Сил  қадим замонлардан маълум бўлган касаллик ҳисобланиб, бемор йўталганда, сўзлашганда ва аксирганда балғам ажралиб ташқи муҳитга сил микобактериялари (сил таёқчалари)ни тушиши натижасида тарқаладиган юқумли касалликдир.

Касалликнинг кўп тарқалган тури ўпка сили бўлиб, унда ёш ва жинсини аҳамияти йўқ,  турмуш тарзи, ижтимоий аҳволига боғлиқ. Кўпроқ  зарарли одатлардан тамаки чекиш ва кўп спиртли ичимликлар исътемол қилиш натижасида иммунитетни пасайиши,  соғлом турмуш тарзига ва шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этмаслик оқибатида организм­нинг касалликка монелик ҳолати юзага келади.

Шунингдек, касаллик аниқланган оилаларда мулоқотдагиларнинг, айниқса 14 ёшгача болаларни алоҳидаланмаслик, тиббий кўриқдан ўз вақтида ўтмаслик, шифокор кўрсатмаларига риоя этмаслик  туфайли оила аъзоларининг ўртасида касалланиш ҳолатларини қайд этилиши, туманда оилавий сил кўрсаткичини ошишига сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида 14 ёшгача болаларни нафас йўли сили билан касалланиши энг  ачинарли  ҳолатдадир.

Касалликни олдини олиш мақсадида Республикамизда силга қарши кураш миллий дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан чақалоқни 1-кунидаёқ туғруқхоналарда БЦЖ билан эмлаш йўлга қўйилган. Касалликнинг олдини олиш мақсадида 2019 йил давомида 14 ёшгача бўлган 2250 нафар болаларга Манту реакцияси, 675 нафарига Диаскинтест синамалари қў­йилган бўлса ва 2020 йилнинг шу кунигача 1175  нафар  болаларга Манту, 45 нафар болаларга Диаскин тест синамалари қўйилди ва  натижалари ўрганилиб, ҳозирги кунда синама қўйиш ишлари давом этмоқда.

Касалликнинг белгилари- уч ҳафта ва ундан кўпроқ йўталиш,  йўталганда балғам ажралиши, тана ҳароратини кўтарилиши,  кўкрак соҳасида оғриқ бўлиши, қон туфлаш кабиларда кузатилади, шундай белгиларни ўзингизда сезсангиз зудлик билан шифокорга мурожаат килинг!

Касалликка ташхис фақат лаборатория усули билан қўйилади ва беморлар  стационар шароитида, мутахассис назоратида тўлиқ даволаниш курсини олиши шарт.  Бемор касалхонага ётқизилгандан сўнг, оила аъзолари мутахассис кўриги ва лаборатория таҳлилларидан ўтган ҳолда, шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этиши, витамин ва минералларга бой маҳсулотлар билан овқатланиши, соғ­лом турмуш тарзи қоидаларига, хонадонни тоза тутиш, тозаликка риоя этиш касалликни оила аъзолари ва бошқалар ўртасида тарқалишининг олдини олишда муҳимдир.

Сил бедаво дард эмас, ўз соғлигингиз ўзингизни қўлингизда, соғлом турмуш тарзи - узоқ умр гаровидир.

Муножат СОТҚИНБОЕВА,

Учқурғон туман СЭОМ эпидемиологик мониторинг

ва профилактик тадбирларни ташкил этиш бўлими

эпидемиолог ёрдамчиси.