"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" фахрий унвони соҳиби Аҳмаджон ҳожи ота Худойназаров тасвирига чизгилар.

 

Инсоннинг обрў-эътибори унинг билимдонлиги, меҳнатсеварлиги ҳамда атрофидагиларга меҳр-оқибати туфайли баландлайди. Касб-корига муносиб феъл-атвори ва фазилатлари эса мавқе-мартабасини янада ошириб юбораверади. Шу икки омилни умрига уйғунлаштира олганлар, албатта ўзларини бахтли санашга ҳақлидирлар. Сабаби, ишлаётган пайтларида ҳам, нафақага чиқишганида ҳам халқнинг ҳурматига сазоворликдан кўнгиллари яйраб-яшнайверади. Давлатимиз мукофотлари билан сийланаверишади. Худди Аҳмаджон ҳожи отадек.

- Сизни бежизга ўз ёнимга олмаяпман.-деган эди 1973 йили туман марказий шифохонаси бош врачи Маҳмуджон Қўчқоров - ўринбосар - номига муносиб ўринбосар бўлиши керак. Вазифангиз масъулиятини бирор лаҳза унутмаслигингиз шарт. Талабчанликка яраша ҳар бир кишининг фаолиятини холис ва адолатли баҳолашни ўзлаштирсангиз, барча топшириқлар "юки"га мен билан теппа-тенг елка қўя олсангиз, наинки жамоамиздагилар, балки юқори ташкилотлар раҳбарларигача ишонч назари билан қарашади. Очиғи, сизни касбдош сифатидагинамас, раҳбарлик бобидаям шогирд мақомида кўришни истайман.

 

Аҳмаджон туманнинг тиббиёт тармоғини бошқарувчи бош шифокорнинг меҳр билан боқиб айтаётган самимий сўзларини эшитар экан, беихтиёр биринчи кунданоқ раҳбарига нисбатан кўнглида ихлос ва садоқат туйғулари ниш ураётганини англаб, ич-ичидан қувонди. Ака тенги одамнинг худди отаси каби эртанги камолотини ўйлаб, шогирдликка сайлашини сира-сира кутмаган эди. Барибир у кишининг сири босди:

 

- Истагингизга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан, - деди секингина.

 

- Бўлмаса, даволаш бўйича вазифаларни тўлалигича сиз қўлингизга олинг, ташкилотчилик ишларини ўзим уддалайман, аммо етказолмай қолган пайтларим ёрдамга чақиришим ҳам мумкин, - дея шогирдининг тортинчоқлигини тарқатиб юбориш учун ёқимли жилмайди Маҳмуджон Қўчқоров.

 

Ўша йили Аҳмаджон ўттиз бир ёшда эди. Оқ халатни елкасига илганига эса атига саккиз йилгина бўлганди. 1965 йили Самар­қанд давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини тугаллаб, йўлланма билан Поп туманига юборилгач, у ерда Мирзаорол қишлоқ шифохонасида илк фаолиятини бошлаб, келаси йили марказий касалхонанинг терапевти вазифасига ўтказилган, яна икки йиллик мажбуриятини ҳалол адо этиб, 1968 йили Тўрақўрғонга қайтганди.

 

Муомаласи мулойим, беморларга меҳрибон, ташхис қўйиши ишончли врач бу ерда қисқа фурсатда марказий поликлиника мудирлиги даражасига етганди. Раҳбарлик доирасининг кенгайишини тасодифий эмас, табиий ҳол эди десак, асло янглишмаймиз. Энг муҳими, юқори малакали мутахассису яхши устознинг назарига киргани унга тақдирнинг навбатдаги инояти бўлди.

 

Одатига кўра, ўринбосар ҳар куни эрталаб бош врачга кеча бажарилган ишларнинг маълумотини олиб кириб, унинг ҳузурида бугунги вазифаларни биргалашиб белгилаб чиқишга чоғланарди. Бу гал бош врачнинг ўзи барвақт йўқлаб қолди.

 

- Бизни Маматхон ака чақиртиряптилар,-деди остона хатлаши билан раҳбари. - Сезишимча, топшириқнинг каттаси боро-ов.

 

Икковлари шошилинч равишда туман партия қўмитаси саркотиби Бобохоновнинг қабулхонасида ҳозир бўлишди. Куттирмасдан ичкарига таклиф этилишди.

 

- Яқинда борганимда кўриб-билдимки, шифохоналарингиз биноларни эски, халқни даволашга яратилган шароитлар давр талабидан ортда қолган, - деди кескин оҳанг­да у. - Мен шу қарорга келдим: биноларни навбатма-навбат янгилаймиз. Сизлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилайсизлар!

 

Кўп ўтмай, амалий ишларга зўр берилди. 240 ўринли шифохона мажмуасининг лойиҳаси тасдиқланди, қурилишга жадал киришилди. Бинолар битаверди, уларнинг жиҳозларигача янгиланди. Тиббий аппаратлар, асбоб-ускуналарнинг энг замонавийлари келтирилди. 1975 йилдан бошланган эзгу ҳаракатлар икки-уч йил ичида ўз самарасини кўрсатди. Тўрақўрғонлик тиббиётчилар олиб бораётган ишлари вилоятда намунали даражага кўтарилди. Бу бош врач ҳамда унинг ўринбосари кеча-кундуз елиб-югуришларининг, кўп сонли тиббиёт ходимлари фао­лиятини эл саломатлигини сақлашга тўғри йўналтира билганликларининг натижасидир. Ана шу жараёнда шогирднинг устозига муносиблиги, янаям аниқроғи, ташаббускор ва ташкилотчилиги яққол намоён бўлган эди.

 

У 1979 йили бош врачлик лавозимига та­йинлангач, ҳеч қийналмасдан янгидан-янги ижобий ўзгаришларга бош-қош турди. Бун­ёдкорлик кўлами тобора кенгайтирилди. Тез орада тўрт қаватли туғруқ комплекси битказилиб, бу ер аёлларнинг чинакам нажотгоҳига айлантирилди. Участка шифохоналаригача эътибор кучайтирилди. Барчаси ЭКГ аппарати билан таъминланди. Тиббий пунктлар ўрнида қишлоқ врачлик амбулаториялари очилди. Тиббий кўриклар анъана тусига киритилди. Энг муҳими, эътирозсиз хизматни йўлга қўйиш учун катта-ю кичик муассасаларнинг жамоаларидан доимий масъулият талаб қилинди.

 

- Ҳозир ўша дамларни эсласам, кўнглимда мунавварлик туяман, - дейди Аҳмаджон ота Худойназаров. - Йиғилишларимизда муттасил қатъий тартиб-интизомга эришишни уқтирардим. Чунки қаерда батартиблик ҳукм сурса, қаерда меҳнат интизоми мустаҳкам бўлса, ўша жойда иш унуми ортади, даволаш муассасаларида эса, муолажалар бесамара кетмайди, беморларнинг шифокорларга ихлос-эътиқоди барқарор ва бардавомлиги таъминланади. Ҳар бир ходим, хоҳ у олий маълумотли врач бўлсин ёки оддий бир фаррош ўз вазифасига масъулият ҳисси билан ёндошса, халқдаги ризолик кайфияти, норозиликка ўзгариб кетмайди. Биз худди бугунгидек, Президентимиз йил мобайнида таъкидлаб келаётганларидай ўша пайтларда ҳам инсон манфаатини устувор билиб, эътирозларга ўрин қолдирмай, эътирофлару олқишларга сазоворликка интилганмиз.

 

Ҳозирги ёш шифокорларга: Сизлар улуғвор вазифаларни бажаришни ўз олдига қўйган ғоят ғайратли-шижоатли халқнинг хизматига сафарбарсиз. Уларнинг соғлигини сақлаш билан мамлакатимиз тараққиётини тезлаштирувчи етакчи қудратли кучнинг сусайишига йўл қўймайсиз ва йўл қўйишингиз ҳам мумкин эмас. Бу муқаддас бурчингиздир, бу истиқлолли Ўзбекистонимизни мунаввар истиқболига қўшадиган беқиёс ҳиссангиздир! - дея уларни элу юртга садоқатли хизматлари билан чинакам саодатга эришишларини тилайман.

 

Истиқлол даври ислоҳотлари талаблари асосида фаол фаолият юритаётган кардиолог шогирдлари Тоҳиржон Алимов, Маъруфжон Шапихонов ва Абдулходи Салимбоевлар устозлари сингари эл олқишига сазовордирлар. Бундан у киши ғоят фахрланадилар.

 

Шаҳандлик меҳнат фахрийси 1985 йили яна бир хайрли ишга қўл урганликлари ҳам тумандошларнинг ҳануз ёдида. Илк бор марказий шифохонада алоҳида кардиология бўлимини ташкил қилдилар. Москва ҳамда Белоруссиядаги юқори нуфузли тиббиёт маркази ва клиникаларида малака ошириб қайтгач, 1986 йилдан шу янги бўлим ишини юритишни ўз зиммаларига олдилар. Ҳатто нафақага чиққач ҳам яна бир неча йил юрак хасталикларига чалинганларни даволадилар.1998 йили "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" фахрий унвонига муносиб кўрилдилар 2006 йил "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 15 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирландилар.

 

Айни маҳалда шаҳандлик шифокор 7 фарзандни эл хизматига йўллаб, 21 невара, 6 эваранинг бобоси сифатида кўнгиллари шукроналик туйғуларига тўлиб-тошиб, ёш ҳамкасбларига панду насиҳатларини аямай, дуогўйлик қилиб, давраларнинг тўрида ўлтирибдилар. Биз у кишини шундай юксак мартаба ҳеч қачон тарк этмаслигини истаймиз.

 

Содиқ САЙҲУН.