- Ойи, кўчага сайрга чиқмоқчи эдим, пул беринг!-деди Эркинбой тортинибгина.

- Кўчада нима ишинг бор, совуқда?- таажжубланди онаси чок машинасини тўхтатиб.

- Сиз ўзи шунақасиз, ана қўшнимиз Сардорни кўринг, ҳеч уйда ўтирмайди, ундан қаерим кам?

- Сен ундан ўрнак олма!

- Нега?

- Ота-онаси талтайтириб юборган, иш­қилиб охири бахайр бўлсин-да.

- Бу нима деганингиз?

- "Саёқ юрган - таёқ ейди" деган гаплар бор, болам, дайдигандан фойда чиқар­миди.

- Билмадим...

- Яхшиси, иссиқ хонангда ўтириб, кеча олиб келиб берган китобларимни ўқи, оқшом қўнса, даданг билан бирга-бирга гузарда безатилган арча атрофини айланиб келамиз.

- Ростдан-а.

- Бирор марта алдабмидим.

- Яшанг, ойи!

Эркинбойнинг кўнгли тинчиди. Китоб ўқигани ичкари хонага ўтиб кетди.

Бир оздан сўнг дарвоза тарафдан Сардорнинг чақиргани эшитилди.

- Эркин! Ҳоо-о Эркин!

- Кел болам, намунча Эркинга ёпишиб олдинг, илтимос уни кўчага ҳадеб етаклайвермагин-дея онаси қўшнининг фарзандига ўғлини қўшишни истамади.

Бола ноилож остонадан қайтди. "Каромат опагаям ҳайронман, боласини бўш қўйгани бўш қўйган. Бундай тергаб, бағрида олиб ўтирса бўлмасмикин" хаёлидан ўтказган Мавлудахон яна ишга ўтирди.

Кечки пайт кўчада кўтарилган қий-чувга бепарво туролмади. Чиқсаки, Сардорнинг юз-кўзига қараб бўлмасди.

- Қўшни, бу бола эмас, бало экан, ўзини-ўзи жаврга қўйиб ўтирибди. Дўхтирхонага хабарланг, тезроқ етиб келишсин. Худоё шу пақилдоқ ўйинини чиқарганларнинг уйига ўт тушсин, топгани тўйга буюрмасин. Энди болам нуқсли бўлиб қолмасмикин?

Юқоридагидай кўнгилсиз ҳолатлар рўй бермаслиги учун ҳаммамиз инсонни ғафлатда қолдирувчи, пушаймонлик азобига туширувчи бепарволик одатидан қутулишимиз шарт. "Кўза кунда эмас, кунида синади" нақ­лини эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Айни янги йил арафасида янаям сергакроқ бўлсак, байрам барчамизга байрамдай татийди. Ҳозир барча 2018 йилни кутиб олиш тараддудида. Кимдир арча оляпти, кимдир турли-туман ўйинчоғу безаклар. Кўча ярмаркаларида савдо-сотиқлар қизғин тусда. Қаердадир байрам тантанаси нишонланган бўлса, қаердадир бугун ёки эртага шодиёналар авжига чиқади. Ва ниҳоят 31 декабрь соат 24.00гача қутлуғ йилга интиқ кўнгилларни қувончу орзу умидлар қамрайди.

Арчалар атрофидаги томошаларга маҳлиё бўлиб, панд еб қолмоқлик хавфи ҳам йўқ эмаслигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз зарур. Айниқса, ўнлаб, юзлаб одамлар жамулжамланадиган гўшалардаги тантаналарда рўй бериб қолиши мумкин бўлган салгина кўнгилсизлик туфайли бизларни байрамона кайфият тарк этади. Қувончимиз ташвишга айланади.

Демак, огоҳлик ва ҳушёрликни янада кучайтиришимиз маъқул. Ахир кутилган янги йил байрамида кутилмаган бахтсиз ходисага йўл қўймаслик ўзимизга боғлиқ эканини ҳар дақиқа ёдимизда тутишимиз керак-да!

Аввало, ёнғин хавфсизлигини тартибларини бузмайлик. Тантаналарга боришда ва қайтишда хоҳ пиёда, хоҳ транспортда бўлсин йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилайлик. Агар жамоат транспортида шубҳали хатти-ҳаракат қилаётганлар ёки ғалатироқ "юк" билан чиқаётганлар кўзга чалинишса, ўша заҳоти танбеҳ берайлик, сўраб-суриштирайлик. Ҳамроҳимиз ишончлими, йўқми бу бизларга ойнадай аён кўриниб турмайди-ку! Сизнинг ҳушёрлигингиз фақат ўзингизнигина эмас, ёнингиздагиларни ҳам хавф-хатарсиз манзилига етиб олишига имкон туғдиради, албатта.

Яна бир бор уқтирмоқ жоизки, 2018 йил ташрифини шоду хуррам ҳолда нишонлаш учун уйда ҳам, ишхонада ҳам, жамоат жойларида ҳам барчамиздан сергакликни талаб этилади. Одам кўп тўпланадиган гузарларда, бозорларда, дўконларда, шифохоналарда, умумий овқатланиш шахобчаларида, автобекатларда ҳушёр юришни канда қилмайлик.

Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган, Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йили вазифаларини беш йўналиш бўйича муваффақиятли бажариб, эски йилга мамнуният билан назар ташлаётган, янги йилнинг янада юксак янги марралари сари дадил қадамлар ташлашни кўнглига тугиб, эзгу ниятлар билан мамлакат ривожига ривож қўшиш иштиёқида яшаётган халқимизнинг тинчлик-хотиржамлиги энг катта бойлигимиздир. Шундай экан, унинг қадрига етайлик. Аҳил-иноқлигимизга, меҳр, оқибатимизга сира кўз тегмасин!

Янги йил нафақат тадбиркорларимиз учун, Юртбошимиз атрофига маҳкам жипслашган миллион-миллион юртдошларимиз учун янги муваффақиятлар йили бўлиб, тинч ва осуда ҳаётимиз барқарору бардавомлик касб этсин!

С. ТОЖИБОЕВ.