Минерал сувлар инсон организми учун фойдали хусусиятларга эга. Айримлар газланган минерал сувларни ичишни хуш кўрадилар. Шу ўринда бир савол туғилиши табиий. Яъни, газли сув маъданли сув ўрнини боса оладими? Ўзбекистонда ҳам табиий, турли хасталикларни даволаш хусусиятига эга маъданли сувлар мавжудми?

Бу кишини ўйлантирувчи саволларга жавобимиз шундоқ. Табиий маъданли сув бироз тахир, илиқ ҳамда ёқимсизроқ ҳидга эга бўлиши мумкин. Улар газланган ё газланмаган ҳолда идишларга қуйилишдан олдин фильтрланиши, айрим моддалар қўшилиши оқибатида шифо­бахш­лигини маълум даражада йўқотади. Демак, сотувдаги сувларга қараганда бирламчи манбадан оқувчи маъданли сувнинг инсон сиҳатига фойдаси кўпроқ. Шукурки, юртимизда киши организмига фойдаси бисёр маъданли сув манбаси мавжуд. Чортоқдаги сиҳатгоҳларда асл табиий ҳолдаги маъданли сувдан ичиш, сув ваннаси қабул қилиш имконияти борлиги учун ҳам ушбу даво масканлари кишиларни ҳамиша ўзига чорламоқда.

Натрий, калий, кальций, хлор кўпроқ, йод, бром, радон, азот эса камроқ бўлган сувимиз таркиби микроэлементларга бойлиги учун ҳам организмга ғоят фойдали Бу сув ошқозон-ичак тизими, жигар, ўт пуфаги йўллари, ошқозон ости бези, аёллар жинсий хасталиклари, қанд­ли диабет, шамоллаш каби дард­ларни даволашда кенг қўлланилади. Бундан ташқари у оғиз бўшлиғи, қизилўнгач ва ошқозонга механик, термал ва кимё­вий жиҳатдан ижобий таъсир кўрсатади. Шу тариқа қон айланишини, ошқозон шираси ажралишини яхшилайди. Маъданли сувнинг таъсири ванна қабул қилинганда ҳам яхши билинади. Ушбу таъсир ундаги кимёвий элемент ва бирикмалар (тузлар ва ионлар) таркиби билан белгиланади.

Маъданли шифобахш сув одатда таомланишдан камида 30 дақиқа олдин (бир кунда 3 марта) ичилади ва уни уй шароитида касалликни даволаш мақсадида ҳам қўлласа бўлади. Аммо уй шароитида ичишдан аввал ва ичиш давомийлиги борасида шифокору ҳамширалар билан маслаҳатлашиб турган маъқул. Унинг таъсирини билиш ичкандан кейин қон босими ҳамда томир уришини ўлчатсангиз яққол билинади. Қолаверса, иштаҳа ортиши ё камайиши муҳимдир. Бу жараёнда яхшиси ҳамширалар хизматидан фойдаланинг. Улар умумий ҳолатингизни текширишдан ташқари фойдали тавсияларини ҳам айтадилар.

Шифобахш маъданли сувни ичиш шифокорлар томонидан тавсия этилганида бир неча омил ҳисобга олинади. Беморнинг умумий ҳолати, касалликнинг кечиши ва хусусиятлари, у айнан қайси дардга чалинганлиги кабилар. Яна маъданли сувни касаллар (айниқса болалар) аввал 50-100 миллиграммдан ичишни бошлаб, кейин меъёрий миқдорни 150-250 миллиграммга етказишлари керак.

Беморларни ваннага тушириш мураккаброқ жараён. Чунки муддатидан кўп ваннада бўлиш, тавсия этилмаган беморларнинг шифобахш сув ваннасини бир бора қабул қилиши ҳам саломатликка акс таъсир этиши мумкин. Масалан, Чортоқ маъданли суви ҳарорати 48 даражадан 54 даражагача иссиқ, энг юқори минераллашган намакоб ҳамдир. Ваннада 10-15 дақиқадан кўп бўлмаслик, ундан ичмаслик талаб этилиши бежиз эмас. Ванна сувига тушиш ўткир юқумли ва сурункали дардларнинг кучайган пайтида, руҳий касалликлар, хавфли ўсмалар, сил хасталиги, ревматизмнинг зўрайган босқичи, буйрак ва нафас хасталиклари, тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлганда тавсия этилмайди. Шу боис маъданли сув таркиби билан нафақат шифокор, айниқса ҳамшира ҳам яхши таниш бўлиши, уни кимга тавсия этиш ё этмасликда жонкуярлик кўрсатиши, ваннадан сўнг беморни текшириб кўриши даркор. Чунки одатда ванна қабул қилиниш жараёни, унга тушувчилар ҳолатини айнан ҳамширалар назорат этадилар.

Юқорида қайд этганимиздек елим ё шиша идишларга қуйилган сувлар кўпроқ чанқов бостириш, шу билан бирга овқатни ҳазм қилдириш учун. Касалликларни даволашда унинг бирламчи табиий ҳолатдагисидан фойдаланиш лозим.

Муҳаббат ЭСОНБОЕВА,

"Чортоқ" ихтисослаштирилган

болалар сиҳатгоҳи бош шифокори.