Наманган вилояти перинатал маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди Иродахон Муҳиддинова тавсиялари:

Ҳомиладорлик даврида тўғри овқатланиш ҳомиладорлик жараёнининг меъёрда кечиши, ҳомиланинг тўғри ўсиши ва ривожланиши учун аҳамиятлидир. Онанинг ҳомиладорликдан олдинги ва ҳомиладорлик пайтидаги озуқавий танловлари боланинг саломатлик даражасини ва бола ул­ғайганда турли касалликларга мойиллик даражасини ёмон омилларга олиб келишини пасайтиради.

Қуйидаги маслаҳатлар сизга бу даврда анча ёрдам бериши мумкин.

Ҳомиладорлик даврида жуда кўп овқат ейиш нафақат аёл учун, ҳомила учун ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу туфайли оз-оздан, тез-тез ва керакли витаминларга бой бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш муҳимдир.

Соғлом турмуш тарзининг асосий омилларидан етакчиси - тўғри овқатланишдир. Ирсий касалликлардан ташқари, мавжуд касалликларнинг деярли барчасининг сабаби кишини ҳайратга соладиган даражада бир хил бўлиб, бу нотўғри турмуш тарзи ва нотўғри овқатланишдир.

Ҳомиладорлик даврида спирт­ли ичимликлар, тамаки, аччиқ таомлар ва кофеини бор маҳсулотлардан воз кечиш лозим.

Бу даврда истеъмол қилинадиган таомлар оқсилларга бой бўлиши лозим. Гўшт, балиқ ва денгиз маҳсулотлари, С витаминга бой мева-сабзавотлар, дуккакли маҳсулотлар, сут маҳсулотларидан имконият борича ҳар куни оз-оздан истеъмол қилиш керак.

Ҳомиладорлик даврида суюқликни кўп ичиш керак. Суюқлик аёлнинг ўзини яхши ҳис этишига, ҳомиланинг меъёрда ривожланиши ва ўсишига фойдали бўлиб, кунига 2,5-3 литрдан, ёз кунлари 4,5-5 литргача ичиш тавсия этилади.

Ҳомиладорликда уйқуга кетишдан олдин кўп овқат еб олмаслиги лозим. Чунки, ошқозон тўла бўлса ухлаш вақтида ҳомиладор аёлга қийинчиликлар келтиради ва бачадон катталашган сари жигар оғриши, жиғилдон қайнаши, уйқусизлик каби ҳолатлар кузатилиши мумкин.

Аччиқ ва шўр маҳсулотларни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилган маъқул. Чунки тузланган маҳсулотлар, дудланган балиқ ёки ҳар хил соуслар ҳомиладор аёл буйраги ва сийдик йўлларини инфекциясини қўзғатишга омил бўлади.

Тоза ҳавода сайр қилиш, бош ва елка тагига ёстиқ қўйиб кўтариб ётиш фойда беради.

Одатдаги ишлар билан шуғулланиш фойдали, фикрни чалғитиш учун ҳар куни уйда ёки бош­қа жойда ҳам иш билан машғул бўлиш зарур.

Ҳомиладорлик гигиенаси: ҳомиладорликда аёл ўзининг шахсий милклар учун зарар етмайдиган тиш чўткаси ҳамда меъдага тегмайдиган тиш пастасига эга бўлиши маъқул ва шу билан бир қаторда стоматолог кўригидан ҳомиладорликни 1- давридан бошлаб бириктирилган поликлиника ва қишлоқ оила поликлиникаларидан тиббий қатновларга мунтазам равишда бориш тавсия этилади.

Ҳомиладор аёл организми учун гигиена қоидаларига риоя қилиниши, оилавий муҳитни яхши ташкил этилиши, ҳомиладор аёлни ҳомиладорлиги енгил кечади. Лекин гигиена қоидалари бузилганда ҳамда писихик физологик ўзгаришларга олиб келади.

Яхши озиқланмаган оналардан туғилган кам вазнли чақалоқларда кейинчалик юрак касалликлари ва диабет II ривожланиши эҳтимоли юқорироқ бўлиши мумкин. Бўлажак она ҳомиладорликдан олдин ва ҳомиладорлик давомида кўп миқдорда шакар, рафинадланган углеводлар (оқ нон, оқ ун, ширин пишириқлар) ва транс ёғлар (маргарин, қовурилган маҳсулотлар) истеъмол қилиши болада кейинчалик диабет, семизлик ва шу каби саломатлик муаммолари пайдо бўлиш эҳтимолини ниҳоятда оширади.

Бўлажак она рационида шакар ва айниқса ширин газли ичимликлар кўп бўлса, бу болада хотиранинг яхши бўлмаслигига ва ўзлаштириш қобилиятининг пастроқ бўлишига олиб келади. Ҳомиладорликда мунтазам равишда ёғли балиқ ва етарли миқдорда холин моддасини истеъмол қилиш болада зукколикни оширади. Хулоса қилиб айтганда, ҳомиладорликдан олдин, ҳомиладорлик пайтида ва ҳомиладорликдан кейин (эмизиш даврида) тўғри овқатланиш жуда-жуда ҳам муҳим!

Бундай қилиш билан келажак авлод саломатлиги учун мустаҳкам пойдевор яратилади.