Жаҳонгир ТОЛИБЖОНОВ,

Андижон давлат тиббиёт институтининг 4-босқич талабаси:

- Биз Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига қадам қўйганимиздан буён кўриб-биляпмизки, замон талабига муносиб яшаш ва ишлаш барчамизнинг бирдай ҳаёт тарзимизга айланмоғи зарур. Эзгу мақсадларга яраша эзгу амаллар, ҳайратона ўзгаришлар ўз-ўзидан юзаланмайди. Уни ҳаракатга келтирувчи қулай шароитлару тўкис имкониятларгина дилларимизда иштиёқ уйғотади. Менимча, мазкур анжумандаги Юртбошимизнинг тавсиялари ва таклифлари, талаблари ва топшириқлари йигит-қизларда уларни амалга ошириш иштиёқини ғоят кучайтириб юборди. Ахир қурултойда расмиятчиликдан, компаниябозликдан холи, навқирон авлод манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси бўла оладиган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тузилди. Энди бизлар мустаҳкам иқтисодий манбага, кафолатли ҳуқуққа, катта ваколат ва имтиёзларга эга, зиммасига ватан тараққиёти, истиқболи учун беҳад зарур ва долзарб вазифалар юкланган алоҳида ташкилотга уюшмоқдамиз. Агар унинг атрофига маҳкам жипслашиб, мамлакатимизнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини изчил бажаришга астойдил киришган халқимизнинг олдинги сафларидан ўз ўрнимизни топа олсак, билдирилган юксак ишончга муносиб ёшларга айланамиз.

Менинг ўзим устозларимдан уч йил мобайнида тиббиётнинг стоматология соҳасига доир билимларни пухта ўзлаштиришга астойдил ҳаракат қилиб келдим. Бу йил амалиёт ўтказишга берилган вақт тугаганига қарамай, таътил пайтида ҳам ўз ихтиёрим билан беморларни беминнат даволашда фаол қатнашяпман. Яхши биламанки, қанча кўпроқ муолажа билан шуғуллансак, шунчалик билимимиз мустаҳкамланади, малакамиз мукаммаллашади. Янги давр олдимизга янги талаблар қўяётган экан, бизлар ўз фаолиятимизни зиммамизга юкланаётган вазифалар масъулиятини ҳар доим чуқур ҳис этган ҳолда адо қилишга бурчлимиз.

Келажак орзуларим бир олам. Боиси, ёшларга қаратилаётган эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликлардан оқилона фойдалансаккина, замонга ҳамоҳанг яшашга эришамиз. Президентимизнинг "Айни пайтда қўлига диплом олиб, мустақил иш бошлаётган ёшларимиз учун ҳам қўшимча имконият ва имтиёзлар яратиб берилади.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари бу имкониятлардан фойдаланади...

Ёшларни иш билан таъминлаш учун аввало улар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш, бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида биз бир қатор чора-тадбирларни кўзда тутмоқдамиз" деб қурултойда алоҳида таъкидлаганлари айни муддаодир.

Мен стоматология соҳаси бўйича кичик хусусий муассаса очишни ҳам ҳозирдан дилимга тугиб қўйдим. Келгусида халқимга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш билан катта наф келтириш учун устозлар ёнида тажрибамни тинмай бойитаман, керак бўлса, хорижга бориб малака ошириб қайтишни режалаштириб турибман. Ахир бизни қўллаб-қувватловчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бор.

 

Фотима САИДУМАРОВА,

Наманган тиббиёт коллежи талабаси:

- Умримизнинг бетакрор онлари ҳисобланган ёшликнинг қадр-қимматини бирор лаҳза унутмаслик бизларни камолотга етказади. Чунки, бугун танларимиз куч-қувватга тўла, онгимиз илму шуурга бой, кўнгилларимиз ғайрат-шижоатга лиммо-лим. Буларни ҳамиша эзгу амалларга сарфлашга элу юрт олдида бурчлимиз. Марраларни баланд олишимизгина кифоя эмас, ўша юксак мақсадларга эришишни табора тезлаштириш даставвал ўзимизга боғлиқдир. Ёшларга хос жўшқин ҳаракатимизни бирор дақиқа сусайтирмасак, кўп ишларга қодирликдан ёши улуғларни ҳам ҳаваслантиришимиз мумкин. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати тобора устуворлик касб этаётгани, бизларнинг мақсад манзилларига жадал етишимизга кенг имкониятлар яратилаётгани қалбимизни янада мунаввар айламоқда.

Бугун барча ёшлар қатори мен ҳам мустақил Ватаннинг навқирон фарзанди эканлигимдан беҳад фахр туяман. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжумандаги нутқи порлоқ истиқболимиз дастуридир. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи деган янги тузилманинг эълон қилиниши, унинг мақсад ва вазифалари аниқ белгилаб берилиши, энг муҳими, давлатимиз томонидан юксак эътибору рағбат ёғдирилиши бизлар учун айни муддао. Юртбошимизнинг "Жисмоний ва маънавий етук ёшлар - эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир" деган ишонч тўла сўзлари кўнглимизда ғурур уйғотиши билан бирга зиммамизда юксак масъулият борлигини ҳам ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз зарурлигини англатади, албатта.

Мен коллежда аъло баҳоларга ўқишнинг ўзи етарли эмас деб ўйлайман. Чунки, жамият биздан кўп нарсаларни кутади. Билимдон ўқувчи айни пайтда фаол жамоатчилар сафида юрсагина, у ҳаётдан чинакамига ўз ўрнини топа олади. Бизнинг оиламиз зиёлилардан иборат бўлишгани учун маънавиятнинг битмас-туганмас хазинаси - китобларга меҳримиз жуда баланд. Бу хислат ҳамиша ғамхўримиз, намуна тимсолимиз - бобом, филология фанлари номзоди, доцент Саидумар Сайдалиевдан ўтган-да. Уларнинг рағбатлари туфайли, аввало, тиббиёт коллежига ўқишга кириб, шифокорликнинг сирларини ўрганмоқдаман. Айни маҳалда бўш вақтимни китоблар билан ўтказиб, хушвақтга айлантиришни бирор кун ҳам канда қилмаяпман. Боиси, ҳали олдимда эзгу орзуларим бир талай: олий ўқув даргоҳида ҳам сабоқ олмоқчиман. Ўзбекистонни бугун жаҳон таниётган экан, шу ҳур ватаннинг бахтиёр қизи сифатида хорижий тилларни ўрганиб, чет мамлакатларга бориб, юртим довруғига довруқ қўшсам, деган истак мени ҳамиша ҳаракатга чорлайверади.

 

Моҳира ҲАБИБУЛЛАЕВА,

Чортоқ тиббиёт коллежи талабаси:

- Яқинда вилоят ижодкор ёшларининг Поромон семинари ўтказилди. Унинг мушоира анжуманини таниқли шоир Носиржон Жўраев билан қаламкаш педагог Шоҳсанам Эрманбетовалар олиб боришди. Шеър ўқиш навбати менга келганида юрагимни ҳадсиз ҳаяжон қамради. Истиқлолли юртнинг чин иқболли ёшлари қаторида эканимдан бир олам фахр туйдим. Ахир даврамиз бениҳоя кенг эди. Мен тенги ўнлаб қизлар мушоирани авжлатишди. Тадбир сўнггида Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши вилоят бўлими раҳбари Сайфиддин Муҳиддинов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Дилноза Акрамованинг қўлидан қимматбаҳо совға, ташаккурнома ва дипломлар олдик.

Қурултой минбарида Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаётган чоғларида шоир Ҳамид        Ғу­ломнинг "Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!" сатрини бизларга ҳавас билан такрорлаганлари ҳам бежиз эмас. Бу ҳаваснинг замирида мен каби миллионлаб ўғил-қизларнинг яйраб-яшнаб ўсиши, илм ва ижод чўққиларини эгаллаши, наинки мамлакатга, балки бутун дунёга ҳам танилиши учун барча имкониятларнинг муҳайёлиги кўз ўнгимизда намоёнлиги туради десам, асло янглишмайман. Фақат ана шулардан оқилона фойдаланган ҳолда ўзимизнинг бутун билимимиз, истеъдодимиз ва куч-қувватимизни Ўзбекистонимиз равнақига сарфлашимиз шартдир. Ватанимизнинг ривожига ривож қўшаётган халқимизнинг ҳамиша пешқадам қизлари сафида бўлишга бурчдорлигимизни унутишга ҳаққимиз йўқ.

Бугун ҳар биримиз истиқлолли юртимиз учун нималар қиляпмиз? - деган саволни ўзимизга бермоғимиз лозим. Шу савол олдида ҳижолат тортмаслик учун эса, ҳамиша астойдил ўқишимиз ва ишлашимиз зарур. Бу борада менинг ўзим ҳозирги ҳаракатларимдан гарчи кўнглим тўлмаётган бўлса-да, имконим қадар ўқиб-изланяпман.Эзгу ниятлар билан олға интилишдан толмаяпман.

Аввало, коллежимизнинг аълочи ва жамоатчи талабалари қаторида юрганим устозларим Иззатулла Раҳмонов, Манзура Шарипова, Жаҳонгир Юсуповларнинг рағбатларига сазоворлигимдан деб биламан. Адабиётга меҳру муҳаббатим меваси - "Жаннатим онам" тўпламимни шеърият шайдоларига туҳфалаганимдан беҳад хурсандман. Менга ижод гулшанида оқ йўл тилаган таниқли устоз шоир Оташ Холмирзаевнинг қимматли маслаҳатлари учун бир умрга миннатдорман.

Орзуларим ҳали бир талай. Келгусида моҳир шифокор, элсевар шоира, фаол журналист бўлишга интиламан.

Бугунги ўғил-қизларнинг ана шундай эзгу ният, эзгу амал, эзгу курашни ўзларининг яшаш тарзларига айлантириб олишгани беҳад қувончли. Академик адибимиз Ғафур Ғуломнинг ёшларга қарата: "Аъло мамлакатнинг аъло фарзанди, Билиб қўйки, сени ватан кутади!" деган хитоблари барчамиз Ватанга муносиб бўлишимиз кераклигини ҳамиша ёдимизга солаверади. Юртбошимизнинг қурултойда билдирган катта ишончларини оқлашдек муқаддас бурчимизни юксак масъулият, юксак шараф деб билсаккина, мамлакатнинг аъло фарзандлари мақомига эриша оламиз. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармони асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилаверади, албатта.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.