Республиканинг барча соҳалари бирдай ривожланишини истаган бу улуғ инсон санъатга ва санъаткорларга ҳам алоҳида эътибор қаратган эди. Айниқса, халққа сидқидилдан хизмат қилганларни ўз вақтида қадрлаб борарди. Биргина мисол:

- Кечагидек ёдимда. 1978 йили Шаҳанд­даги Хўжа Аҳмад Валий боғида пахтакорларнинг анжуманига тўпланилди, - дея эслайди таниқли созанда ва қўшиқчи, санъат фахрийси Маъруфхон Орипов. - Вилоятдан таниқли санъаткорлар етиб келишди. Кенгаш бошлангунча халққа концерт бериб турилди. Камолиддин ака Раҳимов Навоий ғазали билан "Ушшоқ", яъни "Қаро кўзим"ни айтаётган пайтда Республика раҳбари Шароф Рашидов ташриф буюрдилар. Кимдир чопқилаб келиб, қўшиқни тўхтатиш ишорасини қилмоқчи эди-ю, ҳурматли меҳмон ашулага халақит бермасликни айтдилар чамаси. Қўшиқ поёнига етгач, Шароф ака билан қўл бериб сўрашиш насиб этди. Ана шу воқеадан сўнг кўп ўтмай, устозимиз Камолиддин Раҳимовга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвони берилди". Бундан кўринадики, атоқли давлат арбоби халқ ҳаётини фаровонлаштириш учун, истеъдод соҳибларини рағбатлантириш учун Республиканинг иқтисодий ва маънавий мавқеини юксалтириш учун бетиним жон куйдирган.

Биз юқорида Шароф Рашидовнинг тўрақўрғонликларга, наманганлик санъаткорларга эътибори ва муносабати ҳақидагина фикр юритдик. Бундай воқеа-ҳодисалар Чусту Попда ҳам, Косонсойу Янгиқўрғонда ҳам, Чортоғу Уйчида ҳам, Уч­қўрғону Норинда ҳам бўлганлигини қаламга олсак, катта китобга айланиши мумкин. Боиси, у инсон ҳамиша халқ ичида юрди, халқ дарди билан яшади, халқининг каттаю кичик фарзандларининг камолоти учун мутассил қайғурди. Қуйидаги ягона мисол давлат раҳбарининг назаридан чекка-чекка қишлоқдаги ёшларнинг муаммоларигача четда қолмаганини исботласа ажаб эмас. 1970 йил кузида Шароф Рашидов Чустга келади. У ердаги машҳур пахтакор Мамажон ота Лочиновнинг даласига ташриф буюради. Ўшанда пахта қийғос очилган пайтлар экан. Республика раҳбари пахтазорни оралаб кўргач, дала шийпонига чиқади-да, ўчоқ ёнига келади. Ошпаздан чўмичини бериб туришини илтимос қилади. Қўлига олиб, қайнаётган ов­қатни кавлаб кўради. Гўшти борлигига, бошқа масаллиғигача етарли эканлигига тўла ишонч ҳосил қилгач, чеҳраси бирдан ёришиб кетади. Деҳқонларнинг дастурхони тўкислигидан беҳад қувонади. Ҳатто кутилмаганда ўзи чинни косага бир чўмич овқатдан сузиб олиб, ича бошлайди ва "Бай-бай-бай, даланинг овқати хўп ширин бўлади-да" дея мамнун кайфият туяди. Сўнг чойнакда чой кўтариб келган бригада ҳисобчиси Абдуфаттоҳга қараб: "Тўхта-тўхта, сен ёшгина йигит экансан, пахтакорлик яхшию, ҳали келажагинг олдинда, ўқисанг яхши эмасми? - дея сўраб қолади.

Абдуфаттоҳ буни асло кутмаган эди. Нима деярини билмай бригадир Мамажон отага кўз қирини ташлайди. У киши ўша заҳоти далда беради.

- Хижолат тортмай айтавер!

- Ўқишга борган эдиму, қабул қилишмади.

- Бари имтиҳонлардан ўтганмисан? - қизиқди Шароф Рашидов.

- Ҳа, баҳоларим сал пастроқлиги учун мандатдан йиқилиб қайтдим.

- Асло ноумид бўлма, ўғлим, агар имтиҳонлардан йиқилган бўлсанг, қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Мандатдан ўтолмаган экансан, бунинг унча муаммоли томони йўқ, пахта терими тугагач, ТашМИнинг ректорига бориб учра, қабул қилинасан. Сенга ўхшаган оғир меҳнатдан қочмайдиган, далада суяги қотган йигитлар ўқишни ҳам аъло баҳоларга ўзлаштириши тайин...

Шароф Рашидов Абдуфаттоҳнинг кўнглидаги армонларини ширин орзуларга айлантириб кетди. У хурсандлигидан олтин топган одамдай ўзини қўярга жой тополмай қолди. "Наҳотки, шу гаплар рост бўлса, наҳотки, мен ҳам келгусида олий маълумотли шифокорлар қаторига қўшилсам", деган ўйдан кўнглини ҳаяжон қамради.

- Омадинг келди, болам. Шароф Рашидовичнинг назарига тушдинг-а, - деди Мамажон ота Лочинов ҳисобчисининг елкасига қўлини қўйиб, унинг келажаги порлоқлигига ишора қилганча.

Кузакда миришкорлар ҳар гектардан 50 центнердан "оқ олтин" топширишиб, зафар қучишгач, бригадирнинг ўзи Абдуфаттоҳни Тошкентга кузатиб қўйди.

Илмга иштиёқманд йигит институт ректорига бориб учради. Юрт отаси билан ораларида кечган суҳбатдан оғиз очди.

- Хабарим бор, ўзимиз ҳам сизни кутаётгандик, - деди ректор мамнун жилмайиб.

Қишлоқ ёшларига берилган имтиёз туфайли у тиббиёт олийгоҳининг талабалари сафига киритилди.

Абдуфаттоҳ ака 1976 йилда институтни тугаллагач, дастлаб Косонсой туман марказий касалхонасининг хирургия бўлимида врач-анестезиолог сифатида иш бошлади. 1981 йилдан Чуст шаҳар марказий шифохонасида фаолиятини давом эттирди. Узоқ йиллар эл саломатлигини сақлашга салмоқли ҳисса қўшди. Халқнинг ҳурмат эътиборига сазоворланди. Бунинг учун умр бўйи атоқли давлат арбоби, меҳрибон инсон Шароф Рашидовдан миннатдор бўлди. Боиси, турмушдошию қизу ўғилларидан икки нафари ҳам тақдирларини шифокорлик касби билан боғлашди. Журналист Ҳайитбой Эргашев 12 йил муқаддам бу ҳақда тўлқинланиб қалам тебратгани шундан.

Инсонга берилган умр бетакрор, унинг ҳар бир лаҳзасига эзгу ишларимиз билан мазмун бағишлашимиз керак. Бу борада Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти юртдошларига ибрат мактабидир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 27 мартида "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йилигини нишонлаш тўғрисида" қарор қабул қилди. Мазкур қарордан мақсад республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг 100 йилигини муносиб нишонлашдир.

Айни пайтда ушбу қарор туфайли адибимизнинг "Сайланма" китоби нашр этилди. Ибратли ҳаёт йўли ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятларига бағишланган "Хал­қимизнинг оташқалб фарзанди" номли хотира-тўплами чоп қилинди. "Ўзбеккино" Миллий агентлиги хужжатли фильм яратди. Бадиий академия Шароф Рашидов сиймоси тасвирланган ҳайкаллар устида қизғин ишлади. Жиззаҳ вилоятидаги Жиззаҳ тумани Шароф Рашидов номи билан аталиб, бу ерда кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Жиззаҳ шаҳрида эса мемориал уй музейи ташкилланди. Улуғ инсонга яраша катта тўйга ҳар жиҳатдан арзигулик тўёналар тайёрланди. Бизнинг ушбу эссемизни яқинлашаётган санага бағишлаб битаётганимиз аслида бежиз эмас. Шароф Рашидов чин маънода қутлуғқадам инсон эди. Унинг чорак асрлик юрт отаси сифатидаги ҳар бир куни қутлуғ ишлар билан ўтарди. Ажойиб инсондан эл қалбига муҳрланиб қолган ўчмас хотиралар ҳам ана шу қутлуғ изнинг ҳеч қачон унутилмаслигидан ёрқин нишонадир.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.