Қишнинг изғирин шабадали ва ёғинли кунларида шамоллаш ҳолати кўпчиликда юз бериши табиий ҳол. Чунки, одамнинг тана ҳароратига ташқи муҳитнинг совуқлиги салбий таъсир кўрсатади. Фақат шугина эмас, бу даврда грипп эпидемиясининг тарқалиши катта-кичикни озорлайди.

Шундай экан, ҳар бир киши шамоллаш оқибати қандайлиги-ю, гриппдан сақланиш йўллари тўғрисида зарур тушунчаларга эга бўлиши керак. Кузатишлар кўрсатадики, кузнинг сўнгги ойидан бошланадиган грипп қишда авжига чиқади.

Асли бу атама французча бўлиб, "чангаллаш" маъносини ифодалайди. Қўз­ғатувчилари А, В, С типларга ажратилади. Вируси таш­қи муҳитга унча чидамли эмасу, совуқ ҳавода яшовчандир. Гриппга ПЦР усулида бурун ва ҳалқумдан суртма олинади. Тана ҳарорати 38-40 даражага кўтарилганда, пневмония ҳолатида 24 соат ичида бу амалга оширилади. Тана ҳарорати тушганда суртма олинмайди. Демак, ҳар биримиз ҳароратимиз юқорилаб кетса, тезда шифохонага мурожаат этишимиз керак.

Афсуски, "Бироз тумовлабман", "Чучкуряпман, холос, ўтиб кетади" деб ўзига-ўзи таскин берадиганлар қаттиқ янглишишади. Бундайлар врачга учрашиш ўрнига, йўл-йўлакай дорихонага киришиб, лофли рекламасига ишонган таблетка, капсула ва порошокни сотиб олишади-да, ўзларича даволанишга тушиб кетишади. Қачонки, аҳволлари оғирлашсагина "тез ёрдам"чиларни чақиришади.

Билингки, энди грипп вируси уларнинг нафас йўллари ва ўпкаларини анча­йин эгаллаб турган бўлади. Уларга айтадиган гапларимиз шуки, албатта, вақт ўтиб тузаласиз ҳам. Лекин асорати қолса-чи. Унда нима қиласиз? Яна озор чекасиз, шамоллаш ҳолатингиз тез-тез такрорланиши, баъзи дардларингиз ўқтин-ўқтин қўзғаб, сурункали тусга кириб қолиши мумкинлигининг эҳтимоли туғилади. Демак, ўзингизни хом хаёлларингиз ўзингизга қимматга тушади. Соғлиғингизни бой берасиз.

"Тиббиёт энциклопедияси"да ёзилганидек: "Грипп кенг тарқалган ўткир юқумли касаллик. Яққол интоксикация кузатилади, нерв ва юрак-томир тизими фаолияти бузилади. Гриппни вируслар қўзғатади... Вируслар вақти-вақти билан антиген тузилишини ўзгартириб туради. Ўзбекистонда, асосан, А, айрим ҳолларда В тури учрайди. Гриппп вируслари жуда беқарор; хона шароитида бир неча соатдан сўнг юқиш эҳтимоли йўқолади, қуёш нури таъсирида тез нобуд бўлади. Паст ҳароратда, айниқса, ҳаво ҳарорати О даражадан қуйида бўлганда вирус узоқ сақланади. Шу сабабали грипп совуқ мавсумда кўпроқ кузатилади. Дезинфекцияловчи воситалар (хлорамин, хлорли оҳак эритмалари, формалин, кислота ва ишқорлар) таъсирида тез нобуд бўлади. Исириқ тутуни ҳам вирусини ўлдиради".

Грипп билан оғриган беморларга уй шароитида қуйидаги тадбирлар қўлланиши керак:

1. Беморни алоҳида хонага жойлаштириб, иссиқ тўшакка ётқизинг. Хонасини тез-тез шамоллатинг. Кунига уч маҳал исириқ тутатинг. Хона ҳарорати 20-22 даражадан пастлашига йўл қўйманг.

2. Беморга кўп миқдорда суюқликлар, яъни лимонли чой, наъматак дамламасини ичиринг. Мурчли суюқ, иссиқ овқатлар тайёрлаб беринг.

3. Врач келгунча антигриппин, ремантадин, афлубин дориларидан бирини ичириб туринг.

Халқ табобатида қўлланган усуллардан ҳам фойдаланинг. Яъни:

- пиёз ёки саримсоқ ширасини бурунга томизинг.

- мойчечак (ромашка) ва далачой (зверабой) билан томоғини ғарғара қилдиринг;

- беҳини асал билан духовкада пишириб едиринг;

- малинали чой, кўп миқдорда қайнатилган илиқ сув ичириб боринг.

Бироқ шамоллаган ёки грипп билан оғриган бемор ҳаммомда чўмилиши, ванна қабул қилиши мумкин эмас. Спиртли ичимликлар қатъий ман қилинади. Акс ҳолда беморнинг менингит, менинго-энцефалит касалликларига дучор бўлиш эҳтимоли кучли. Антибиотиклар қабул қилиш вирусдан қутулишга ёрдам бермайди.

Хуллас, шамоллаш ва гриппдан сақланиш зарур. Танингизда нотинчлик сезсангиз, дарров мутахассисга учраб, маслаҳатига қулоқ тутинг. Ўшанда кутилмаган "меҳмон"ни осонгина танангиздан кузатиб юборишга эришасиз.

Рустамжон АБДУЛЛАЕВ,

Наманган шаҳарДавлатобод туманидаги

1-туман шифохонаси врач-терапевти.