Наманган шаҳридаги Бобораҳим Машраб ҳиёбони ёшлар, шоир ихлосмандлари ва меҳмонлар билан гавжум бўлди. Ҳайкал пойига ташкилот ва муассаса, ўқув юртлари вакиллари қўйган гўзал гулчамбарлар халқимизнинг оташнафас шоирига бўлган эҳтиром рамзидай жило берди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов, шу кунларда ўзининг 20 йиллик санасини нишонлаётган "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, "Китоб дунёси" газетаси бош муҳаррири Хосият Рустамовалар авлодларни тарбиялашда шоир ижодининг беқиёс аҳамияти ҳақида сўзладилар.

Алишер Навоий номли вилоят театри артистлари шоир ҳаётидан саҳна кўриниши ижро этиб, анжуман мазмунини янада бойитдилар.

НамДУ талабаларидан бир гуруҳи Машраб ғазалларидан намуналар ўқиган бўлса, вилоят санъаткорлари шоир ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлардан ҳадя этишди.

Шунингдек, анжуман НамДУ катта мажлислар залида шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган "Янгроқ ғазал тилларда, Машраб мангу дилларда" мавзуидаги илмий-амалий анжуман, мушоира, маънавий-маърифий тадбир ҳамда китобхонлар байрами сифатида давом этди.

"Китоб олами" ва "Шарқ зиёкори" дўконлари анжуман доирасида китоб савдоси ташкил қилдилар.

Анжуманлар тадбир қатнашчиларида катта таассуротлар қолдирди.

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Р. МАМАДАЛИЕВ тасвирга олган.