Ёз фасли келиб кунлар исий бошлаши билан ўткир ичак касалликлари кўпроқ учрайди. Ичак инфекцияси, асосан учта йўл орқали: сув, озиқ-овқат маҳсулотлари ва турмушда ифлос қўл, уй-рўзғор буюмлари (идиш-товоқлар ва бошқалар) орқали ўтади. Бундан ташқари, ёз-куз ойларида ичак инфекциялари тарқатишда пашша, суварак ва арилар ҳам катта роль ўйнайди.

Ўткир ичак касалликларининг олдини олишда бактерия ташувчиларни барвақт аниқлаш лозим. Бунинг учун касалликнинг биринчи аломатлари пайдо бўлиши билан врачга мурожаат этиш жуда муҳим. Бемор касалхонада врач назоратида, яъни парҳез ва қатъий режим асосида тезроқ соғайиб кетади. Қолаверса, у билан уйда, ётоқхонада ёки ишда мулоқотда бўладиган кишиларга касаллик юқиш хавфининг олди олинади.

Аҳоли ичак инфекциялари юқишидан сақланиш учун очиқ сув ҳавзалари сувини қайнатиб ичишлари лозим. Сув ҳавзаларининг оқава сувлар келиб қуйиладиган жойлари яқинида чўмилиш мумкин эмас. Қасаллик озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш қоидалари бузилиши туфайли ҳам тарқалади.

Уйда овқат тайёрлашда озодаликка риоя қилиш катта аҳамиятга эга. Хом ва пишган маҳсулот учун алоҳида пичоқ ва тахтача тутиш, олдиндан тайёрлаб қўйилган таомни совуқда, музлатгичда сақлаш керак.

Пашшага қарши кураш ичак касалликларининг олдини олишдаги муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Пашша кўпаймаслиги учун хоналар ҳамда турар жой, ишлаб чиқариш ва жамоат бинолари ҳудудларини доимо тоза тутиш, чиқиндиларни йиғиб олиб кетиш, юқумсизлантириш ва утилизация қилишни тўғри ташкил этиш зарур.

Ўткир ичак касалликларининг қўзғатувчилари беморнинг ички кийимлари, ҳожатхона деворлари ва бемор ифлос қўли билан ушлаган бошқа ҳар қандай буюмларга тушиб қолиши мумкин. Соғлом одам ана шу буюмларни ушлаганда эса микроблар унинг қўлига ўтади. Агар ана шу одам овқат ейишдан олдин қўлини совунлаб ювмаса, бактериялар овқат билан унинг оғзига тушади.

Нима учун қўлни албатта совунлаб ювиш керак? Гап шундаки, қўл терисидан озгина миқдорда ёғ ажралиб туради. Микроблар ёғ билан аралашиб, терига маҳкам ёпишиб олади ва қўлни совуқ сув билан ювганда тушиб кетмайди. Тажрибалар шуни кўрсатадики, қўлни совуқ водопровод сувида 45 минут давомида ювгандагина микроблар бутунлай ювилиб кетади. Ҳеч ким қўлини шунча вақт ювмаслиги маълум. Айниқса ҳожатхонадан чиққандан кейин қўлни албатта совунлаб ювиш керак.

Ш. АБДУЛЛАЕВА,

вилоят ДСЭНМ

эпидемиология бўлими мудири.