Юртимизда ўз тўкин дастурхонини ёзиб сахий ёз ҳукмронлик қилмоқда. Бугун қайси бир томорқа, боғ, полиз ораламанг, пишиқчиликнинг устидан чиқасиз. Бозорларимиз пештахталарини таърифлашга сўз ожиз. Она заминимизда битадиган мева, полиз, сабзавот маҳсулотлари рангин жилоси, ширин-шакарлиги, мўлу кўллиги билан кўзларни қувнатади.

Агар фарзандларнигиз ёнингизда бўлса, шошиб донасини оғзига солиб олади. Ҳатто баъзи катталар ҳам нафсининг гапига кириб, ювиб ейиш хаёлидан кўтарилиб, мазасини татиб кўрадилар. Ана шу пайтда уларни ўткир юқумли ичак касалликлари, унинг юқуш ҳоллари ҳақида маълумотга эга эмасликларини тушуниб етасиз. Уларга "Бозор ахбороти" пешлавҳаси остида берилган мутахассис маслаҳатини ўқиб, уқиб олишларини айтасиз, тарғибот ишини ҳам олиб борасиз. Аммо баъзида кеч бўлгани яққол сезилади...

Шунда ҳақли саволлар туғилади. Харидор, яъни бу фуқаро нега касалликка чалинди? Ўткир юқумли касаллик нима? Унга чалинмаслик учун нималарга аҳамият бериш керак?

Касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни ташқи муҳитда сақланиши, кўпайишига ва тарқалиши учун омил ва шароитлар етарли бўлгани учун аҳоли ўртасида, айниқса, касалликка мойил инсонларда турли юқумли касалликларга учраш ҳолати тез-тез кузатилади.

Ўткир юқумли ичак касалликларини турли микроорганизмлар келтириб чиқаради. Улар илиқ-иссиқ шароитларда, яъни кеч баҳор, ёз, куз фаслларида тез кўпаяди.

Касаллик аломатлари инсонларда қуйидаги ҳолатларда кўзга ташланади: умумий ҳолсизлик, қорин соҳасида оғриқ бўлиши, иштаҳасизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, тананинг сувсизланиши, талвасаланиш.

Агар оилангизда ёки иш жо­йингизда кимдадир шундай ҳолат кузатиладиган бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.

Қуйидаги қоидаларга амал қилиш жуда муҳимдир: сувни қайнатилган ҳолда ичиш, айниқса қўлларни овқатдан олдин ва ҳожатдан кейин совунлаб ювиш, уйда, жамоат жойларда шахсий ва умумий гигиена қоидаларига риоя этиш, барча турдаги ҳўл мевалар ва полиз маҳсулотларини истеъмолдан олдин яхшилаб ювиш, сифати кафолатланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатлар ҳамда ҳар хил турдаги салатларни тановвул қилмаслик, сув ҳавзаларида чўмилганда сувларни тозалигига ва чўмилиш жараёнида сув ютмасликка эътибор бериш, совутгичларни тоза тутиш, ҳўл мевалар ҳамда полиз маҳсулотларини истеъмол қилинганидан сўнг қайнатилмаган сув ичмаслик, кундалик турмушни тўғри режалаштириш, жисмонан фаол бўлиш, ёш болаларни кўкрак сути билан боқиш, 6 ойдан кейин бериладиган қўшимча овқатларни тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларини эсда тутиш, улар учун овқатларни бир марта овқатлантиришга етадиган миқдорда тайёрлаш, шу мақсадда ишлатиладиган полиэтилен ва шиша идишларни ювилиши ҳамда қайнатилишини таъминлаш, болаларда ёшлигидан сўрғичдан фойдаланишни таъқиқлаш, пашшалар кўпайиши ва тар­қалишига қарши кураш тадбирларини ташкил этиш зарур.

Шоҳистахон АБДУЛЛАЕВА,

Наманган вилоят СЭО ва ЖСБ Эпидемиология

бўлими мудири.