Қизамиқ касаллиги четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида кенг тарқалишининг олдини олиш учун  5 - 25 октябрь кунлари 6 ойликдан - 5 ёшгача бўлган болаларда қизамиққа қарши оммавий эмлаш кунлари ўтказилмоқда.

Юқоридаги болаларни хавфсиз эмлаш учун Республика СЭОАнинг вакцина сақлаш миллий омборхонасидан "совуқлик занжири" қоидаларига амал қилган ҳолда 233968 доза қизамиқ вакцинаси олиб келинган ва маъмурий ҳудудларга етказилган.

Оммавий эмлаш кунларини сифатли ўтказиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш лозим:

- ҳар бир эмлаш пунктида ҳар куни эмланадиган болалар сонини 10 нафардан 30 нафаргача бўлишини таъминлашга;

- эмланадиган болаларни тўлиқ педиатр кўригидан ўтказиб, кейин эмлашга рухсат беришга;

- эмлашга келганларни бир жойда кўплаб, навбат кутишларига чек қўйишга;

- эмлаш ва эмлашга олиб келиш жараёнида тиббиёт ходимлари ва ота-оналар томонидан барча карантин қоидаларига амал қилинишига;

- барча эмланганларни рўйхати, олган вакцина серия, дозаларини вақтида белгилаб боришга;

- узоқ ҳудудлардаги аҳолига қулай бўлиши учун ҚОП филиалларида ҳам вақтинчалик эмлаш пунктларини ташкил қилиб, ҳаракатдаги бригада-врач, вакцинатор ва дублёрдан иборат гуруҳни тузиб, автотранспорт билан таьминлашга;

- эмлаш пунктларини эмлаш воситалари ва шокка қарши дори-дармонлар билан олдиндан таъминлаб қўйишга;

- ҳар кун якунида олиб борилган эмлашлар тадбирлари тўғрисидаги маълумотни ёзма равишда юқори ташкилотларга тақдим этиб боришга.

Шу кунларда ота-оналардан кўплаб саволлар тушяпти. Биз уларга тегишли жавоблар беришни мақсадга мувофиқ деб билдик.

- "COVID-19" пандемияси пайтида болаларни эмлаш хавфсизми?

- Эмлаш тақвимига мувофиқ барча эмлашларни олишингиз керак. Аммо, эмлаш учун тиббий муассасага ташриф буюрганингизда зарур эҳтиёт чораларини кўришингиз лозим.

- Нима учун "COVID-19" пандемияси пайтида эмлаш айниқса муҳим?

- Ҳар қандай, ҳатто мунтазам эмлашга қисқа муддатли танаффуслар аҳолини ва айниқса болаларни ҳимоя қиладиган юқумли кассалликларнинг тарқалиш хавфи остида бўлишга олиб келади.

Бундай асоратлар нафақат касалликларга, балки ўлимга ҳам олиб бориши мумкин.

2018-2019 йилларда Европада ота-оналар қизамиққа қарши болаларини эмлатишдан бош тортгани сабабли эмлаш кўрсаткичи пасайиб, аҳоли ўртасида қизамиқ касаллигининг ортиб кетиши рўй берди.

Сир эмаски, 2019 йилда республикамизнинг барча вилоятларида қизамиқ касаллигига қарши эмланмаган болалар ва катталар ўртасида ушбу касаллик эпидемия шаклида тарқалди.

- Менинг болам "COVID-19" пандемияси пайтида эмланиши керакми?

- Ҳа, фарзандингиз барча режали ва эпидемиологик кўрсатма бўйича эмлашларни ўз вақтида олиши жуда муҳимдир. Бу ҳозир ва келажакда уни кўплаб хавфли касалликлардан ҳимоя қилади.

Агар сизнинг ҳудудингизда "Covid-19" инфекцияси карантини туфайли вакцинация вақтинча тўхтатилган бўлса, келажакда болангиз ўтказиб юборган барча дозаларни олишини таъминлашингиз лозим.

- Агар боламда йўтал ёки иситма бўлса, (ва "COVID-19" га тест ўтказилмаган бўлса) режали ёки эпидемиологик кўрсатмага кўра эмлашларни олиши мумкинми?

- Агар фарзандингиз ўзини яхши ҳис қилмаса, уни тиббий муассасага олиб боришдан олдин шифокорингизга хабар беринг. Шифокорингиз эмлаш ўтказиш кераклиги ёки эмлашни кечиктириш лозимлиги бўйича маслаҳат беради.

Шерзод ЛАТИБЖАНОВ,

вилоят СЭОАнинг эмлаш масалалари бўйича мутахассиси.