Фарзандларнинг соғлом бўлишини барча истайди. Аммо ўсаётган организмга биринчи навбатда нима кераклигини барча билиши шарт бўлган бир неча қоидалар мавжуд. Мутахассисларнинг фикрича, бола ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғайиши учун биринчи галда унинг тўғри овқатланиши муҳим аҳамиятга эга.

Мактаб ёшидаги болалар учун соғлом овқатланиш тарзи нималарни ўз ичига олади? Бунда қандай қоидаларга амал қилиш зарур?

Энг аввало, мактаб ёшидаги бола организми учун сабзавотлар таркибидаги клетчатка, мевалар таркибида мавжуд витаминлар ва макроэлементлар, гўшт маҳсулотларидаги оқсил, балиқда жуда мўл бўлган фосфор, сут маҳсулотларида мавжуд кальций жуда зарур ҳисобланади. Ўқувчининг рациони бир меъёрга келтирилган ва зарур миқдордаги оқсил, ёғлар, углеводлар, витаминлар ва аминокислоталарни ўз ичига олиши зарур.

Нонуштага иссиқ таомлардан бўтқалар тавсия этилади. Шунингдек, сабзавотли ва мевали салатлар, сариёғ, иссиқ чой ва шарбатлар, наъматак, компот бўлиши лозим.

Тушликда биринчи таомга ҳаёт учун зарур ҳисобланган суюқ шўрвалар (товуқ ва турли бош­қа хил гўштли) тавсия қилинади. Иккинчи овқатга эса иссиқ қуюқ овқатлар (гуручли, мошли, нўхат, ловияли ва сабзавотли овқатлар) тавсия этилади. Таомномага қўшимча равишда мевалар қўшилади.

Кечки овқатга асосан енгил таомлар тавсия этилади. Улар меъдага ортиқча юклама бўлмаслиги керак.

Ёш болаларнинг овқат ҳазм қилиш тизими ўзига хос бўлганлиги учун улар ёғли, қовурилган, аччиқ ва нордон овқатларни ейишдан чекланишлари керак. Мактаб ўқувчилари таомномасинининг асосини табиий маҳсулотлар (сабзавотлар, мева ва кўкатлар) ҳамда қайнатилган ва димланган таомлар ташкил этиши лозим. Ширин ичимликлар, пишириқлар, ун маҳсулотлари, шоколад каби егуликлар минимал миқдорда истеъмол қилиниши зарур.

Агар фарзандларимиз соғлиғини асрашни истасак, уларни тез тайёр бўладиган егуликлар - гамбургер, хот-дог, шунингдек, турли хил рангли ва газланган ширин сувлар, қотирилган нон ва чипс, таркибида кимёвий ва ранг берувчи қўшимчалар мавжуд маҳсулотларни тановул қилишига рухсат бермаслик даркор.

Боланинг соғлом овқатланиш тарзини қандай ташкил қилиш лозим?

Ҳар куни мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш зарур. Улар қирғичдан чиқарилган ҳолда, шарбат кўринишида ва албатта бутунлигича истеъмол қилиниши мумкин.

Туз ва шакар, газли ичимликларни минимум даражагача чеклаш шарт.

Ушбу маҳсулотлар организмдаги сув ва туз меъёрининг бузилиши, овқат ҳазм қилиш ҳамда иммун тизимини ишдан чиқиши, шунингдек, семириб кетиш каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Таомларни тайёрлаш усули - буғда тайёрлаш, димлаб ва қайнатиб пишириш.

Шунингдек, болаларнинг рационига қуруқ меваларни ҳам киритиш айни муддао ҳисобланади.

Саида ТУРДИЕВА,

Учқўрғон туманидаги 26-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.