Ўз навбатида, ўша замонда энг юксак шифокорлик ҳунари, санъати жамоа ва халқ томонидан беқиёс даражадаги ноёб касб сифатида эъзозланган, уларнинг меҳнати қадр­ланган, натурал ҳақ тўлаш йўли билан тақдирланган. Мураккаб, яъни кўп хасталикка чалинган беморларни бир йўла бир неча шифокор бамаслаҳат даволашга киришганида, яъни консилиум чоғида жарроҳ билан дуохон муолажасига алоҳида диққат-эътибор қаратилган. Улар ютуғи жуда қадр­ланган. Масалан, ҳар бир муваффақиятли чиққан жарроҳлик амалиёти учун табиб меҳнати беморларнинг моддий имкониятлари, уларнинг жамоада тутган мав­қеи, эгаллаб турган вазифасига мувофиқ туя, бия, сигир, эшак, қўй, эчки ёхуд бошқа жонзотларни инъом этиш, иш ҳақи сифатида бериш йўли билан тақдирланган. Умуман олганда, жарроҳлик касби аждодларимиз дев, инсу жинс ва жодугарлар "нафаси тегиши" туфайли вужудга келган хас­таликларни даволайдиган энг қулай ҳамда мақбул усул сифатида беҳад даражада эъзозланган.

Қадимги аждодларимиз, ҳаттоки ҳомилани ҳам жарроҳлик йўли воситасида бу дунёга келтириб олиш усулини қўллаганлар. Дори-дармонларнинг орасида "заҳри мор" - "илон заҳри" ҳам қайд қилинган эди. Аммо, "илон бошқа судралиб юрувчи газанда, ҳашаротлар қатори нест-нобуд қилиниши лозим" ҳисобланган.

Шарқшунос олим Баҳромийнинг таъкидлашича, "Авесто"да мингдан зиёд доривор ўсимликлар, гиёҳлар рўйхати келтирилган, улардан дори олиш ва тайёрлаш усуллари кўрсатилган. Дорилар эса кўпинча шира, барг, гул, дон, бута ва гиёҳ илдизи, ширасидан, кўкнори, зира, пиёз, турп, хурмо, сабзи, беҳи, асал, зайтун мойи, зирк, дўлана сингари гиёҳлар, маҳсулот ҳамда ўсимликлардан тайёрланган. Жарроҳлик жараёнида шаробга Хум ва наша шираси қўшилиб, операция, яъни амалиётнинг олдидан беморни беҳуш қилишда самарали фойдаланилган. "Авесто"да "Оқ Хум барчаси доривор гиёҳларнинг подшоси" ҳисобланган. "Сен Амударёнинг ўртасида униб чиққан, Семурғ уя қурган жойда яшасанг-у, сендан инсон саломатлиги учун фойда тегмаса, у ҳолда икки пуллик қимматга эга эмассан. Агарда дарахт беморлар дардига асқотадиган бўлса, уни барча кишиларнинг табиби, деб аташ лозим. Бундай ўсимлик "ҳамманинг кўмакдоши" деган номни олишга арзийди".

"Авесто"даги факт ва далиллар Туронзаминдаги табобатга доир қарашлар рим, юнон ва араблар тиббиётидан ҳам кўҳналиги, узоқроқ тарихга эга эканлигини яққол кўрсатади. Ёдгорликнинг матнида замин, хона, бадан, кийим-кечак, озиқ-овқатларни тоза тутиш ва сақлаш тартиб-қоида-низомига алоҳида диққат-эътибор қаратилган. Унда гўристонларни шаҳарлар ва қишлоқлардан анча йироқда - баландликда жойлаштириш, мурдашўй (ғассол ҳамда ювғувчи)ларнинг махсус тозаликка риоя қилишлари зарурлиги ҳам алоҳида уқтирилган. "Одам ёки итнинг мурдаси теккан ерга бир йилгача зироат экиш мумкин эмас", - дейилади "Вендидод" матнида. Мурда тегиб кетган кийим-бош, ерларни қатрон қилиш, ўликни дафнга қадар асраб туриш, унинг либосларини эса махсус жойларда сақлаш ва бошқа турли омиллар хусусидаги бир қатор фойдали маслаҳатлар мавжуд. Бир ҳайвон ёки парранда ўлигини ўз вақтида халқ назаридан олиб, ерни чуқур ковлаб, қазиб кўмиб қўйиш йўли билан юртда микроб ёхуд касаллик тарқалишининг олдини олган инсонлар "жаннатий киши" ҳисобланган. Зардушт бўлса шундай дейди: "Ростини айтсам, қуёш, ой ҳамда юлдузлар ҳам нопоклардан ниҳоятда азият чекади", "Мурда чиққан хонани пок этмоқ учун, танани уч маротаба ювиб, қатрон қилмоқ лозим. Албатта, айнан ўша лаҳзаларда гоҳ ("Авесто"да мадҳ, алқов - Б.И.) ларни ўқиб турмоқ шарт. Фақат шундан кейингина бу хонага бош­қалар ҳам киришлари мумкин".

"Авесто"да ҳаётнинг манбаларини бул­ғаган ҳамда уни нобуд этган "одамлар дўзахийдирлар", - деб қайта-қайта таъкидланган.

"Авесто"да ёзилишига кўра, одамлар орасида ўлим қуйидаги ҳолатларда ҳам содир бўлиши мумкин: 1) Касалликдан; 2) Куч ишлатишдан; 3) Қашшоқликдан; 4) Қўрқувдан; 5) Ғам-дарддан; 6) Афсунгарликдан; 7) Бўри, ит ва бошқа ҳайвонлар таъсиридан.

Илоҳий тарзда белгиланган умрни кечириб бўлгач, оламдан ўтган, яъни қазо қилган одамнинг танаси рамзий маънода ҳаром ҳисобланган. Зардуштийлик анъаналарига мувофиқ ўлимдан сўнг мурда уч кечаю кундуз ўша марҳумнинг руҳи нариги дунёга етиб боргунича, махсус хонага қў­йилиб, покиза нарсалардан маълум бир масофадаги узоқликда сақлаб турилган.

Зардуштийликда жон бераётган киши вайронкор кучларнинг тимсоли, ўлимнинг яратувчиси Ахриманнинг доимий таҳдиди ва хуружи остида қолганлиги сабабли унинг олдида ёвуз кучларни ҳайдаш учун иккита коҳин туриши лозим бўлган. Улардан бири оловнинг олдида дуо ўқиган, иккинчиси бўлса оғир ҳолдаги одам оғзига оби ҳаёт (муқаддас хаома) шарбатидан ёки анор сувидан аста-секин томизиб турган.

Зардуштийлик дини қабул қилинган илк пайтларда муқаддас ҳисобланган замин, сув, олов, ҳавони ҳам булғамаслик мақсадида мурдани ўлимтикхўрларга едириш расм бўлган эди. Шу боисдан оламдан ўтганлар танаси тоғ ё баланд тепаликда ясалган махсус супага қўйилар эди. Дарранда ёки паррандалар мурданинг этини буткул еб кетгач, унинг суяклари йиғиштириб олиниб, кўмилган ё бўлмаса остадон деб номланган сопол кўза, қутиларга солиниб, наус деб аталган махсус жойда сақланган. Илм-фан ривожланиб, маънавият ҳам маълум даражада юксалгач бу одат (мурдани еган ҳайвон ёки қушлар сув ҳавзасига тегиши туфайли) турли-туман касалликлар тарқалишига сабаб бўлаётганлиги англаниб, ўликни ювиб, махсус кафанга олиниб, муайян чуқурликка кўмиш, захкаш минтақаларда эса сағаналарда сақлашга қарор қилинган. Ўликни оловда куйдириш одати ҳам атроф-муҳит покизалигини асраш ҳамда озиқ-овқат тайёрлаш учун ўтин, ёқилғи танқислигининг олдини олиш, агарда, бугунги замон атамаларини қўллайдиган бўлсак, энергиядан тежаб-тергаб фойдаланиш ниятида тақиқлаб қў­йилган. "Авесто"да таъкидланишича, мурдани куйдириш учун тўпланган ўтин бошқа мақсад учун ишлатилмасдан, бекор ёқиб юборилиб, унинг кули бўлса кўмиб ташланган. Бу ҳам аслида, ўша замонда ҳам, ҳозирги пайтдагидек танқис бўлган ўтиннинг исрофланишига олиб келган.

Ёниб турган гулхан абадий ҳисобланиб, у маълум бир илоҳ ёки аждодлар арвоҳига бағишланган. Ўчирилмай сақланган олов эса бегона кишилар ва ғайридинларнинг назар-нафасидан асраб-авайланган. Ҳар бир турар жойда шу хонадон чироғи, унинг қўри ва алангасини доимо сақлайдиган оилавий оташгоҳлар бўлган. Улар кўпинча махсус ажратилган ва покиза тутилган хоналарда ташкил этилиб, ўша олов алоҳида диққат-эътибор билан қурилган ўчоқ ёки тагкурси (супача)нинг устида эҳтиётлаб ёқиб сақланган.

Оловни эъзозлаш удуми зардуштийлардан бошқа халқларга ҳам кўчиб ўтган. Шу жумладан, муқаддас оилавий ўчоқ оловини бегоналардан яшириш қадимги юнонларга ҳам хос анъана бўлган.

Бахтиёр ИСОҚОВ

(Давоми бор).