Ўткир юқумли ичак касалликларини турли микроорганизмлар келтириб чиқаради. Иссиқ об-ҳаво шароитида сут, сут маҳсулотлари, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, турли хил салат ва бошқа озиқ-овқатларда микроблар учун қулай вазият туғилади. Микроблар инсон организмига оғиз орқали тушади ҳамда меъда ва айниқса ичак йўлларида кўпаяди. Ошқозон ичак деворларини яллиғлантиради. Сўнгра ўзидан токсин, яъни заҳар ишлаб чиқаради. Токсин қонга сўрилиб бутун организмни заҳарлайди.

Касаллик асосан:

- Шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаганда;

- Қайнатилмаган сувни ичганда;

- Хўл меваларни ювмасдан еганда;

- Узоқ вақт туриб қолган ва яхши сақланмаган овқатларни истеъмол қил­ганда;

- Беморнинг идиш- товоқларидан умумий фойдаланганда юқади.

Касаллик тана ҳароратини кўтарилиши, кўнгил айниши, қайд қилиш, ичнинг суюқ ва тез-тез, баъзан қон аралаш кетиши билан намоён бўлади. Касаллик болаларда оғир кечади. Унинг бошланиши биланоқ тиббиёт ходими назоратида " Регидрон " ва бошқа тузли эритмалар ичиш, заҳарланишнинг олдини олиш ва ич кетишини камайтириш учун энтеросорбентлар смектадан фойдаланиш тавсия этилади. Агарда беморнинг ҳолати икки соат ичида яхшиланмаса, зудлик билан шифохонага ётқизиш керак.

Касалликка чалинмаслик учун:

- Авваламбор шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш;

- Истеъмол учун яроқли ва махсус идишларда чиқарилган ичимлик сувларидан фойдаланиш;

- Хўл меваларни оқин сувда яхшилаб ювиб қайнатилган сувда чайиб истеъмол қилиш;

- Қолган озиқ-овқатларни сақлаб қўймай, ҳар сафар янги тайёрлаш;

- Пашша ва турли хил ҳашаротларнинг кўпайишига йўл қўймаслик;

- Яшаш хонадонларни, ошхона ва хожатхоналарни, атроф-муҳитни озода сақлаш лозим.

Ушбу тавсияларга амал қилсангиз, ўткир диареядан сақланган бўласиз ва бу орқали аҳоли ҳамда оила аъзоларингиз саломатлигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Ғанишер ХОЛБОЕВ,

Норин туман саломатлик

маркази врачи.