- Дилноза опа, Сизни инглиз тили мутахассиси сифатида суҳбатга тортишимиздан мақсад худди шу соҳадаги қутлуғ қадамлар нималардан иборату ҳозирда муҳим бўлиб турган вазифалар ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашиш. Албатта, гапни мустақил давлатимизнинг хорижий тилларга муносабатидан бошласангиз керак?

- Жуда тўғри. Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришгач, ўзбек тили ривожига янада кенг имкониятлар яратилибгина қолмасдан, шу билан баб-баровар равишда чет тилларини ўрганиш масаласига эътибор тубдан кучайтирилди. Хусусан, инглиз, рус, француз, немис, ҳатто корейс, япон, араб, ҳинд тилларига қизиқиш халқимизда баланд. Негаки, мустақиллик қўлга киритилгач, ёшларимиз жаҳонга чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди. 2012 йилдаги Республикамиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг "Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори замирида улкан мақсадалар ётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унда 2013-2014 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча ҳудудида чет тилларини, асосан, инглиз тилини ўрганиш умумтаълим мактабларининг биринчи синфларидан ўйин тарзидаги дарслар ва оғзаки нутқ машғулотлари шаклида, иккинчи синфдан эса алифбо, ўқиш ва грамматикани ўзлаштириш босқичма-босқич амалга оширилиши алоҳида белгилаб берилди. Ҳозирда қарорнинг ижроси изчиллиги таъминлаб келинмоқда.

- Хорижий тилларни ўрганишнинг нечоғлик аҳамиятга эгалигини сиз қандай изоҳлайсиз?

- Вақт шиддат билан олға интилмоқда. Одамлар ҳам шунга муносиб равишда илм эгаллашда, бир неча тилларни ўзлаштиришда тезкор бўлсаларгина давр билан ҳамқадамликка эришадилар. Сабаби, ҳозирда жадал тараққиёт босқичига ўтган фан-техника ҳамда ижтимоий-иқдисодий соҳалар, кашф этилаётган янгиликлар, улар чоп этилаётган илмий-оммавий асарлар, журнал ва рисолаларнинг қамровлари нақадар кенгайиб кетди. Булардан ҳар қандай халқ вакили ўз Ватанининг равнақи учун ўз вақтида фойдаланиши зарурияти туғилмоқда. Акс ҳолда, шундай қилинмаса, қайси тармоқда бўлишидан қатъий назар мутахассис ходимлар замондан орқада қолиши, охир-оқибат бу ўзи яшаётган юрт ривожи сезиларли секинлашишига олиб келиши мумкинлигини бирор дақиқа унутмаслигимиз керак. Жаҳонда тараққий этган мамлакатлар ютуқларини ҳали эскирмасидан ўзлаштириш энг зарурий ҳаётий эҳтиёж ҳисобланади. Айниқса, бу масалада тиббиётчилар қанчалик фаол бўлсалар, ҳозирда Президентимиз Шавкат Мир­зиёев томонидан қабул қилинган қатор Қарор ва Фармонлар ижроси шунчалик тезлашади ва изчиллашади. Агар масалага худди мана шу жиҳатдан ёндошилса, врачларнинг инглиз тилини ўрганишлари ниҳоятда долзарбдир.

- Биз яхши биламизки, тиббиётчилар рус тилини олий ўқув юрти талабалиги давриданоқ деярли ўзлаштириб олишган. Бу борада муаммо йўқ ҳисоб. Ҳозир эса барча тиббий илм даргоҳларида инглиз тили сабоғи кучайтирилган. Лекин ҳали қониқарли дейишга эртадир. Очиғини айтганда, инглизча ўқиш ва ёзишни ўзлаштириш қийин эмасми?

- Ҳаётда осон ишнинг ўзи йўқ. Бироқ "Керакли тошнинг оғирлиги сезилмайди", деб халқимиз бежиз айтмаган. Чинакам юқори малакали, чуқур билимли мутахассис даражасини ниятлаган врач қийинчиликдан чўчимасдан ўзи луғатлар билан ишлаган ҳолда, бунга уқуви етмаса, шу соҳадаги олий маълумотли мутахассислар етовида, агар вақт ажратолса, албатта, инглиз тили ўрганиш курсларига қатнашни лозим топса, бемалол халқаро анжуманларда инглизча маърузалар билан чиқа олиши, илмий далилланган, мағзи тўқ фикр­лари билан жаҳондаги ҳамкасбларининг эътирофини қозониши мумкин. Аслида, бугунги тиббиётчи кечаги билимига қаноатланиб ишлайверишдек номақбул йўлни танламаслиги керак. Ахир у инсонларнинг ҳаёт-мамотини ҳал қиладиган касб эгаси. Заррача ютуғи бир кишининг умрига умр қўшса, заррача уқувсизлиги бир кишининг умрига нуқта қўяди.

- Сизнинг фикрларингизга юз фоиз қўшилган ҳолда яна истардимки, мутахассис сифатида тиббиётчиларга асқотадиган таклифларингизни айтсангиз.

- Ҳозирда соғлиқни сақлаш соҳаси бир давлат доирасида ривожлана олмайди. Ҳамкорлик, борди-келди алоқалари йилдан-йилга тезлашиб, кўпа­йиб, ҳар қадамда таржимонга эҳтиёж кучайиб турибди. Таклифим шуки, хориждаги ҳамкасблари ёнига бу ёқдан битта таржимон ёллаб олиб бориш имконияти ўз-ўзидан туғилавермайди. Бунинг учун катта маблағ харжланади. Агар инглиз тилини ўргансангиз, доимо ўзингиз учун ўзингиз йўлингизни очган бўласиз. Икки кишининг ишини бевосита бир киши қойилмақом уддалайди. Яна ўзингиз эмас, сўзингиз дунё сафарига чиқиши учун инглизча ёзиш малакасини ўргансангиз, жаҳондаги мавқеи баланд тиббий-илмий марказларнинг журналларида бемалол мақолаларингиз чоп этилаверади. Энг муҳими, сизнинг даволаш ва ташхислаш бўйича тажриба ва хулосаларингиз дунё тиббиётчилари эътиборига киради. Янги-янги ҳамкорлар топасиз.

Хуллас, Ибн Сино ворислари - ўзбекистонлик шифокорлар бобоколонлари изидан бориб, дунё халқи саломатлигини сақлашга ўз ҳиссангизни қўшишингиз учун инглиз тили ҳамиша беминнат кўмакдошингизга айланади.

Суҳбатдош Манзура АБДУЛЛАЕВА.