Улуғларнинг улуғлиги уларни улуғлашимизда, албатта. Истиқлол боис энг зарур, энг қимматли имконият - ўзлигимизни англашга кенг йўл очилгани ғоят қувончли. Инчунун, умр бўйи эзгуликка сиғиниб, эркинликни соғиниб яшаган зотларнинг кечаги ва бугунги тақдири ҳақида мароқ билан ёзмоқдамиз. Янгиқўрғон туманининг Ўнғор тоғи ёнбағридаги Поромон қишлоғида 1927 йилнинг 20 майида таваллуд топган Робиддин отаси оддийгина деҳқон бўлса-да, бобокалони Ҳусан сўфи Қўқон хонининг мирзоларидан бири эди. "Туғма истеъдод томир суради" деганлари ҳаётий ҳақиқат эканини назарда тутсак, бу боланинг ноёб фазилатлари илдизлари бутлигини тўла англаб етамиз. Агар шундай бўлмаганида унинг камолоти тоғлардек юксаклик касб этармиди. Наманган назмини бутун юртга таратган Одилжон Носиров, Нуриддин Бобохўжаев, Эрмамат Нурматов, Санобар Ҳасанова, Ҳабиб Саъдулла сингари шоирларнинг пешқадами даражасига кўтарилармиди. Унинг

ШАВҚИ ШАЛОЛА ШОИР

сифатида элга танилиши тасодифий ҳол эмас. Ўнғор тоғларининг юксак чўққиларига "оқ қалпоқ"дек ярашиқли қорларнинг эриб, ўзгача "қўшиқ куйлаб" Поромоннинг шўх-шодон болалари ҳавасини уйғотган ирмоғу жилғаларнинг шалола сувларига ҳамоҳанг шеърият бу. Даставвал кичикларнинг катта дунёга ҳайрат билан боқиши асносида кўнгилларидан кечган туйғулари ифодаланган ўйноқи сатрларни сафлашдан завқ-шавқ туйган шоир улғайган сари халқининг, ватанининг таърифу тавсифини юксак пардаларда назмлади. У шунчаки ёзмади, юрак-юракдан ҳайқирди:

Ҳайқираман - тош қояда мен,

Овозимдан ёрилсин тошлар.

Ҳайқираман тош қояда мен,

Юрагимдан сачрар оташлар.

Шоирнинг ўзлиги, ўзбеклиги мавзуларининг тоғлардан боғларга, боғлардан далаларга боғланиб кетганлигида намоён. Пахта ҳақидаги битигиёқ бундан далолат.

Юрагимда унар оқ чигит,

Оппоқ орзу, оппоқ туйғулар.

Саратонда терга қоришиб,

Оппоқ момиқ бўлиб туғилар!

Ҳаёт ҳар доим ҳам биз истаган йўсиндаги ҳодисалардан иборат эмас. Гоҳо кўнгилни озорлайдиган ҳолатлар рўй беради. Ўша лаҳзаларда кўпроқ шоирларнинг кўнглида ларзалар юзаланади. Бу беихтиёр хитобларга айланади оқ қоғозлар юзида:

Кесманг, Чинорни,

Япроқлари -боболар кафти,

Сояси - ҳарорат олади.

У -асли одамзод, она заминни

Бир умр қучоқлаб қолади.

Робиддин Исҳоқовнинг шеърий бисоти нақадар бой. 1997 йили "Ҳайқириқ", 1998 йили "Мустақиллик болалари", 1999 йили "Юз ғазал", 2002 йили "Қувноқ лаҳзалар", 2007 йили "Халқнома" бирин-кетин мухлисларга туҳфаланган. 2012 йили "Ўнғор нафаси" сайланмаси нашр қилинган. Истиқлол шоирга чинакамига иккинчи умрни ато этди, десак асло янглишмаймиз.

Ҳақиқий ижодкор ўзини эмас, халқини ўйлаб яшайди, кўпга нафи тегадиган ишларга қўл уриб, узоқни бўйлаб яшайди, дилида неки бўлса, борини сўйлаб яшайди. Робиддин Исҳоқовнинг

ФАОЛ ФОЛЬКЛОРЧИ

экани ҳам унинг серқирра салоҳият соҳибилигининг ёрқин исботидир. Чунончи, Фарғона водийси халқ оғзаки ижоди бўйича тўплаган хазиналари, олиб борган илмий тадқиқот ишлари салмоғини чамалаб, эндиликда ҳеч иккиланмай заҳматкаш инсонни фольклорчи олим сифатида бемалол эътирофлашимиз мумкин. Кўлбуқон достончилик мактаби, халқ достончилари - Ҳайдар Бойча ўғли, Алим шоир Ниёз ўғли, Раззоқ бахши Қозоқбой ўғли, Абдуазиз бахши, Омонбой ва Мамасодиқ бахшилар ҳақидаги ўнлаб илмий мақолалари ёритилган. У бахшилардан бир неча анъанавий ва замонавий достонларни ёзиб олиб, халқимизнинг маънавий мулкига айлантирди. Бу ноёб яратиқларнинг қадр-қиммати истиқлол йилларида янада ошди.

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Малик Муродов бежизга қуйидагиларни таъкидлаб ёзмаган: " ... ҳормай-толмай халқ оғзаки ижоди дурдоналарини худди денгиз қаъридан дур ахтарувчилар каби излаб топган, эл-юрт орасида сочилиб кетган донолик қатраларини ҳар қандай тўсиқлар ва қийинчиликларга дуч келса-да, мисқоллаб йиққан, уларни бутунлай унутилиб, йўқ бўлиб кетишидан сақлаб қолиб, умрбоқий бебаҳо адабий меросга айлантиришга муносиб ҳисса қўшган Робиддин ака олдида таъзим қилгумдир".

Дарҳақиқат, Робиддин Исҳоқовнинг тўплаган 30 жилддан зиёд ҳажмдаги халқ оғзаки ижоди намуналари Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг олтин фондида кўз қорачиғидек сақланмоқда.

Унинг бутун умри матбуот нашрлари билан ҳамкорликда кечди. Жўшқин шоир

ЖЎШҚИН ЖУРНАЛИСТ

каби фаолият юритишни мақсад қилиб, ҳатто Тошкентга ишга борди. Ёшлар газетаси (ҳозирги "Туркистон") да адабий ходим сифатида бир йил қалам тебратди. Пойтахтда яшаш унга таниқли ижодкорлар билан яқиндан танишиш, катта адабий муҳит ичида тобланиш имконини берди. Илҳом уфқлари янада кенгайди. "Қишлоқ ҳақиқати", "Тошкент оқшоми", "Совет Ўзбекистони", "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газеталарида, "Шарқ юлдузи", "Гулистон", "Саодат", "Гулхан", "Ғунча" журналларида асарлари изчил ёритилди. Бу борада муҳаррир ва шоира Зулфияхонимнинг "Сизни шеърлар билан бирга журналимизда ҳикоя ва очерклар билан ҳам қатнашиб туришга таклиф қиламан" деган даъватлари рағбатдай илҳомига илҳом қўшди.

Робиддин Исҳоқов ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлганлиги сабаб яна Наманганга оиласи бағрига қайтди. У мактаб ишининг жонкуярлари сафида

МАҲОРАТЛИ МУАЛЛИМ

мавқеига тезда эриша олди. Ҳам ижодкор, ҳам ташкилотчи, ҳам ташаббускор инсон бўлганлиги учун қаерга ишга юборилса, ўша жойни намунали масканга айлантирди. Қораполвон қишлоғидаги 7-мактабда, Ҳазратишоҳдаги 37-мактабда ўқитувчи, ўқув мудири, директор вазифаларини аъло даражада уддалади. Бадиий ижод ва муаллимликни биргаликда олиб бориши унга омад ва мувафаққият эшикларини очганлиги шубҳасиз. 1963 йили "Қўшиқ йўлдош юрган йўлимда" номли илк тўплами босилиб чиқди. 1976 йили "Ойга ремонт тушармиш" (Одил Абдураҳмонов билан ҳамкорликда), 1980 йили "Ғунчалар қўшиғи" каби болалар учун тарбия сабоғини берувчи китоблари чоп қилинди.

Ўқитувчи-шоирнинг хизматлари айниқса, ўзбек тили ва адабиётини тарғиб-ташвиқ этишда яққол кўринди. Ўқитишнинг янги усулларини яратди, уларни амалиётда дадил қўллади. 1979 йили "Методист ўқитувчи" унвонига мушарраф бўлди. Қатор Фахрий ёрлиқлар билан сийланди. Робиддин Исҳоқовнинг

ОИЛАПАРВАР ОТА

мақомига муносиб яшаганининг самараси бугун элу юртнинг кўз ўнгида намоён. Умр йўлдошлари Мамлакатхон ая билан ажо­йиб ўғил-қизларни вояга етказишган. Отадан ижод руҳини қабул қилиб олган фарзандлар Бахтиёр, Баркамол, Фарҳоднинг китоб­лари, Маҳфуза, Феруза ва Сурайёларнинг матбуот нашрлари саҳифаларини безаётган мақола ва шеърларини ўқиб, беихтиёр фарзандлар камоли - оталар жамоли эканини чуқур ҳис этамиз.

Эндиликда баралла айта оламизки, Исҳоқовлар сулоласи ўз оилалари, ўз оталари шаъни-шавкатини доимо юқори тутишмоқда. Айни дамда поромонликлар ҳам ҳам­қишлоқларига хизматига яраша ардоқ-эҳтиром кўрсатишяпти. Қишлоқнинг асосий кўчаси шоир номида. Шу гўшадаги 49-ўрта мактаб педагог ва ўқувчиларини ҳар тонг қўлида китоб ушлаган, майин жилмайиши худди тирикдек тасаввур уйғотадиган Робиддин Исҳоқовнинг бюсти кутиб олади.

Вилоят ҳокимининг қарори билан 2002 йили шоирнинг Ўнғор тоғига ёндош хонадонига хотира лавҳаси ўрнатилди. Шоирнинг уй музейи ташкилланди. Қутлуғ ҳовлида вилоят ва водий ижодкорларининг Поромон семинарини ўтказиш анъанага айланиб қолди. Буларнинг барчаси Робиддин Исҳоқовнинг ҳамиша барҳаётлиги нишонасидир.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси "Ижод" жамоат фонди "Истеъдод мактаби" VIII Республика семинари иштирокчиси.

 

РОБИДДИН ИСҲОҚОВ НАЗМИДАН НАМУНАЛАР

ШИФОКОРГА СИҒИНГУМ ФАҚАТ

Дардлашаман -

дард билан оқшом,

Қисилади нафасим бехос.

Гўё қийма-қийма жонларим,

Доридан ҳам қайтди-ку ихлос.

О, табиат,

Ўзинг бер сабот,

Шифокорга сиғингум фақат.

 

БЕШИК ТЕБРАТГАН АЁЛГА

У кифтига олар дунёни,

Боласига очади эшик.

Орзу қилар Ибн Синони,

Уйқу билмай тебратар бешик.

 

Боласи-чи, безовта, уйғоқ,

Тинглаб ётар мунгли бир қўшиқ.

Фазода-чи тўлғонар чақмоқ,

Тебранади бетиним бешик.

 

СОҒИНЧ

Энтикади - капалак гулга,

Ғунчага лаб чўзади умид.

Соғинч - томиримни ёриб чиққан дард,

Яшамоққа қўл берар умр.

Соғинч - cен қайноқсан мард,

Яшамоққа судрайди онлар.

Соғинч - дилда қолган мангу дард,

Соғинч билан яшар одамлар.

 

ФАРДЛАР

Бошинг оғриганда эсланар дори,

Дўст сўзи ҳамиша руҳинг мадори.

* * *

Сув оқса ҳовлингдан сочма чанг, ғубор,

Сендан сўнг ҳам ундан сув ичувчи бор.

* * *

Озор берса дилингга биров,

Дегил: тушди сочга бир қиров.

* * *

Меҳр - суяб турар, қаҳр қаритар,

Меҳр ўрнини қаҳр олса, хор этар.

* * *

Оғритма соф дилни, бермагил озор,

Қилич тутганлардан тинч олам безор.

* * *

Тонгда туриб - чиниқ, мускулинг пишит,

Соғлиқ лаззатини бемордан эшит.

* * *

Ақл билан жаҳл жанг қилиб баъзан,

Уйқу - соғлиғингни ўғирлар экан.

* * *

Асаб қирқар экан юрак томиринг,

Қайта тиклаб бўлмас йўқотган умринг.

* * *

Умрим, фароғатим, бахтим деб болам,

Бўлиб берган она - соғлиғини ҳам.

* * *

Меҳр чироғини ёққанинг замон,

Бадандан хасталик чекинар шу он.

* * *

Осонмас ўзганинг дардини олиш,

Уни соғлом этиб, дард ичра қолиш.

* * *

Асабдан, ғазабдан оқаради соч,

Руҳи хасталарга меҳр нуринг соч.

* * *

Соғинган кишисин кўрганида ҳам,

Бемор танасидан чекинади ғам.

* * *

Бедарддан дардингга топмайсан малҳам,

Дард чекиб дардкашдир, бил, шифокор ҳам.

* * *

Соф дилга тош отган нобакор албат,

Ўз тоши зарбидан дили еган лат.

* * *

Ҳасад билан боқма, ҳеч кимга зинҳор,

Ҳасад доғи - дилни куйдирмоғи бор.

* * *

Оғзи таомдаю, пештоқда кўзи,

Таом еб, ҳасаддан озмоқда ўзи.

* * *

Шайтоннинг асли йўқ, бўлмоғи гумон,

Одамнинг шайтони бўлмоқлик ёмон.

* * *

Ўзгага ачинмоқ, куймоқ, ўртанмоқ,

Саховат хирмонин - ўртага уймоқ.