Ёхуд адабиётшунос Абдулҳамид Қурбоновнинг "Хамса" сарлавҳалари бадиияти" монографиясини ўқиб...

Оламда ҳар бир мавжудоту мавжудликнинг боши ва поёни бор. Бусиз унинг тўкислигини тасаввур этиш мушкул. Агар янаям аниқ ва лўнда баён этадиган бўлсак, инсонни инсон қилиб турган, бир қарашдаёқ қиёфасини белгилаб берадиган кўриниши - унинг юзи, юзидаги қош-қабоғи, кўзларию, оғиз бурунлари мужассамланган бошидир, десак асло янглишмаймиз. Ана шу бошига қараб турибоқ кўп нарсаларни англашимиз, фикрлашимиз мумкин. Энди гапни китобларга бурсак, бадиий ёки илмий асарларга нигоҳ солсак, уларнинг боши айнан сарлавҳаси эканини фаҳмлаймиз. Аслида ҳам тилимизда ўзлашган бу сўзнинг маъноси - бошлавҳа, мутолаага усиз киришиш мумкин эмас. Сарлавҳа гўё маънолар қасрининг эшик-остонаси кабидир. Айнан мазкур, яъни бошқаларникига ўхшамаган, ўзига хос эшик-остонага боқиб, бизни чорлаётган қаср ичида нималар кутаётганини, нималарни топишимиз имкони борлигини олдиндан сеза оламиз. Ҳозирги кунда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг катта илмий ходим-изланувчиси сифатида фаолият юритаётган адабиётшунос олим Абдулҳамид Қурбонов монографиясига сарлавҳани сармавзу сайлаганининг ўзиниёқ, аввало, кўпчиликнинг эътиборида бўлмаган, аҳамияти эса каттадан катта ва муҳимдан муҳим эканлигини эътирофлашимиз жоиз. Инчунун, ҳозиргача бутун бошли сарлавҳага бағишланган асарни сира ўқимагандим. Тўғри, таниқли олимларимиз у ёки бу асарлар доирасида қалам тебратганларида йўл-йўлакай, қисқа тарзда сарлавҳа масаласига тўхталиб ўтганлар, яна асосий мавзуга қайтганлар. Яқинда "Meriyus" нашриётида чоп этилган янги монографияни ўқиганимдан сўнг, шу чоққача бу борада барча ҳам шундай фикр юритишига иқрорландим. Ахир илк китоб - илк қадам Абдулҳамид домланинг қаламидан, саъй-ҳаракатидан бугунга келиб яратилибди-да.

Илмий-тадқиқотнинг миллатимиз мутафаккири Алишер Навоий бобомизнинг шоҳ асарлари - "Хамса" ва унга кирган "Фарҳод ва Ширин" достони сарлавҳалари устида олиб борилгани беҳад аҳамиятга молик. Негаки, ўзбек адабиётининг сарчашмаси ижодкори, буюк бош заҳматкаши, шоирлар султонининг яратиқлари бу жиҳатдан ҳам барча қалам аҳлига ибрат мактаби эканлиги беинкор далиллар билан исботлаб берилган. Бобомиз бадиий маҳорат тажрибасининг авлодларга ҳадсиз нафдорлигидан бу иш биз каби қаламкашлар учун айни муддаодир. Жумладан, менинг ижодкор талаба сифатида монография мутолааси асносида сарлавҳа қўйиш санъати сирларини янаям теранроқ ҳамда кенгроқ билиб олишимга Абдулҳамид домланинг ушбу монографиялари жуда-жуда асқотади дейишга тўла ҳақлиман. Китобда сарлавҳага сўз сайлаш, асарда акс эттириладиган воқеа-ҳодисаларнинг калитини келтириш, аввалдан мухлисни ҳаётнинг қайси томонларига етаклаш, олдинда кутаётган маънавий хазинадан хабарлаш борасидаги Навоийёна услублар, нуктадонликликнинг ноёб намуналари хусусида мушоҳадалар, муҳокамалар, хулосалар ифодаланган. Сарлавҳаларнинг бадиийлиги мухлиснинг фикру хаёлини асарга моҳирона боғлаш, онгу шуурини ҳодисалар ҳосиласи - илгари сурилаётган ғоя атрофига жамулжамлаш санъати ижодкордан бетакрорлик иқтидорининг юксаклиги туфайли юзаланишини ғоят қимматли мисоллар билан ёритишга олим деярли тўла эриша олган. Мавзу эса ҳамиша такомилталаб. Келгусида ҳам изчил, янада кенг қамровли давом эттириш имкониятлари навбат кутиб тургани ойнадай аён.

Устознинг синчков нигоҳларидан, зукко мушоҳадаларидан, монанд қиёсларидан, чуқур таҳлилларидан, холис хулосаларидан ва ижодкорнинг дастлабки битикларидан, яъни сарлавҳасидан асар ички қиёфасини қандай англатиш салоҳияти ва истеъдоди ёрқин ёритилишига эришилган. У кишининг назаридан ҳеч бир сўз ва сўздаги ҳеч бир ишора четда қолмаган ҳисоб. Бу, адабиётни, Навоийни ҳамда ул зотнинг тафаккур оламини яхши англашга, ул зот қўллаган маънолар маҳзанини аввалдан чуқур ҳис қилишга олимнинг муваффақ бўлганлигининг шарофатидандир, албатта.

Монографияда айтилганидек, беш достонда 270 дан ортиқ сарлавҳа бор. Чунончи, "Фарҳод ва Ширин" сарлавҳаларини таҳлил этиш жараёнида олим ўз фикрларини далиллаш учун, илмий қарашларини асослаш учун бошқа достонлар сарлавҳаларига ҳам эътиборимизни қаратиб ўтади. Сиз билан биз бугунги ижодкорлар асарларидаги бир-икки, уч-тўрт, нари борса, беш-олти сўздан иборат сарлавҳаларни ўқишга кўникиб қолганимиз боис, "Навоий асарларидаги 270 дан ортиқ сарлавҳа нима бўлибди? Мавзунинг кўлами тор, бу иш қийин кечмайди" қабилида ўйлашимиз табиий ҳол. Агар мазкур монография билан синчиклаб танишсангиз, тадқиқот майдони нақадар кенглиги, нақадар маъно сарҳадлари бепоёнлиги, нақадар моҳият уммони тубсизлиги аёнлашиб бораверади. Мен олимнинг қуйидаги ҳисоб-китобларини иқтибос келтириш билан адабиётшуносликни бойитувчи монографияси объекти кўлами ғоят кенглигини тасаввурлашингизни истардим: "Достондаги 53 сарлавҳани таркибидаги сўзларнинг миқдорига кўра, қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин: 1) 29 сўзли сарлавҳа - 1 та; 2) 30-40 сўзли сарлавҳалар - 2 та; 3) 40-50 сўзли сарлавҳалар - 6 та; 4) 50-60 сўзли сарлавҳалар - 11 та; 5) 60-70 сўзли сарлавҳалар-15 та; 6) 70-80 сўзли сарлавҳалар - 8 та; 7) 80-90 сўзли сарлавҳалар - 7 та; 8) 90-100 ва ундан ортиқ сўзни ўз ичига олган сарлавҳалар - 3 та".

Илмий тадқиқотчи олим сарлавҳаларнинг ўзига хос поэтикаси, уларнинг боб бадиий тўқимасида тутган ўрни, шоир ғоявий ниятининг ифодаланиши, сарлавҳаларда ғоявий мазмун инъикоси ва бадиияти хусусида мушоҳада юритади. Сиз билан биз илғамаган жиҳатларни илғайди, сиз билан биз эътибордан қочирган ҳолатларни диққат марказида тутади, сиз билан бизга тушунуксиз туюлган мазмун моҳиятни очишга интилади, ниҳоят илм-фан тараққиётига ҳамда ижодкорлар ўз маҳоратларини оширишларига беминнат хизмат қилувчи бетаъма ва бебаҳо якунланма фикр-мулоҳазаларини ўртага ташлайди.

Бизнингча, "Хамса" сарлавҳалари бадиияти" монографияси нафақат адабиётшунослик, тилшунослик илмига тааллуқлилиги билан, айни дамда ёзувчи ва шоирлар, журналистлар учун ҳам асқотадиган қўлланма сифатида алоҳида эътирофга сазовор. Бемалол айта оламизки, Абдулҳамид Қурбоновнинг кўп йиллик изланишлари маҳсули бўлган бу китоб илм аҳлига, кенг китобхонлар оммасига узоқ йиллар хизмат қилишига ишонаман. Янги монография китоб жавонларимизни яна бир қизиқарли илмий-оммабоп асар билан бойитди.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

НамДУ филология факультети талабаси.