Мисоли най қуруқ жисмимда фарёди фиғоним бор,

Агар-чи сабзасизман, кундадин боди хазоним бор,

Фироқу дарду ғамдин хона-хона достоним бор,

Кўзимдин қон тўкуб, чун абри найсон йиғласам арзир,

Фироқи мотами ул моҳи Канъон йиғласам арзир.

Қаранг-а, бадиий ташбеҳлар ҳам бошқа мумтоз сўз санъаткорлариникидан анчайин фарқли ўлароқ ноанъанавий. У ўзини жисмини содда йўсинда, лекин ғоят  мутаносибу муносиб равишда қуруқ найга ўхшатган. Яшнаётган майсаси, барги бўлмасада хазон бодасидан беомонлигини таъкидлаяпти. Кўз ёшини кўкламги ёмғирга қиёслаяпти. Ёрдан айрилиғини ойдек гўзал Юсуфнинг фироқ мотамига тенглаяпти.

Шоирда  бори - "фарёди фиғон", "боди хазон", ғамли "достон", йўғи - арзин тинглагувчи "роздони", ҳолин сўргувчи "меҳрибони". Шул сабаб, чуғз - бойўғлидек вайрона маконликка гирифтор сезади ўзини.

Ажаб дилгирман, арз айлагудек роздоним йўқ,

"Сенинг ҳолинг нечук бўлди" дегудек меҳрибоним йўқ,

Мисоли чуғздек вайронадин ўзга маконим йўқ. -

деб афсусланади. Лекин ҳеч вақт ўшал бевафою сержафодан умидини узмайди. Халқининг "Жон чекмасанг, жонона қайда?" нақлини унутмайди, доғи ғами заҳар бўлса-да, дийдор они болдек ширинлиги учун:

Жон қийнамайин восили жонона бўлурму?

Найсонсиз садаф дури якдона бўлурму?

То шамъи уза ёнмаса парвона бўлурму?

Оғзини очиб сўзламай афсона бўлурму?

Васлинг асалу доғи ғаминг заҳру зақамдур.

Ошиқлиги ҳади аъло Машраб Кошғарда кўнгил қўйгани тирик туриб, унга назар солмоқ толеидан ҳам бенасиб айланганида ички нидосини "Ўртар" радифли ғазалига жо-бажо қилгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

На қаттиқ кун экан, дилбар, висолингдин жудо бўлмоқ,

Менинг оҳим ўтига бул замину осмон ўртар.

Абдулла Қодирий рўмани асосида тайёрланган "Ўтган кунлар" фильмида Отабек муғанний қўшиқчига: "Ҳайдалиш" куйи­ни чалингиз" деб   бежиз айтмаган. Гарчи, асарда "Наво" куйи сўралган эрсада, режиссёрнинг бу танлови Машрабнинг муҳаббат можароси ортидан фарёди еру фалакни тутганидек Кумушдан йироқлатишган лаҳзаларда Отабекнинг фожеаси ҳам ундан асло кам эмасдек менгзаниши кинотасвирга монанд  муҳрланган. "Ўртар" таниқли хонанда Муроджон Аҳмедов ижросида беҳад маромига етказиб наволанган.

Машраб машриқзаминни кезиб, қаён бормасин, кўнгли сира-сира тўлмади, бунинг акси асарларида гоҳ ҳазин, гоҳ шўхи ситамли жилваланаверди. Ёр томон боришга беимконлигидан унинг ўзини ёнига чорлашдан чарчамади:

Бориб айтинг, азизим - кўзларимга тўтиё келсун,

Менинг кулбамни равшан қилғали ул пурзиё келсун,

Солиб бўйниға зулфи анбарни мушки Хито келсун, -

дея илтижоланди.

Чин ошиққа араз бегона. Борлиқни безаклаган кўклам қувонч­ларини қалбидаги қадрдони билан баҳам кўрмоқни истайди:

Баҳори файзбахш келди, жаҳон рангин чаман бўлди,

Букун мажлис тузунглар, навбати гул пираҳан бўлди,

Оёғ босган ери серсабза бўлди, ёсуман бўлди,

Машомим бўйидин ҳар соати мушки Хўтан бўлди,

Бу йўлда дўст-душман билмасун, ул гоҳ-гоҳ келсун.

Демак, Машраб юрагини банд этган суюклисини умр бўйи кўнглидан ҳам, ёдидан ҳам чиқаролмаган. Билъакс, дилидаю тилида унинг васлига ташналик, зори интизорлик таронаси тинмаган. Мангу муҳаббати мангу садоқати билан эгизланиб кетгандек туюлади беихтиёр мутолаа асносида сизу бизга.

Таниқли адабиётшунослар Нажмиддин Комилов ва Ғайбулла Саломовлар Бобораҳим Машрабнинг "Меҳрибоним қайдасан" номли (1990) сара асарлар тўплами сўзбошида: "Машраб инсоният дунёсининг нафс ботқоғига ботганидан таҳликага тушиб, барини "тарки назар этиб", қаландар бўлган эса-да, лекин ҳаётдан, одамлардан юз ўгириб, уларга нафрат-надомат ҳисси билан қараган эмас. Йўқ, у одамларни севарди, уларга ҳамдард, меҳрибон эди: "Азалдан мен дили ғамгин халойиқ хайлини севдим". Аммо айнан шу сатрнинг ўзида ҳам Машрабнинг ихлоси ким томонида эканини, "ғамгина халойиқ" деганда кимларни назарда тутаётганини билсакгина, унинг севгиси мазмунини тушуна оламиз. "Дили ғамгин халойиқ" деганда улуғ ҳақпараст шоир кўнглида илоҳ меҳри бор, дарди бор одамларни кўзда тутиб фикр юритмоқда" деб  ёзишгани айни ҳақиқат. Шу боис, кўнглида қанотланган назмлари асрлар оша кўнгилларга қўноқлаб яшамоқда. Бугун Ўзбекистоннинг бирор гўшаси йўқки, Машраб "кириб бормаётган" бўлсин. Оташнафас назмгўй бобомиз китоблари қўлма-қўл мутолаада, халқона ғазаллари тароналар тараннумида. Истиқлолли юртнинг чин иқболли адабиёт ва санъат шайдолари хизматида. Улуғ аждодимизнинг қутлуғ таваллуд айёмлари арафасида эса айниқса, ҳамюртлари - Наманган аҳлининг руҳи поклари олдидаги таъзиму эҳтиромлари янада бардавом.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.