ёки ботулизм хавфини унутиб қўйманг

Сиз дастурхонингиз теварагига очиқиб ўтирасиз. Ана шундай паллада баъзи маҳсулотларга заҳарли микробу бактериялар оралаб қолганини пайқамай, уларни шоша-пиша истеъмол қилиб қўйсангиз борми, охир-оқибат саломатлигингизга кутилмаган катта хавф солган бўласиз. Қаттиқ азоб чекасиз, ҳатто ҳаётдан видолашишдек аччиқ қисматга дучорланасиз. Яхшиси, бу ҳақда керакли маълумотларни билиб олинг.

Овқат токсикоинфекциялари - бактерия ва уларнинг заҳарлари билан ифлосланган овқат маҳсулотлари истеъмолидан келиб чиқадиган ўткир ичак инфекцияси ҳисобланади. Қисқа муддатли жунжикиш, ҳарорат кўтарилиши гастроэнтероколит оқибатида токсикоз ва сувсизланиш белгилари билан тавсифланадиган касалликдир.

Ботулизм - оғир токсикоинфекцион касаллик бўлиб, ботулотоксиннинг узунчоқ мия ва орқа миянинг холинэргик структураларининг зарарланиши, офталмоплегик ҳамда бульбар синдромлар билан кечади. Микробнинг асосий манбаи иссиқ қонли қорамол ва қўй-эчкилар, шунингдек, балиқлар, малюскалар, қисқичбақаларда бўлади. Ҳайвонлар нажаси билан ташқарига чиқарилган микроблар спора ҳосил қилади.

Одамлар ана шу споралар билан ифлосланган озиқ - овқат маҳсулотларини ейиш оқибатида заҳарланадилар.

Ботулизм кўпинча қўзиқорин, ҳўл мевалар ва сабзавотлардан уй шароитида гигиеник қоидаларга риоя қилмай тайёрланган концерва маҳсулотларини истеъмол қилиш чоғида бошланади. Консерва банкалари ичида анаэроб ша­роит бўлганлиги сабабли ботулизм споралари тезда вегетатив шаклга айланиб, кўпая бошлайди ва экзотоксин чиқаради. Консерва банкасида ботулизм токсини бўлса, одатда, банка қопқоғи кўпчиб кўтарилиб қолади.

Касалликнинг яширин даври 6-24 соат, камдан - кам ҳолларда 6-10 кунгача чўзилиши мумкин. Организмга қанча кўп токсин кирса, касалликнинг яширин даври шунча қисқа бўлади ва касаллик оғир кечади. Ботулизм кўпинча ўткир бошланади ва бир неча асосий белгилар инфекцион-токсик, диспептик, офталмоплегик, бульбар миостеник белгилар билан кечади.

Кўнгил айниши, қусиш, эпигастрал соҳада тортишувли оғриқлар, метеоризм, оғиз қуриши, кучли чанқаш рўй беради. Касаллик бошида сусайган нажас, ке­йинчалик ичак тутилишига ўтади. Эрта белгиларидан бири бу ютинишда сезилади. Бунда бемор ҳалқумда катта "кесак" борлигидан ва ютиниш чоғидаги оғриқдан озорланади.

Яна беморлар кўз олди хиралашувидан шикоят қилади. Кўкрак қафасида оғриқ, товуш тембрининг ўзгариш рўй беради. Нафас бузилишлари кўпинча ютиниш бузилишлари ва умумий заҳарланиш симптомлари билан кечади. Ҳарорат меъёрида ёки субфебрил даражада бўлади ва беморда тезда мионеврологик белгилар ривожланади.

Бемор, албатта, касалхонага ётқизилади ва тезда меъда 3 фоизли сода (нат­рий гидрокарбонат) эритмаси билан ювилади, адсорбентлар (активланган кўмир, кунгабоқар мойи) берилади, сўнг­ра сифонли ҳуқна қилинади.

Яхшиси, бундай кўргуликка учрамаслик учун эҳтиёткорликни унутманг!

Абдуллажон ЮНУСОВ,

олий тоифали инфекционист.