш белгиларисиз пўст ташлаб турадиган касаллик ўчоқлари пайдо бўлади.

Қандай даволаниш ва зўрайишининг олдини олиш керак? Дастлаб касалиги аниқланган бемор бошқалардан ажратиб қўйилади. Унинг ички кийимлари, чойшабу кўрпалари зарарсизлантирилади. Ички кийим, ёстиқ жилдлари олдин қайнатиб, сўнг ювилади. Бемор хонасининг поли 5 фоизли хлорамин билан қайноқ сувда артилади.

Трихофитияси тузалган бола 3 ҳафтагача касаллик белгилари топилмай, микология текшируви натижалари 3 мартагача манфий бўлгандагина боғчага боришига рухсат этилади. Шунингдек, болалар муассасаларида барча ходимлар мунтазам режали тиббий кўрикдан ўтказилади. Касаллик ўз вақтида аниқланиши лозим. Шу боисдан беморнинг оиласидагилар, атрофидаги болалар ҳам текширилади. Чуқур моддаланган трихофития топилгудай бўлса, касаллик манбаи бўлган жойдаги ҳайвонларгача текширилиши шарт.

Н. СОБИРОВ,

вилоят тери-таносил касалликлари диспансери

Микология бўлими мудири.