Халқимизнинг "Ўзини асраганни оллоҳ асрайди" нақли бекорга айтилмаган. ОИТС инсонлар орасида мавжуд экан, ундан қўрқиш эмас, энг аввало ўзини асраш, ҳимояланиш ва касалликнинг олдини олишни билиш лозим.

ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг иммун тизимини мустаҳкамлаш учун етарли микдорда дори-дармонлар ва антиретровирус препаратлари заҳираси мавжуд.

Ушбу касалликнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири 2013 йил 23 сентябрда тасдиқланди. Қонунни ижросини таъминлаш мақсадида соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли буйруқлар ишлаб чиқилган.

Ҳозирги вақтда чет элга бориб ишлаб келган меҳнат мигрантларини даволаш муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган. Тиббий кўрик вақтида меҳнат мигрантларидан ОИВ, таносил ва бошқа касалликларга қон намунаси олиб текширилмоқда ҳамда текшириш натижасида юқорида кўрсатилган касалликлар ҳам аниқланмокда, ўзи билмаган ҳолатда ушбу касалликларни турмуш ўртоғига юқтириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Агар меҳнат мигрантлари ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтса, ўзини ва оила-аъзоларини ОИВ деган юқумли касалликдан асраган бўлади.

Ҳозирги кунда долзарб муаммолардан бири аҳоли ўртасида ОИВҒОИТС ҳақида тушунча аҳолини ҳар бир кишига етиб боришидадир. Бу борада яхши маълумотга эга бўлинса, ҳар бир инсон ўзини ўзи бу офатдан сақлай билади.

ОИВ инфекцияси қуйидаги йўллар билан юқади:

1. Жинсий йўл - ҳимоясиз пала-партиш жинсий алоқа қилганда.

2. Қон орқали, яъни вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари, яхши стерилланмаган тиббиёт асбоблари, соқол олувчи, таутировка ва косметик асбоблардан, айниқса битта шприц орқали бир неча киши гиёҳванд моддаларни қабул қилганда юқиши мумкин.

3. Онадан болага - ОИВ касаллиги ОИТС билан оғриган онадан болага ҳомила орқали, туғиш жараёнида ва эмизганда сут орқали ўтиши мумкин.

ОИВ инфекцияси қайси ҳолларда юқмайди?

Касаллик умумий идиш-товоқдан фойдаланганда, қўл бериб қучоқлашиб кўришганда, йўталганда ва аксирганда, умумий хожатхонадан фойдаланганда, бирга чўмилганда, ички ва сиртқи кийимлардан фойдаланганда, хашаротлар чаққанида юқмайди.

ОИВ касаллигида ОИТСга хос айрим белгилар бор, бу лимфа тугунларнинг катталашуви, бир ойдан ортиқ сабабсиз иситмалаш, сабабсиз тана вазнининг камайиб кетиши, юқори нафас йўллари касалликларининг тез-тез қайталаниши, терининг ҳар-хил тошмали касалликлари ва бошқалар. Агар ўзингизда ва бошка яқинларингизда ушбу белгилар пайдо бўлса, кўнг­лингиз тўқ бўлиши учун ҳам яшаш жойидаги шифокорга мурожаат қилиб керакли маслаҳат олиб, ўзингиз хоҳлаган тиббиёт муассасасида ОИВ касаллигига бепул текширтиришингиз мумкин.

Ҳозирги вақтда ОИВ касаллигини даволайдиган махсус дори-дармон афсуски йўқ. Ишлаб чиқарилаётган ретровирусларга қарши дори-дармонлар ОИВ вирусини кўпайишини олдини олиб, бемор умрини узайтиради, холос.

Шунинг учун ҳар бир одам оилада, жамиятда соғлом турмуш тарзини ўтказиши, аҳлоқан ва маънавий пок бўлиши, гиёҳвандлик, майпарастлик, фоҳишабозлик ва бошқа иллатлардан йироқ бўлса ўзи, оиласи, жамиятни ОИВ касаллиги ва бошқа юқумли касалликлардан асраган бўлади

Турсуной ЮЛДАШЕВА,

Муқаддасхон АБДУРАҲМОНОВА,

вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази

мутахассислари.