Куйиш (combustion) деб, термик, химик, электр  токи ёки нур энергияси таъсирида келиб чиқувчи шикастланишга айтилади. Ундан кўпинча оёқлар зарарланади, бош, қўллар ва тана соҳаларининг бошқа қисмларини куйиш нисбати тахминан бир хил.

 

            Куйиш чуқурлиги тўрт даражада аниқланади:

 

           1 - даражали – юзаки эпидермал куйиш;

 

           2 - даражали – тери қавати куйиш;

 

           3а - даражали – терининг сургичсимон қисмигача куйиш;

 

           3б - даражали сургичсимон кисмидан ҳам чуқургача,  яъни тери ости ёғ қавтигача 

 

           куйиш;

 

           4- даражали – теридан чуқурдаги тўқималар – пай, суяк, мушакларининг куйиши

 

           мавжуд.

 

                  Куйишда биринчи ёрдам қуйидаги бўлиши шарт:

 

-          жабрланган беморни оловдан озод этиш, устидаги ёнаётган кийимларини ўчириш ёки ечиб олиш;

 

-          куйган соҳани чегараланган куйиш жароҳатларида тоза совуқ сув оқимида оғриқлар тўхтагунича совитиш;

 

-          асептик ёки махсус боғлам қўйиш;

 

-          оғриқсизлантирувчи тадбирларни қўллаш.

 

 

 

Қуйидагилар ман этилади:

 

 

 

-          тиш пастасини сурташ;

 

-          картошкани қириб жароҳатга босиш;

 

-          жароҳатга ҳар хил ёғ сурташ;

 

-          жароҳатга туз босиш;

 

-          жароҳатга балчиқ сурташ.

 

 

 

             Куйган жароҳатларни даволаш бирламчи хирургик ишлов беришдан бошланади. Куйган жароҳат фурациллин суюқлигининг оқими билан ювилади, пуфакчалар асосида тешилади ва суюқлик чиқариб ташланади. Ажралган эпидермис қавати олиб ташланмайди, у биологик ҳимоя вазифасини бажаради.

 

             Куйган жароҳатга сувда эрийдиган мазли боғлам (левомиколь, мафенид) – фурациллин ёки 0,5 фоизли йодопиронли боғлам қўйилади.

 

            Оғриқ қолдирувчи дорилар инекция тариқасида юборилади: анальгин, баралгин, наркотик анальгетиклар.

 

            Беморни зудлик билан ихтисослаштирилган куйиш марказларига юбориш керак.

 

           Даволаш чоғида 1-даражали куйишларга 5 фоизли синтомицинли боғламлар   қўйилади.

 

         Юз соҳасидаги куйишлар “очиқ” йўл билан даволанади (Спрей пантаноль, олазоль).

 

        2-3а - даражада – майда пуфакчалар кўчирилмайди, катта пуфакчалар асосидан тешилади ва суюқлик чиқариб ташланади. Кейинчалик левомиколь малҳамлари повидон йод эритмаси билан боғлам қўйилади. Куйган юзада тезда қуруқ корка ҳосил бўлади.

 

       1- даражали куйишлар 5-7 кунда, 2 даражали куйишлар 2 ҳафтада, 3а - даражадаги куйишлар 3-4 ҳафта давомида тузалади. Қўл ва оёқлар куйиши “ёпиқ” усулда даволанади.

 

      Тананинг кенг қисмлари куйганда: юз, бадан “очиқ” усулда махсус аэротерапевтик ускуналарда даволаш ишлари олиб борилади.

 

      3б - 4 - даражадаги чуқур куйишларда некрэктомия бажарилади. Некрэктомия химиявий ёки механик йўл билан амалга оширилади.

 

       Некрэктомиядан кейинги ҳосил бўлган грануляцион тўқимани тери аутотрансплантанти билан ёпилади.

 

        Тери қаватини кўчириб ўтиш операцияси аутодермопластика деб аталади. Тери 2 мм қалинликда соғ соҳаларидан: сон, елка, қорин олд девори, белдан махсус ускуна – “Дерматом” ёрдамида олинади. Сўнгра олинган терини махсус ускуна “Перфоратор” ёрдамида тешилади ва грануляциялашаган жароҳатга ўтказилади.

 

                           Куйишдан хунук асоратлар рўй бериши мумкин:

 

       Бўғимлар соҳасида контрактуралар, келлоид чандиқлар, трофик яралар ҳосил бўлиши кузатилади.

 

       4-даражада кўмирланиш натижасида беморлар ногирон бўлиб қолишади.

 

       Куйиш касаллиги ривожланганда беморларни интесив ёки реанимация бўлимида даволаш бошланади. Шок даврида даволаш учун адекват оғриқсизлантириш учун: наркотик ва нонаркотик анальгетиклар, антигистамин дори воситалари юборилади, инфузион-трансфузион даво, каллоидли, тузли эритмалар, плазматрансфузия, оқсил препаратлари қўлланилади. Инфузиондезинтоксикацион даво артериал босим назорати, марказий вена босими назорати остида олиб борилади. Биринчи икки кунда тана оғирлигининг ҳар бир килограммига 3 мл тўғри келадиган ва куйган майдон ҳажмига кўпайтирилган инфузион даволаш олиб борилади. Инфузион терапия тана оғирлигининг 10 фоизидан ошмаслиги керак, масалан, бемор оғирлиги 70 кг бўлса, кун давомидаги инфузион суюқлик миқдори 7 литрдан ошмаслиги лозим. қон. Қон ўрнини босувчи суюқликлар, оқсил препаратлари, аминокислоталар аралашмаси, антибиотиклар, витаминлар ўта оғир токсемия босқичида эксрокорпорал детоксикация усули плазмофарез сеанслари ўтказилади.

 

        Махаллий даволаш учун ўз вақтида бажарилган некрэктомия ва тери қайта ўтказиш операциялари бажарилади.

 

                 Реконвалесценция босқичида даволаш қуйидагича:

 

-          Дори –дармон билан даволашни камайтириб, тери ўтказиш бажарилади;

 

-          Қон ўрнини босувчи воситаларни қуйиш давом эттирилади;

 

-          Даволовчи физкультура;

 

-          Реабилитация чоралари кўрилади.

 

 

 

                                                                                       

 

                                                                                        Ҳасанбой ТОЖИБОЕВ.

 

                                                                            РШТЁИМ НФ комбустиология

 

                                                                           бўлими мудири, олий тоифали врач.