Ижтимоий тармоқларнинг бирида баъзи маҳаллаларда қаровсиз қолдирилган итлар кўзга ташланаётганлиги, бундан ота-оналарнинг хавотири ортиб, масъул хизмат кўрсатиш ташкилотларига мурожаат этганлигини ўқиб қолдим. Ростдан ҳам тилга олинган ҳайвонлар хавфлими? Агар қутурган бўлса, инсонларга зиёни тегса - яъни тишлаб олса нима бўлади? Қутуриш қандай касаллик, у ҳақда нималарни билишимиз зарур? Ана шу саволларга жавоб олиш мақсадида таҳририятимизга вилоят санитария-эпидемиологик осо­йишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг Ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими мудири Шоҳистахон Абдуллаевани таклиф этдик. У қуйидагиларни сўзлаб берди.

Қутуриш касаллиги билан одам ва барча турдаги иссиққонли ҳайвонлар касалланиши мумкин. Уни нерв тўқималарида кўпаядиган нейротроп вируслар келтириб чиқаради. Одам организимига эса касаллик қўзғатувчи вирус ҳайвон тишлаганда ёки сўлаги билан ифлослаганда шикастланган тери ёки кўз, оғиз шиллиқ қаватлари орқали тушади. Нерв толаси орқали марказий нерв системасига, яъни бош мияга қараб ҳаракатланади, кўпаяди ва организмда касаллик белгилари келтириб чиқаради. Вируслар организмга тушган вақтдан токи касаллик белгиси пайдо бўлгунга қадар ўтган давр - яширин давр дейилади. Унинг қанча узоқ ва қисқа бўлиши одам танасининг қайси жойини тишлаганлиги ва сўлак билан тушган вируснинг миқдориги боғлиқ бўлиб, 20 кундан бир йилгача давом этиши мумкин.

Одамларда касалликнинг кечиши уч даврга бўлинади: 1. Касалликдан дарак берадиган давр. 2. Қўзғалиш даври. 3. Фалажлик даври.

Биринчи даврда кўпчилик беморда ҳайвон тишлаган жойда ёки шу жойида ўтган нерв толаларида ачишиш сезилади, тортишиб оғрийди, оғриқ ҳайвон тишлаган жойдан юқори томон йўналади. Беморнинг кайфияти тушиб кетади, юраги сиқилиб, ғам-ғуссага ботади. Уй­қусида безовта бўлади ва қўрқинчли тушлар кўради. Иштаҳаси йўқолади. Бир-икки кундан ке­йин нафас олиши ўзгаради. Юрак фаолияти бузилади, ҳарорати кўтарилади ва касалликнинг кейинги даври бошланади.

Қўзғалиш даврида беморда безовталаниш кучаяди. У ташналикдан қийналади, сув ичмоқчи бўлганда инграниши ва энтикиши, сувли идишдан ўзини олиб қочиши кузатилади. Кўзлари чақчаяди. Буни гидрофобия (сувдан қўр­қиш) дейилади. Касалликни яна бошқа белгилари - бемор ёруғликдан, шабада ва баланд овоздан ҳам қўрқадиган ҳолат кўзга ташланади. Гаплари пойма-пой бўлиб боради. Кўзига ҳар хил нарсалар кўринади. Қулоғига қўрқинчли товушлар эшитила бошлайди.Бемор энтикиб эмаклайди, усти-бошини йиртмоқчи бўлади, ўзини юмталашгача боради. Бу ҳолат давомида жуда кўп сулак ажралади. Касаллик кучайганда бемор ўзи билмаган ҳолда ёзилиб юборади. Бир-икки кундан сўнг фалажлик даври бошланади. Бу давр узоқ давом этмайди. Оёқ, сўнгра қўллар фалажланади. Бемор тўсадан ҳушидан кетади ва ҳаётдан кўз юмади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу касалликни ҳорзирги кунга қадар даволаш усуллари топилмаган бўлсада, унинг олдини олиш, чалинмаслик чораларини кўриш мумкин. Бунинг учун тиббиёт мутахассисларининг қуйидаги тавсияларига қатъий амал қилиш талаб этилади:

Биринчидан, ҳудудларда дайди ит, мушук, ёввойи йиртқич ҳайвонлар учраган заҳоти шаҳар ва туман ободонлаштириш ташкилотларининг қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлимини хабардор қилиш, улардан қутулиш чораларини кўриш, дастлабки инфекция манбаси пайдо бўлишига йўл қўймаслик.

Иккинчидан, аҳоли яшаш жойларида уй ҳайвонлари ва итларни боқиш қоидаларига қатъий риоя қилиш.

Учинчидан, уйда боқилаётган ҳар бир ит ёки мушукни боғлаган ҳолда сақлаш, уларни бегона ҳайвонлар билан кўришишига йўл қўймаслик, вақти-вақти билан ветеринария кўригидан ўтказиб, ҳар йили қутуришга қарши эмлатиб туриш.

Тўртинчидан, ит, мушук ва уй ҳайвонларининг хатти-ҳаракатида ўзгариш бўлса, соғлиғи ёмонлашса, ҳайвон ёки одамни тишласа дарҳол ветеринария мутахассисларга хабар қилиш, одам ёки ҳайвонни тишлаган итни 10 кун давомида ветеринария кузатувига олиш талаб этилади. Ҳар қандай ҳайвон одамни жароҳатлаганда (тишлаганда, тирнаганда ёки сўлаги текканда) бемор зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат этиши ва белгиланган тартибда эмлаш курсини олиши шарт.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ

суҳбатлашди.