Ангина касаллиги кенг тарқалган умумий инфекцион касаллик бўлиб танглай муртакларининг ўткир яллиғланишидир. Ангина сўзи лотинчадан "Аngere – қисмоқ, бўғилмоқ" деган маънони билдиради.

 

Ангина бир неча асрдан бери маълум касаллик. Ангина касаллигини даволаш ва олдини олишдан мақсад биринчидан унинг кўп ва тез-тез учраши бўлса, иккинчидан умум инфекцион – токсикоаллергик касалликлар билан боғлиқ бўлиб, ички аъзоларни ва бўғимларни шикастлантириши мумкин. Касалликнинг келиб чиқишида асосан микроорганизмлар (А гуруҳидаги гемолитик стрептакок) муҳум ўрин эгаллайди. Уларнинг заҳарлари ва ишлаб чиқарадиган ферментлари касалликнинг ривожланишига таъсир этади. Касаллик чақирувчи микроорга­низмлар одам оғиз бўшлиғида ва бодомчасимон безда нопотоген ҳолатда доимо бўладилар.

 

Бодомча безлари – болачалар оғзини очганда халқумнинг икки томонида, бодомни эслатадиган овалсимон шакл­да бўлади. Ўткир ангинанинг бир неча турлари мавжуд. Уларга катарал, фоликуляр, лакунар ва юқумли касалликларда учрайдиган ангиналар киради. Касаллик бодомча безлари шишиву, қизариши, юзаларини йиринг боғлаши билан кузатилади. Касаллик билан кўпроқ мактабгача, мактаб ёшидаги болалар оғрийди. Унда томоқда оғриқ, ютиниш қийинлиги, умумий қувватсизлик, тана ҳароратини 38 даражагача кўтарилиши, бош оғриши белгилари номоён бўлади. Ангина ўзини клиник кечишига кўра 3-5 кундан 7-10 кунгача давом этиши мумкин.

 

Даволаниш жараёнида беморнинг умумий аҳволи яхшиланади, бездаги шишлар, қизаришлар камаяди, йирингли қарашлар йўқолади. Регионар лимфа тугунлари кичиклашади. Ўткир ангина амбулатор шароитда даволанади. Агарда асоратлари (паратанзиляр абцесс, юткун орти абцесси, тонзилоген интоксикация) билан кузатилса стационар даво тавсия этилади. Ангина касаллигини умумий асоратлардан ревматизм ва буйракларнинг зарарланиши кўп кузатилади. Юқоридаги асоратлар кузатилмаслиги учун касаллик бошланиши билан лор врачига учраб, лозим тавсияларни давом эттириш керак. Даволашда антибиотиклар, яллиғланишга қарши дори воситалар ва маҳаллий антисептиклардан фойдаланилади. Ўткир ангиналар ўз вақтида даволанмаса, сурункали танзилит формасига ўтиши кузатилади.

 

Агарда йил давомида икки-уч маротаба ва ундан ортиқ қайталаниш кузатилса, оператив йўл билан даволаниш тавсия этилади. Касалликни олдини олиш учун бемор организмини мустаҳкамлаш ва шу билан ҳар-хил нохуш таъсуротларга – совуқотиш, чарчаш, инфекция ва ҳоказоларга қаршилик кўрсатиш қобилиятини ошириш керак. Овқатланиш, ухлаш, ўқиш ёки ишлаш, дам олиш режимига риоя қилиш, гигиеник шароитлар, чиниқиш катта аҳамиятга эга. Махаллий чиниқтириш муо­лажаларига томоқни илиқ сув билан чайқаш киради, сув ҳароратини аста секин 15-18 даражага туширилади. Сувга сода ёки фурацилин қўшиш мумкин, сўнгра оёқ ваннаси дастлаб 36-37 даражали сув олинади, сўнгра ҳарорат 22-23 даражага туширилади. Буни йил бўйи кун ора ўтказиш тавсия этилади.

 

Файзулло МАМАТВАЛИЕВ,

 

Наманган шаҳар болалар шифохонаси

бош врачининг даволаш ишлари бўйича

 

ўринбосари.