Сув халқимизда энг бебаҳо неъмат сифатида қадрланади, чунки сув ҳаёт манбаидир. Ҳеч қайси мавжудот сувсиз яшай олмайди. Шу боис ота-боболаримиз сувни асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланишга катта эътибор беришган. Зеро, инсоният ҳаёти сув ва сув манбалари, аввало, чучук сувдан тежамкорлик асосида фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишни тақозо этади. Лекин сўнгги пайтларда очиқ сув ҳавзаларига ташкилот ва корхоналар томонидан ноқонуний равишда оқава сувларни ташлаб, ифлослантириш ҳоллари учраб турибди.

Сувнинг ифлосланиши сув орқали юқадиган касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлади. Иссиқ кунларда кўпчилик, айниқса болалар очиқ сув ҳавзаларида чўмилганда ифлосланган сувни ютиб юбориши ҳам турли юқумли ошқозон-ичак касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертлари дунёдаги барча касалликларнинг 80 фоизи ифлосланган сув орқали юқишини аниқладилар. Сувнинг касаллик тарқатувчи микроорганизмлар билан зарарланиши қорин тифи, дизентерия, вабо, вирусли гепатитнинг А тури каби бир қатор юқумли касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўткир ичак инфекциялари - патоген энтеробактериялар, шартли патоген қўзғатувчилар ва вируслар чақирадиган, ошқозон-ичак трактининг зарарланиши, интоксикация, дегидратация (сувсизланиш) ҳамда турли асоратлар билан кечадиган касалликлардир.

Қуйида сув орқали юқадиган касалликлар, унинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Қорин тифи юқумли ичак касаллиги бўлиб, уни тиф таёқчаси қўзғатади. Юқиш омилларига сув, озиқ-овқатлар, ифлосланган қўллар, маиший чиқиндилар, ҳашаротлар (пашша)ни киритиш мумкин. Ушбу омиллардан энг асосийси сув ҳисобланади. Касалликни сув орқали тарқалиши асосан очиқ марказлаштирилмаган ва марказлаштирилган сув тармоқларини бактериал ифлосланиши билан боғлиқ.

Касаллик белгилари

Беморда тана ҳарорати кўтарилиши (38-40С), ҳолсизлик, уйқу бузилиши, бош оғриғи, интоксикация (кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши), оғиз қуриши, чанқаш, иштаҳа пасайиши, қорин дам бўлиши, терига тошмалар тошиши, ичакда қулдираш ва оғриқ, ичакдан қон кетиши каби белгилар кузатилади. Касаллик - ичакда яралар пайдо қилиб, қон кетиш каби асоратларни юзага келтириши билан хавфли. Унутмаслик керак, ичакдаги яралар касалликнинг энг енгил турларида ҳам кузатилади. Шунинг учун, ичакдан қон кетиши ва ичак деворлари тешилиши каби асоратларни юзага келиш хавфи доимо сақланиб қолади.

Касалликнинг дастлабки белгилари кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.

Шу ўринда профилактик тадбирларга тўхталиб ўтсак:

- аҳолини сифатли кафолатланган сув билан таъминлаш;

- фақат қайнатилган ва сифати кафолатланган сув ичиш;

- мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар, дам олиш жойлари, умумий овқатланиш объектларида санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш учун барча шароитларни яратиш;

- овқатланишдан олдин ва ҳожатдан ке­йин қўлни совунлаб ювиш;

- таомларни тайёрлаш ва сақлаш жараёнларида санитария-гигиена қоидаларга риоя қилиш;

- ичак инфекцияларини ташувчи пашшаларга қарши курашиш;

- фақат рухсат этилган сув ҳавзаларида чўмилиш.

Шу ўринда касалликларнинг олдини олишда белгиланган қоидаларга амал қилиш муҳимлигини эслатиб ўтамиз. Албатта бу орқали саломатлигингизни муҳофаза қилган бўласиз.

Иброҳим АКРАМОВ,

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси

Наманган вилояти ҳудудий бўлими

Пуллик хизматларни ташкил этиш бўлими мудири.