Зотилжам, пневмония - ўпка яллиғланиши, ўпкага инфекция ўтиришидир. У баъзида бошқа касалликларнинг асорати бўлиши ҳам мумкин. Турли бактериялар, яъни пневмакокк, стрептококк, стафилакокклар ва вируслар қўзғатувчи ҳисобланади. Касалликнинг юзага келиши ва ривожланишига одамнинг қаттиқ совуқ қотиши, жисмоний ва руҳий жиҳатидан ўта толиқиши, организмнинг ички заҳарланиши - интоксикация ҳамда тананинг касалликка қарши курашиш қобилиятини сусайтирувчи бошқа омиллар асосий роль ўйнайди. Оқибатда юқори нафас йўлларида, ўпкада микроблар ўткир ва сурункали пневмония ва ўчоқли бронхопневмонияни келтириб чиқаради.

Крупоз пневмонияни пневмакокклар қўзғатади. Микроблардан ташқари организмни касалликка мойил қилиб қўювчи баъзи омиллар (масалан шамоллаш) ҳам таъсир этгандагина зотилжам пайдо бўлади. Шу боис крупоз пневмония қишда кўпроқ учрайди. Бундай пневмония одатда, тўсатдан бошланади: ҳарорат бирдан 39,5 - 40 даражагача кўтарилади. Бемор қаттиқ қалтирайди, тез-тез йўталади. Биқини, кўкраги оғрийди. Нафас олганда, йўталганда ва акса урганида оғриқ санчиқ кучаяди. Сабаби шуки, ўпканинг яллиғланган бўлагини қоплаган плевра ҳам яллиғланиб қолади.

Бемор тез-тез, юзаки нафас олади (ҳансирайди), лунжи қизаради. Лаби, бурун катакларининг атрофини учуқ қоплайди. Яна ўткир юрак-томир етишмовчилиги рўй беради. Оқибатда беморнинг аҳволи анча оғирлашади. Ҳатто ўлимга олиб бориши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Зотилжам гўдакларда, айниқса, нимжон, чала туғилган, рахит, анемия, гипотрофия билан оғриган болаларда жуда оғир кечиши мумкин. Агар ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, кўпинча, нохуш ҳолатлар рўй беради.

Сульфаниламид препаратлари ва антибиотиклар кашф этилгунча зотилжам болалар ва кексаларда оғир ўтиб, кўпинча ўлимга олиб келар эди. Эндиликда эса бу ҳол барҳам топди. Замонавий даволаш усуллари қўлланила бошлагач, касаллик узоққа чўзилмай, бемор осон тузаладиган бўлди. Зотилжамдан вафот этиш деярли шифокорга кеч мурожаат қилиш, ўз вақтида тўғри даволанмаслик оқибати ҳисобланади.

Касаллик зўрайиб кетган бўлса, бемор касалхонада даволанади. Уни тиббий талаблар асосида парвариш қилишнинг, шунингдек, антибиотиклардан тўғри фойдаланишнинг аҳамияти катта. Салқин, тоза ҳаво, уйқуни ва нафас олишни яхшилайди. Шунинг учун бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб туриш керак. Ичимликдан - чой, мева суви ҳамда овқатдан - шўрва, илитилган тухум, ширгуруч, сут, сариёғ, қатиқ, кефир ва кисел тавсия этилади.

Бемор терлаганда қуруқ сочиқ, арақ ёки тенг баравар сув қўшилган одекалон билан артилса яхши наф кўрсатади. Ичи юришига, сийдиги келишига қараб туриш зарур. Юрак-томир тизими яхши ишламаганда унинг фаолиятини кучайтирувчи дорилар буюрилади, кислороддан нафас олдирилади. Орқага горчичник қўйилади, юрак - томир фаолиятини яхшиловчи (масалан, корглюкон, строфантин) ва балғам кўчирувчи дорилар буюрилади. Ҳарсиллаш пайдо бўлса, беморнинг бошини баландроқ қилиб ётқизиб қўйиш керак. Қатъий гигиеник тартибга риоя қилиш шарт. Очиқ ҳавода сайр этиши, даво гимнастикаси билан шуғулланиши лозим.

Аслида касалликни даволагандан кўра олдини олиш муҳимроқдир. Асосий эътиборни организмнинг умумий ҳолатини яхшилашга, чиниқтиришга, бадантарбияга қаратиш мақсадга мувофиқ. Ёмон одатлардан чекиш ва спиртли ичимликлар ичишни тарк этиш - инфекция манбаларини йўқотишга ва турмуш шароитини яхшилашга олиб боришини ҳамиша ёдда тутишимиз керак.

Ҳозирги даврда долзарб муаммога айланган коронавирус сабабли келиб чиқаётган зотилжам ҳам учрамоқда. "Covid-19" номи билан аталаётган янги вируснинг хусусиятлари дунёнинг кўпгина лабораторияларида ўрганилмоқда ва синчиклаб тадқиқ қилинмоқда. Ўйлаймизки, яқин орада унга қарши даво топилади. Инсоният коронавирус пандемиясини ҳам албатта даф этишга қодир. Бунинг учун халқаро ҳамжиҳатлик, тиббиёт мутахассисларининг ҳамкорлиги катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Соғлом турмуш тарзи - саломатлик гарови. Шундай экан, ҳар биримизнинг шамоллашдан, пневмониядан сақланишимиз кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ.

Нодирбек ЭРГАШЕВ,

"Мусаффо шифо"

хусусий тиббий муассасаси раҳбари,

1-тоифали врач-терапевт.