БУНИ МУТОЛАА ҚИЛГАН КИШИ ЎЗ МАНФААТЛАРИ МУҲОФАЗАСИНИ УНУТМАЙДИ ҲАМДА ЎЗГАЛАРНИНГ МАНФААТЛАРИГА ПУТУР ЕТКАЗМАЙДИ. УШБУ УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМА - ЛОЙИҲА ШУ ЖИҲАТДАН БАРЧАНИ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ ДОИРАСИДА ИШ КЎРИШГА ЙЎЛЛАЙДИ

 (Лойиҳа муаллифи ҳамкасбимиз Манзура АБДУЛЛАЕВА

долзарб масалани ойдинлаштириб беришга интилган. Газетамизнинг бугунги

сонидан бошлаб унинг "Беморларга билдиргилар"и билан танишасиз)

Азиз бемор! Сиз дард тортаётганингиз учун дардингиздан халос этадиган нажот масканига ташриф буюрдингиз. Бу ерда барча учун бирдай бетаъма хизмат қилишга бурчли мутахассислар ишлашади. Шунинг учун ўзингизни ҳам, ўзгаларни ҳам ноқулай аҳволга тушириб қўймаслигингиз айниқса зарур. Чунки, шифокорлар сиздан авввал ҳам беморни кутиб олган, сиздан кейин ҳам навбатдагилар борлигини эсдан чиқарманг.

Ўйлаймизки, соҳада жорий этилган қонун, қонун ости ҳужатлари, низомий талабларни билиб олсангиз, мушкулингиз тезда осонлашади, муоммолар вужудга келмайди, асабингиз бузилмайди, врачу ҳамшираларга нисбатан ишончингиз сусаймайди, ихлосингиз қайтмайди. Уларнинг маслаҳатларини хотиржам тинглайсиз, тавсияларини ҳушёр эшитасиз, муолажаларидан қониқиш ҳосил қиласиз. Айни пайтда тиббиёт ходимларидан қатъий талаб этилаётган кўрсатилаётган хизматларидан халқ розилигига таъминлашга ҳиссангизни қўшган бўласиз. Ахир қаерда тартиб-интизом ўрнатилса, ўша жойда бемор ва шифокор ўртасида низолар туғилмайди, ихтилофлар келиб чиқмайди. Аксинча, мавжуд қоидаларга ҳилоф ишларга хоҳ бемор томонидан, хоҳ шифокор томонидан йўл қўйилса, касалликларни тезда бартараф этиш қийинлашади. Бундан кўпроқ сиз беморлар азият чекасиз.

Яхшиси, аввал, қуйидаги билдиргиларимиз билан танишинг, ҳеч бўлмаса керакли жойларига кўз югуртириб олинг. Бунга имкониятингиз бор! Навбатда турганда (тартиб ўзи шунақа, яъни қабул қилаётган врач битта, мурожаат этадиганлар кўп) вақтни елга совурмай услубий қўлланмамизни қўлингизга олинг! Агар сизга озгина бўлса ҳам ёрдами тегса, биз ўзимизни мақсадга эришган ҳисоблаймиз!

 

БИЛИБ ҚЎЙИНГ:

I. ОҚ ХАЛАТДАГИ НАЖОТКОР СИЙМОЛАР

Сиз тиббиёт муассасасига келдингиз. Ичкарида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 20 январдаги 34- сонли буйруғи билан тасдиқланган Низом талабларига монанд равишда оқ халатли, билимдон ва юқори малакали мутахассис хизматингизга шай.

 

II. ШИФОКОРЛАРНИНГ ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ:

Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 5 мартдаги 116-буйруғига асосан улар қуйидаги "Ахлоқ-одоб қоидалари" доирасида сиз билан муносабатга киришишлари шарт:

1.            Касбий фаолиятларининг асосий принциплари:

- қонунийлик;

- фуқаролик ҳуқуқлари, эркинликлар ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

- ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;

- давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;

- адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;

- манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликдан иборатдир.

2. Улар қуйидагиларга мажбур:

- хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этишга;

- ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажаришга;

- ўз хизмат вазифасини бажаришда бирор бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотларга ён босмаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлар, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймасликка;

- ўз хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам беришга;

- меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва таъқиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажаришга.

Маълумки, манфаатлар тўқнашуви тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ҳолатларда юзага келади. Бунга асло йўл қўймаслик зарур.

3.Тиббиёт ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Бу қонун ҳужжатларида белгиланган тартибдаги жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин. Дастлаб одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан муҳокама этилади, албатта. Шунинг учун Сизни қабул қилаётган шифокор ўз зиммасидаги вазифани одоб-ахлоқ доирасидан четга чиқмаган ҳолатда бажаришга бурчли.

 

III. КАФОЛАТЛАНГАН БЕПУЛ ВА ПУЛЛИК ТИББИЙ ХИЗМАТЛАРДАН ХАБАРДОРМИСИЗ?

Аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40- моддасида "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга" деб белгилаб қўйилган. Демак, бу ҳуқуқ сизга ҳам тааллуқли.

Айни пайтда "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбе­кис­тон Республикаси Қонунининг 8-моддасига асосан, аҳолига давлат томонидан даволаш-профилактика муассасаларида кафолатланган тиббий ва бошқа турдаги ёрдамлар бепул кўрсатилиши шарт. Аммо бозор иқдисодиёти шароитида пулли хизматлар ҳаётимизга жорий этилганини ҳам эсдан чиқармаслигингиз керак. Сиз даволаниш учун борган муассасада тўловлар талаб қилинган шароитда дарров шошилиб бундан ранжишингиз ўринсиз. Чунки, давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмидан ташқари айрим хизматлар қўшимча ҳисобланади. Улар учун пул тўлашингиз амалдаги тартибларга мувофиқ келади. Шунинг учун бепул хизмат билан пуллисини фарқлаб олишингиз лозим.

(Давоми бор).