Миокард - инфаркт юрак тож артерияларининг тромб билан тиқилиб қолиши ёки қаттиқ спазми натижасида миокарднинг озиқлана олмай некрозга учрашидир. Коронакардиосклероз, гипертония касаллиги, кучли ҳая­жонланиш, қаттиқ диққат бўлиш, қандли диабет, юрак ишемик хасталиги, кўп миқдорда спиртли ичимлик ичиш, кучли жисмоний меҳнат қилиш каби омиллар касалликни келтириб чиқариши мумкин.

Белгилари қуйидагича намоён бўлади:

- юрак тўш суяги орқасида куйдириб, найза санчгандай оғриқ туғилиши, оғриқнинг орқа тўш суяги орқасида пайдо бўлиб, чап елка, курак, бў­йин, пастки жағ ва чап қўлга тарқалиши;

- оғриқни нитроглицерин таблеткасини қабул қилгандан кейин 30 дақиқа кутса ҳам давом этиши. Ўлим хавфини ҳис қилиш. Совуқ ёпишқоқ тер босиши. Кескин қувватсизлик. Оқариш;

- лабларнинг кўкариши, томир уришининг ўзгариши. Экстрасистолия пайдо бўлиши. Иситма чиқиши. Кўнгил айниши. Қонда лейкоцитларнинг ЭЧТнинг ошиши. Юрак тонларини бўғиқлиги.

Шуниси ҳам маълумки, 15-20 фоиз одамларда миокард-инфаркти ҳеч қандай симптомсиз ўтади.

Биринчи ёрдам:

- жисмоний ва руҳий тинчлик яратиш;

- беморни тинчлантириш ва ётоқ режимини сақлаш;

- зудлик билан врачга хабар бериш ёки шошилинч тез тиббий ёрдамни чақиришдан иборат.

Врач кўрсатмаларига биноан оғриқ қолдирувчилар юборилади;

- АКБ ўлчаш, пульс ўлчаш ўтказилади;

- тил остига нитроглицерин 0,0005, валидол 0,06 таблеткаларидан ҳар 3 дақиқада 3 марта берилади;

- промедол 1%-2,0 ва 1% 1,0 димедрол вена ичига қилинади;

- юрак етишмовчилигини йўқотиш: бемор бошини баланд қилиб ётқизиш керак.

Биринчи навбатда оғриқ хуружини тўхтатиш лозим. Тери остига 1-2 мл морфин ва 0,5 мл атропин сульфат юборилади. Артериал босимни кўтариш мақсадида кофеин, мезатон, кордиамин буюрилади. Юракни тож томирларида тромблар ҳосил бўлишини тўхтатиш мақсадида ҳар олти соатда гепарин юбориб турилади. Бемор қатъий ётоқ режимида реанимация бўлимига ётқизилиши шарт.

Рустамжон АБДУЛЛАЕВ,

1-шаҳар шифохонаси

терапия-ревматология

бўлими мудири.