26 ИЮНЬ – БУТУНЖАҲОН ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ

 

Соғлик – туман бойлик. Уни асраш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Лекин ҳамиша бу неъматнинг қадрига етилавермайди. Баъзи ёшларимиз билиб-билмай тамаки чекиш ва бошқа зарарли одатларга ружу қўядилар. Бу хатарли йўл уларни гиёҳвандликка, яъни кучли наркотик моддалар истеъмол қилишга олиб келади.

"Наркомания" – юнонча сўз бўлиб, "нарко"-карахтлик, "мания" - хоҳиш, интилиш маъносини билдиради. Инсоният тарихида биринчи маротаба психофаол таъсирга эга бўлган кўкнори ўсимлигидан Ироқда фойдаланилган. Европада фолбинлар гиёҳванд моддалардан турли доривор воситалар тайёрлаб, инсонлар онгига таъсир этганлар.

Гиёҳванд моддаларнинг қуйи­даги турлари мавжуд: канопнинг турли навлари, опиум - афюн наркотиклари, психостимуляторлар, тинчлантирувчи ва ухлатувчи дори воситалари ва галлюцеиногенлар.

Касаллик бир неча босқичда ўтади ва бу моддага ўрганиб қолиш натижасида наркоманик синдром пайдо бўлади.

Биринчи босқич - гиёҳванд моддага руҳий мойиллик пайдо бўлишидир. Эйфория, яъни гиёҳванд моддани қабул қилиш доимий характерга айланиши, наркотикка қарши ҳимоя реакцияси пасайиши, аста секин руҳий қарамлик - мойиллик пайдо бўлиши билан ажралиб туради. Наркотик модда бош миянинг барча бўлимларига таъсир кўрсатади ва бемор қайта-қайта ўта ёқимли ҳиссиётларга берилишни ҳоҳлайди. Охир оқибат доимий равишда наркотик истеъмол қила бошлайди.

Иккинчи босқич – абстиненция, хумор синдромининг пайдо бўлишидир. Наркотик моддага бўлган чидамлилик юқори даражага етади, енгиб бўлмас даражадаги хирс қўйиш, наркотиклар таъсирининг ўзгариши шахсий ўзгаришларнинг пайдо бўлиши билан кузатилади. Беморда компульсив хоҳиш, асабийлашиш, жаҳлдорлик, бош оғриқ, титраш, оёқ ва қўлларда оғриқ юзага келади. Наркотикни истеъмол қилгач, юқоридаги ҳолатлар барҳам топади, лекин мазкур ҳолат маълум муддатдан сўнг яна такрорланади.

Учинчи босқич - руҳий ва жисмоний мойиллик ҳамда наркотик моддаларга чидамлиликнинг пасайиши. Наркотик моддага бўлган чидамлилик пасаяди, улар таъсири фақат "тетиклаштириш" даражасига етади, шунинг учун беморларда наркотик моддаларсиз яшай олмаслик хусусияти падо бўлади ва руҳий, соматик, ижтимоий оқибатлар келиб чиқиши ифодаланади.

Гиёҳванд моддаларнинг энг кўп учрайдигани наша типидагилари бўлиб, уларга марихуана, гашиш, банг, хусус, план, харас, дагга киради.

Наша таркибидаги ароматик алльдегид - каннабинол мастлик ҳолатини юзага келтиради. Нашани турлича қабул қилинади - чайнаш, чекиш, ичиш йўллари мавжуд ва таъсири 15-30 дақиқадан сўнг бошланади. Биринчи маротаба чекилганда кўнгил айниш, оғизнинг ачиши, сўлак ажралиши, енгил бош айланиш ҳоллари кузатилади. Одатда наша таъсири ташна бўлиш, очлик, шиллиқ пардаларнинг бироз қуриши билан бошланади, сўнг баданга иссиқ югуради ва бутун танага ёйилиб, енгил тортиш, вазнсизлик ривожланади. Ирғишлаш, рақсга тушиш хоҳиши пайдо бўлади, одам кўп кулади. Ҳаракатланиш, гавда ҳолатини сал ўзгартириш бетўхтов кулгига сабаб бўлади. Фикрлаш тезлашади "қуйи­либ келади", сўзлари кўп, гаплари тартибсиз, аниқ фикрини ифодаламайди.

Нашаванд у билан атрофдагилар хурсандчилик қилмаётганидан ажабланади, жаҳли чиқади, қаҳри келади. Гоҳ дар­ғазаб, гоҳ кўтаринки, гоҳ қаҳр­ли руҳда бўлади. Тўхтовсиз фантазиялар ва иллюзиялар пайдо бўлади, бутун борлиқ ранго-ранг тусга киради, товушлар гувуллаб эшитилади. Бу ҳолатлар наша мастлигининг 1 фазаси - қўзғалиш босқичини тасвирлайди. Бундан кейин 2 фаза - тушкунликка тушиш босқичи келади. Атроф муҳит аста секин ўзгара бошлайди, ранглар хира тортади, иллюзия ва фантазиялар йўқолади, фикрлаш кескин сусаяди, қўрқув пайдо бўлади ва кайфият кескин ёмонлашади.

Наша мастлигининг симптомлари қабул қилинган наркотик модданинг миқдорига, уни қанчалик тез-тез қабул қилинишига, шахснинг олий нерв фаолиятига боғлиқ бўлади. Нашадан ўткир маст бўлиш 1-3 соат давом этади ва оғир уйқу ёки беҳоллик ва лоқайдлик билан тугайди. Нашани яна суъистеъмол қилинганда баъзиларда психозлар-эс-ҳушининг рўйи-рост айнаши, кўриш, эшитиш галлюцинациялари, васваса, кескин ҳаракат қўзғалишлари билан юзага келади. Нашани мунтазам қабул қилинганда 2-6 ойга келиб психик астения пайдо бўлади, хотира пасаяди вақт ўтиши билан туйғу ҳиссиётлар хиралашади, апатия юзага келади, атрофдагилардан четга чиқиб қолади, таъқибланиш васвасаси бошланади. Кейин эса...

Гиёҳвандлик - аср вабосидир. Жаҳонда унинг домига тушиб қолаётган инсонлар сони ортиб бораётганлиги ғоят ачинарли. Бундай кимсалар фожеали қисматга дучор бўлишлари муқаррарлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Келажагимиз ворислари бўлмиш фарзандларимизни бу балодан асраш учун барчамиз масъул эканлигимизни асло унутмаслик лозим. Ҳаётда соғлом турмуш тарзи ва юксак маънавиятни қарор топтириш ушбу иллатга қарши курашнинг муҳим омилидир.

Файзулло ДАДАБОЕВ,

вилоят наркология

диспансери бош врачи.