ОЛАМ ВА ОДАМ

Олам ва одам - эгиз сўз, эгиз яратиқ. Бири бирисиз номукаммал, бири бирисиз номукаррам. Бири бардавомликда, бири баркамолликда улуғланади. Оламнинг оламдай яшнаши одамнинг одамдай яшашидан барқарор. Одамнинг одамдай яшаши эса, оламга ўзиникидай назар ташлашидан жилвадор. Мустақил ватандагина ҳуру хуррамлик кафолатли. Бусиз ҳаёт кечириш чин маънодаги яшаш эмас, оддий кун кўриш, холос. Орзулар - армон, тиллар - гунг, кўзлар - ожиз, қўллар - калта, оёқлар оқсоқдай гап. Ақл бору, ишлатиш бошга бало. Эмин-эркин нафас олиш хомхаёл. Онгу шуурдан бенасиб қурт-қумурсқадай ризқинг ушоқларга, қадринг тупроқларга тенг. Инсон учун бундан-да баттар кўргулик қаерда?! Чидаш оғирдан оғир. Сабр мусибатдан мусибат. Шу боис миллий уйғониш даврининг оташнафас шоири Абдулҳамид Чўлпон " Кўнгил" шеърига қалбининг туб-тубидаги ички нидоларини чуқур сингдириб юборган эди:

Кўнгил, сен бунчалар нега

Кишанлар бирла дўстлашдинг

На фарёдинг, на додинг бор,

Нечун сен бунча сустлашдинг?

Ҳақорат дилни оғритмас,

Тубанлик мангу кетмасми?

Кишанлар парчаланмасми?

Қиличлар энди синмасми?

Тириксан, ўлмагансан,

Сен-да одам, сен-да инсонсен,

Кишан кийма,

Бўйин эгма,

Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!

Ана халққа хитоб, ана халққа даъват, ана халққа ўзлигини англашга илтижо.

Афсуски, Шўролар замонида шўрпешоналик қисматига кўникмайдиган, атрофидагиларни ҳам мудроқликдан қутулишга ундовчи пешқадамларнинг очиқ кўзларига чўп ташланди. Офтобни соғинганлар мангу зулматга улоқтирилди. Не-не миллатимизнинг гуллари бешафқат тузумнинг қатағон қиличида қийратилди. Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Беҳбудий, Усмон Носир ва Ибрат сингари элимизнинг асл фарзандлари, ҳуррият фидойилари "халқ душмани" тамғаси билан бадном этилдилар.

Таниқли шоирамиз Ҳалима Худойбер­диева "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида мустақилликнинг илк йилида куюниб ёзганидай: "Ўша йиллар қай даражада бемаъниларча бахтиёр яшаганимиз, куйлаганимизнинг фаҳмига ва буларнинг сабабларига энди-энди унча-мунча етаётгандекман. Қатағон-репрессия йиллари қисқа вақт ичида халқ орасида ўқув алфавитининг икки марта ўзгаргани... Зиёли, билимдон одамлар китобларигача қувғунга учрагани... Бу каби ҳодисаларнинг ҳар бири оддий халқ орасида аста-секин илдиз отиб қўрқув, ваҳиманинг авж олиши эътиқоднинг сусайиши, манқуртликнинг бошланишига олиб келади". Ана шу ҳолат ёмондан ёмони, миллатнинг тубсиз таназзули. Ахир, кимлигини унутган, ўтмишидан мосуволанган халқдан яна нималар кутиш мумкин. Кўр кўрона, бемақсад югурган кимсалардан қаери кам уларнинг. Ёзувчи Лев Толстой: "Агар бизнинг юрагимиз бўм-бўш бўлса, уни қонунлар билан ҳам, сиёсий ислоҳотлар билан ҳам тўлдириб бўлмайди", дегани қанчалар тўғри-я! Зеро, юрак ҳурликка ташна эди, ҳадикдан безиган эди, ишончга маҳтал эди. Шунинг учун эътиқодсизликка етаклаганларга халқимиз қалбида нафрат гулларди.

Дарахтнинг яшноқлиги унинг тупроққа чуқур томир отганида, илдизлари бутлигида. Миллатнинг уйғоқлиги эса ўтмишини, аждодлари кимлигини яхши билишида ва унутмаслигида. Мустамлакачи мустабид устамонлар шуни тушунган ҳолда биз ўзбекларни оламга кўз -кўз қилгудек аждодларимиздан бегонасиратишга жон-жаҳдлари билан уриндилар. Юз ўттиз йиллик рус ҳукмронлиги жабру жафолари уч-тўрт авлоднинг қаддини дол, ақлини лол айлади. Қаттол замона зайлидан тирикларгина эмас, ўликлар ҳам хўрликка гирифторланди. Тарихимизни сохталлаштиришдан тап тортмаганлар ҳийла-найранг­корлик билан ғоявий вайронкорликни бетўхтов авжлантирдилар. "Улуғ оғангман" деб ноғора чалаётганлар ўзларининг куйларига ўйнатишдан бошқани кўзлашмаган эди. Ҳатто фикрлашимизгача кўзга кўринмас панжара қўйиб қўйишганди. Биз, ўзбекларни бир вақтлар ярим ер юзида адолат ўрнатган Соҳибқирон Темур бобомиздан тондиришгача боришган. Ўрнига боғчадаги болалардан тортиб катта ёшдагиларгача "доҳий" Ленинни "бобом"латишга ўргатишган. Яна ачинарлиси, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий ва Мирзо Улуғбекдек жаҳон тан олган даҳоларнинг ворисларини саводсиз атаб, менсимай қараганликлари туҳмат ва таҳқир эди. Аслида ўзбеклар илмлиликда ҳеч бир халқдан кам бўлмаган. Айниқса, руслардан.

 

ҲАЁТНИНГ ҚАДРИГА ЕТИШ САБОҒИ

Кечаги кунга, яқин ўтмишга назар бугунги ҳаётнинг қадрига етиш сабоғини беради бизларга. Буни кўпни кўрган, уйларимиз тўрида қўр тўкиб, панду насиҳатлари билан кўнгилларимизда эзгуликнинг бетугал уруғларини нишлантираётган, тўқсон-юз ёшларга бориб қолган боболаримиздан, момоларимиздан тинглашимиз мумкин. "Бизнинг авлодимиз зиёлилар бўлишган, - дея эслардилар раҳматли бобом Нуруллоҳ қори Абдуллаев. - Дадамнинг оталари мулла Сулаймон Қўқон хони Худоёрхоннинг девонида мирзо эканлар. Абдулла ўғилларини Россиянинг Қозон шаҳрига ўқишга жўнатишган. Онамни Ширинбуви дейишарди. Исмлари жисмларига жудаям мос тушарди. Гап-сўзлари ёқимли ва фикрлари мағизлилигидан хотин-қизлар давраларига чинакамига файз киритиб юрардилар. Рус босқинидан ке­йин бобом анча азият чекканлар. Отамнинг косасиям на Оқпошшо, на Шўролар замонида оқарди. Алдовларга, риёларга таянган жамиятда тобеларга толе ростакамига кулармиди. Колхозлаштиришга зўр берилган паллада еримиздан ҳам, бойлигимиздан ҳам ажралганмиз. Олий маълумот олишга имконим ҳам қолмаган. Охир-оқибат кетмон орқасидан кун кўрганмиз. Қўлимизнинг қадоғи қанчалар қатма-қатланмасин, вақтлар кечиб йўқолиб кетдию, қалбимизнинг қадоғига йўл бўлсин. Бизнинг оилани меҳр-оқибат мустаҳкам тутди. Фақат истиқлол даврига келибгина чинакам рўшноликка эришдик. Фарзанду набиралар камолидан, шу улуғ Ватан жамолидан фахру ғурур туйишни Аллоҳим насиб айлади".

 

ҲУРРИЯТ - ДИЛЛАРДАГИ ДУРНИЯТ ЭДИ

Чорак асрлик ҳуррият кечагина ота-боболаримиз учун, ундан аввалги ўтмишда бобо-момоларимиз учун дурният эди уларнинг кўнглида. Буни хонадонимиз фариштаси Анорхон момом ҳам кўп бор таъкидлаб туришади. Дилларидаги армонлар умрларининг аламли кечмишига айланганакан. Халқ толесизлигини тилларига чиқаролмай, сохта жилмайиб, сохта сўзларнинг сиқувидан юрак-бағрилари эзилиб умр­гузаронлик қиларкан. Ўз ватанида ватансиздай сезаркан ўзини. Ўзга юртни "Ватан"дея улуғлашга маҳкумликдан кўз қароқларининг туб-тубигача мунг сингиганакан. Лекин ширин орзу-умидлар Ўзбекистоннинг ўзига ўзбекнинг ўзи бег бўлиши кераклигини тез-тез ёдга солиб турганиниям такрор-такрор эшитганим бор.

Не бахтки, ҳадсиз армонлар қариди, кўнгилларидан толесизлик туйғулари ариди. Пешонаси ярқироқ донишманду, марду майдон боболар руҳининг қўлловида мушарраф халқимизнинг Аллоҳга илтижолари 1991 йилнинг 1 сентябрида ижобатланди. Узоқни кўра билган, аҳди ҳам баланд, шахди ҳам баланд инсон - Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг журъату жасоратлари билан ҳурриятнинг таваллуд куни тантанали эълон қилинди. Олдимизда эса ғоят мураккаб, ғоят машаққатли йўл турарди. Шунинг учун Биринчи Президентимиз қутлуғ қадамларнинг илк одимлари чоғидаёқ "Ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз-бу гул билан қопланган йўл эмас, тоталитаризм меросидан халос бўлиш ва покланиш, мафкуравийлик иллати етказган зиён-заҳматларни бартараф этишнинг қийин, узоқ давом этадиган йўлидир" деб халқимизни эзгу ният билан, сабр бардош билан янги давлатни, янги жамиятни барпо этишда астойдил қатнашишга ундаганлари ҳамманинг ёдида.

26 йил! Қанча-қанча юз йилликларни ўтмиш бағрига тарих сифатида муҳрлаган, бежилов, бенуқсон, бетугал вақт олдида бу гўё киприк қоқунча кечган, сонияга, лаҳзага тенг, холос. Замину замондаги тезкор ўзгаришлар эса ҳурриятга ҳамроҳли ҳазрати инсонни битмас-туганмас куч-қудратга қодирлаб қў­йишини исботламоқда. Кечанинг эртаси бўлган бугун ортимизга мамнун боқа оламиз. Кўнгилларимизга фахру ғурур қўноқлаган. Халқимиз мустақилликнинг дастлабки чорак асрини Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, истиқлолимиз меъмори Ислом Каримов билан, унинг раҳнамолигида ўтказган бўлса, иккинчи чорак асрини янги Президент Шавкат Мирзиёев билан биргаликда бошлади. Устоз йўлини давом эттиришни, устоз ғояларини амалга оширишни ягона мақсад-муддаога айлантирган Юртбошимиз ташаббускорликда ҳам, ташкилотчиликда ҳам, узоқни кўра билишу, муаммоларга тўғри ва дадил ечим топишда ҳам барчамизга ўрнаклар. Буни ҳар куни юрак-юракдан ҳис этиб турибмиз.

 

РАҒБАТ ЁҒДУСИДАН МУНАВВАР КЎНГИЛ

Ёшлик - умримизнинг бебаҳо ва бетакрор палласи. Танларимиз куч-қувватга, онгимиз илму шуурга, кўнгилларимиз ғайрат-шижоатга тўлиб бораверади. Шуларни ҳамиша эзгу амалларга сарфлашимиз керак. Юксак марраларни эгаллашга қодир ҳар бир замондошимиз шарофатбахш истиқлол ислоҳотларида фаол қатнашиб, ҳаётдан ўз ўрнини топиши ғоят муҳим. Бу давр ва замон талаби ҳамдир. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати тобора устуворлик касб этаётгани шундан.

Бугун барча ёшлар қатори менинг кўнглимда ҳам мустақил Ватаннинг навқирон фарзанди эканлигимдан фахру ғурурим бениҳоя. Боиси, шу йил 30 июнь куни пойтахтимиз - Тошкентда ўтказилган "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг VI қурултойида бизларни ғоят тўлқинлантирадиган, эртанги кунга ишончимизни янада ортирадиган умидбахш қарорлар қабул қилинди. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуманда дастурий вазифаларни, қимматли тавсия ва таклифларни ифодалаган сермазмун нутқларини тинглаб, ҳаяжондан кўзларимда севинч ёшлари қалқиди. Ахир Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи деган янги тузилманинг эълон қилиниши, унинг мақсад ва вазифалари аниқ белгилаб берилиши, энг муҳими, давлатимиз томонидан юксак эътибору рағбат ёғдирилиши айни муддао. Энди дилларимизнинг туб-тубида орзулаб юрган ўзгаришлар рўёбга чиқишидан қувонмай бўладими. Мен ҳам кўп миллионли шу юрт ёшларининг бириман. Қурултой минбаридан туриб айтилган барча талаб ва истаклару, тавсия ва йўл-йўриқларга ўзимни тўла дахлдор ҳисоблайман.

Ҳур ватаннинг бугуни ва эртасини ўйлаб, қурултой ўтказилган айём 30 июнни ҳар йили "Ёшлар куни" сифатида нишонлашга қарор қилинди, Ҳарбий курсантлар мактаби "Темурбеклар мактаби" деб номланди, йигитлар учун "Мард ўғлонлар" давлат мукофоти таъсис этилди, фидойи ёшлар бундан буён янги "Келажак бунёдкори" ордени билан сийланадиган бўлишди.

Ўз навбатида қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш, улар орасида ҳақиқий етакчиларни тарбиялаш ишларини янада кучайтириш мақсадида "Қизларжон" ёки "Дугоналар" номи билан янги журнал таъсис этиш масаласи қўйилди. Буларнинг барчаси сиз билан бизнинг манфаатларимизга хизмат қилади, албатта.

Президентимиз қурултой минбаридан туриб нутқлари сўнггида қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб ўтдилар: "Сизларга яхши маълум, ҳозирги вақтда юртимизда "Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз" деган шиор кенг тарқалиб, ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Лекин Ўзбекистонимизнинг мана шундай ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишдек масъулиятли вазифани ким ўз зиммасига олади? Албатта, фақат замонавий билим ва касб-ҳунарни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган сиз, азиз ёшларимиз майдонга дадил чиқиб, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган вазифаларни ҳал этишга қодирсиз". Бундай ишончга муносиб кўрилган йигит-қизлар - хоҳ у уюшган бўлсин, хоҳ у уюшмаган бўлсин, мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида ёшликка хос жўшқин фаолият кўрсатишлари шарт, деб ўйлайман. Ахир Ватанга фарзандликнинг бетугал қарзи ва фарзи эмасми бу!

 

ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!

Оқ йўргакка ўрагансан ўзинг бизни,

Оқ ювиб, оқ тарагансан ўзинг бизни.

Бешигимиз узра бедор она бўлиб,

Кунимизга ярагансан ўзинг бизни.

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон,

Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!

Севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб "Ёшлар мадҳия"си қутлуғ айём арафасида мамлакатимизнинг йигит-қизлари дилида ва тилида баралла садоланмоқда. 26 йиллик истиқлол байрами олдидан бошланиб, табора авж паллага кираётган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурининг бош ғояси ҳам худди шу туйғу мужассамига бағишланмоқда. Тадбир ва дастурларнинг маъно-мазмунида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стретегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" давлат дастури тўла акс этаётир.

Чопағон вақт мудом бетизгин. Лекин одамларга бефарқ эмас. У олға чопар экан, сиз билан бизни ҳам елкасида бирга-бирга эзгу манзилларга талпинтиради гўё. Ортда қолмаслик учун қадамларимизни илдамлатишдан тийилолмаймиз. Агар бепарвою сусткаш бўлсак, вақт армонлар билан жазолайди, агар шаҳдимиз ҳам аҳдимизга яраша баландлайверса, куч-ғайратимиз тўлиб-тошаверса, албатта, бахт билан сийлайди, саодат билан сийлайди.

Кечагина мустақилликнинг чорак асрлик тўйини нишонлагандик, мана бугун эса яна бир йиллик ишларимизни сарҳисоб қила бошлаяпмиз. Бемалол айта оламизки, шу бир йил ўзгаришлар бобида янги саҳифалар очиб юборди.

Биз янги Президентимиз билан биргаликда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига қадам қўйганимиздан буён аён кўриб-биляпмизки, замон талабига муносиб яшаш ва ишлаш барчамизнинг бирдай ҳаёт тарзимизга айланмоғи зарур. Эзгу мақсадларга яраша эзгу амаллар, ҳайратона ва мўъжизали ўзгаришлар ўз-ўзидан юзаланмайди. Уларни ҳаракатга келтирувчи қулай шароитлару, тўкис имкониятларгина дилларимизда битмас-туганмас иштиёқ уйғотади, фидойилик кўрсатишга ундайверади.

Мақсад - инсоннинг кўнглида туғиладию, гўё маёқдек йироғу юксакларда тургандай ўзига чорлагани чорлаган. Унинг манзилларига бетиним ҳаракату, шаҳду шижоат билан интилганлар етишади. Акс ҳолда, мақсад қуруқ хаёлга айланади, кўнгил совийди. Эртанинг иқболи, бахту саодати бугундан бой берилади. Шундай экан, умримизнинг бирор дақиқаси, бирор они жўшқинлик ва интилувчанликсиз кечмаслиги шарт. "Бирники мингга, мингники туманга татийди" нақли бежиз яралмаган. Ватанимизнинг ҳар жиҳатдан юксалиши кўп миллионли халқимизнинг фаоллигидан рўёбга чиқади. Ана шу халқ сафида сиз билан биз ҳам бормиз. Бундан бениҳоя фахрланган ҳолда бутун куч-ғайратимизда, билим ва тафаккуримизда, оқилона ҳаракатларимизда ФИДОЙИЛИК яққол намоёнланиши масъулияти зиммамиздаги шарафли БУРЧ эканини, озод ва обод Ватанга     САДОҚАТ саодатига фақат ва фақат шундай яшаш ва курашиш билагина эришиш мумкинлигини бирор дақиқа унутишга сира-сира ҳаққимиз йўқ.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.