ЎЗИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЧОРАЛАРИ

Демак, турли ишлаб чиқариш шароитларида, турли мавсумдаги об-ҳаво ҳарорати инсон саломатлигига турлича таъсир кўрсатади. Бу таъсирлар об-ҳавонинг турли четланишларига боғлиқ. Иссиқ ҳавони ҳис этиш нафақат иссиқ кунларнинг бошланишига - балки ҳаво оқимига ҳам боғлиқ. Демак жазирама кунларда инсон ўзини қулай ҳис этиши, яъни чанқамаслиги, ҳавонинг дим ҳолатига совуққа, намликка ва бошқа бир қанча омилларга мослашиши ўзининг саломатлигининг ҳолатига боғлиқ.

Иссиқ кунларда "салқинлаштирувчи" ширин ичимликларни ичмаган маъқул. Улар ташналикни қондириши мумкин, лекин соғлиғимиз учун зарур бўлган аъзолар жигар ва буйраклар иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Бу кунларда буйракка шундоқ ҳам ортиқча юклама тушади. Иссиқ кунларда танамиздаги барча аъзолар меъёрий фаолият юритиши учун уйқудан олдин ёғли овқат ейишдан воз кечиш керак. Ёғли овқат ҳазм бўлиши натижасида танамиз ҳарорати кўтарилади ва теридан кўп суюқлик чиқади. Кун давомида 5 маротаба овқатланиб, имкон даражасида яшил ва оқ рангга эга барча ҳўл меваларни ҳамда ёғсиз таомларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Сувни овқат еб бўлгач, 30 дақиқа ўтгандан сўнг кам-кам миқдорда ичиш тавсия этилади. Иссиқ таомлардан кўра совуқ таомларни (окрошка, сабзавотли шўрваларни) ейиш керак.

Иссиқ кунда чўмилиш ҳавзаларида жуда совуқ сувга шўнғиб чўмилиш тавсия этилмайди. Негаки, совуқ сув томирлар торайишини келтириб чиқаради. Сувга шўнғишдан олдин бироз сояда туриш, танани совутиш керак. Бу кунларда совуқ душда чўмилиш ҳам тавсия этилмайди, негаки, сувда томирлар тораяди, кейин эса кескин кенгаяди. Яхшиси, иссиқ кунда илиқ душ қабул қилиш керак. Меъёридан зиёд жазирама, бу даврда қуёшнинг фаоллиги ошгани билан янада хавф­ли. Шу сабабли офтобда тобланишда барча эҳтиёт чораларини кўриш керак. Бу муолажани соат 12 дан 16 гача қилмаган маъқул. Офтобда тобланиш пайтида бошга албатта бош кийим кийиш лозим. Энг яхшиси соябон остида, кучли иссиқда эса хўлланган рўмолча билан бошни ўраб ётган маъқул.

Жазирама кунлари ультрабинафша нурланишнинг даражаси ошганини ҳисобга олиб, кўзга ҳимоя кўзойнакни тақиш зарур. Ўзингиз билан газланмаган минерал сув олинг. Иссиқ кунларда яланг оёқ юриб туриш фойдадан ҳоли эмас, чунки товонларда ички аъзолар фаолиятига таъсир этувчи фаол нуқталар мавжуд.

Жазирама кунларда спорт ва жисмоний машқлар билан кучли шуғулланиш мумкин эмас, чунки машқлар пайтида иссиқ алмашинуви 5 мартагача ошади, шу сабабли организмда сувсизлик келиб чиқиши мумкин. Югуриш ёки тренажёрда шуғуллангандан кўра иссиқ пайтда пляжда, сояда дам олган фойдали. Иссиқ кунларда синтетик ва танага ёпишиб турувчи кийим кийиш мумкин эмас. Пахта ва бўз матодан тикилган кийим-кечак, терини нафас олиши ва тер чиқариши учун енгил ва қулай. Сунъий, синтетик матолар терининг нафас олиш жараёнини қийинлаштиради. Шунингдек, жазирама иссиқда юз терисига крем ва упа ишлатишни чегаралаган маъқул, улар теридаги майда тешикларни беркитиб, тери нафас олишини қийинлаштиради. Ёзнинг жазирама иссиқ кунлари чекиш ва спирт­ли ичимликлардан воз кечиш учун энг қулай пайт ҳисобланади. Негаки, иссиқ кунларда алкоголли ичимликларни ичиш қатъий маън этилади, тамаки чекишнинг зарари эса чекувчи учун ҳам, атрофдагилар учун ҳам бир неча марта ошади.

Узоқ вақт айниқса, бош кийимсиз қуёш нурлари остида бўлиш тавсия қилинмайди. Мунтазам турли суюқликлар: сув, яхшиси газсиз минералли сув, кўк чой ва шарбатлар истеъмол этиш тавсия этилади. Улар совутилган (лекин жуда совуқ ёки музлатилган эмас!) ҳолда ичилса чан­қоқни яхши босади. Чойни иссиқ ҳолда ичиш мумкин. Алкогол, пиво, кофе чан­қоқ босиш учун ярамайди.

Бино ёки хонадаги ҳароратни назорат этиб турган вентилятор ёки кондиционерларнинг бевосита остида бўлиш нохуш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик керак.

Юрак-қон томир тизимида касалликлари бор беморлар шифокор тавсия этган дориларни ўз вақтида қабул қилиб юришлари лозим. Қон босими бор инсонлар доимо қон босимини назорат қилиб туришлари керак. Ҳамда қандли диабет билан оғриган беморлар ҳам ўз соғлиқларига бефарқ бўлмасликлари керак.

Ушбу оддий профилактик тадбирларни қўллаб,об-ҳавонинг энг жазирама кунларида ўзини яхши сезиб, ҳамда саломатлик ҳолатини ёмонлашишини олдини олиш мумкин.

Иссиқ ва қуёш уришининг сабаблари:

* атроф муҳитнинг юқори ҳарорати, жумладан ҳавонинг ниҳоятда дим бўлиши ва иссиқ кийим;

* организмга ҳолдан тойдирувчи жисмоний юклама;

* қуёш нурлариниинг организмга бевосита узоқ ва кучли таъсири қуёш уришига сабаб бўлади.

Қуёш уриши ёз фаслида рўй берадиган муаммо бўлса, иссиқ уриши ёпиқ хонада юқори ҳарорат ва паст намлик шароитида содир бўлиши мумкин.

Иссиқ ва қуёш уришларнинг белгилари:

* бош айланиши;

* бош оғриғи;

* юрак уришининг тезлашуви;

* кўнгил айниши;

* совуқ тер чиқиши;

* юз терисининг қизариши;

* кучсизланиш.

Иссиқ ва қуёш уришларига олиб келувчи омиллар:

* тана вазниниг хаддан ташқари катталиги;

* руҳий тарангликнинг юқори ҳолатда бўлиши;

* иссиқни тарқалишига тўсқинлик қилувчи: қалин кийим-кечак, шамоллатилмайдиган бино;

* юрак қон-томир ва эндокрин касалликлар;

* баъзи дори-дармонларни қабул қилиш;

* мастлик ҳолати;

* кашандалик.

 

ИССИҚ УРИШИНИ КЕЧИШИ

Одатда иссиқ уриши белгилари бирдан бошланади, лекин буни бошланишидан олдин мушаклар тортишиб оғриши кўринишидаги баъзи ёқимсиз симптомлар пайдо бўлади. Кейин инсоннинг пульси тезлашади, баъзан аритмик кўринишда бўлади, тери қопланмаси нотабиий қуруқ ва иссиқ бўлади, қон босими пасаяди ҳансираш пайдо бўлади. Оғир кўринишларда тана харорати 40 С ҳароратдан ошади ва асаб тизимининг зарарланиш белгилари намоён бўлади, кўз қорачиғи кичраяди, мушаклар тонуси бузилади, тиришишлар пайдо бўлади. Ихтиёрсиз сийдик ва ахлат чиқариш холлари пайдо бўлиши мумкин. Деярли кўп ҳолларда иссиқ уриши бурун қонаши, қайт қилиш, диарея ва анурия билан кечади.

 

ИССИҚ ЁКИ ҚУЁШ УРИШИДА БИРИНЧИ ЁРДАМ

Бундай пайтда энг асосийси касал одамни тезроқ совуқ жойга ўтказиш ва танани иложи борича тезроқ совушига ёрдам бериш керак. Имконият бўлса бошга муз қўйиш, қўлтиқ ва чов орасини спирт билан артиш керак. Шуни билиш керакки, одамни совутиш жараёнида руҳий қўзғалиш белгилари намоён бўлиши мумкин. Агар қуёш ёки иссиқ уриши кўчада содир бўлган бўлса, одамни тезда сояга ўтказиш керак. Кийимларни ечиб, терини совутиш ва уни шундай жойлаштириш керак: бунда оёқлари бошидан баланд бўлиши зарур. Агар бемор ҳушида бўлса, хона ҳароратидаги сувни секин хўплатиб ичириш керак.

 

ИССИҚЛИК ВА ҚУЁШ УРИШИ ПРОФИЛАКТИКАСИ

Сиз ёки сизнинг яқинларингиз иссиқ таъсирига чидамсиз бўлса, бунда иссиқ ҳароратга чиниқтириш машқларини ўтказиш керак. Кун тартиби ва сув ичиш режимини тўғри ташкил қилиш лозим.

Исиб кетиш ва сувсизланишни олдини олиш учун қўйидаги профилактика ишларини амалга ошириш керак:

Танага тўғри қуёш нурлари тушишини олдини олиш учун хоналарни соя қилиш, биноларга кондиционер ўрнатиш, стол усти, пол ва деворларга вентиляторлар ўрнатиш, танани совутиш учун душлардан фойдаланиш ва ҳоказо.

Иссиқлик уришининг олдини олишда организимнинг сувсизланишдан сақлаш керак, демак иссиқ шароитда зўриқтирувчи жисмоний ҳаракатдан қочиш, иложи борича кўпроқ суюқлик ичиш лозим. Бироқ бу суюқликлар алкоголли ичимликлар, аччиқ чой ва кофе бўлмаслиги керак. Сувни ҳам фақат ичмасдан, балки тананиям нам сочиқлар билан артиш лозим. Иссиқ кунда кўчага чиққанда енгил табиий очиқ рангли кийимларни кийиш, ҳамда бош кийимини унутмаслик керак.

Катта ёшдагилар ва болалар куннинг иссиқ вақтларида тоза ҳавода сайрдан воз кечганлари маъқул. Бундай пайтларда сув ҳавзаларида бўлиш умуман тавсия этилмайди. Қуёшли кунда очиқ жойда турган автомобилга ўтиришдан олдин ҳамма эшикларини очиб шамоллатиш керак. Иссиқ кунларда кўп суюқлик ичиш билан бирга иложи борича кўпроқ мева сабзавотлар ейиш мақсадга мувофиқдир.

Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти.