Кейинчалик эса Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайҳзода, Зулфия, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ва яна бошқа ўнлаб адибларнинг асарлари шундай толега мушаррафланган. Ҳали ҳануз уларнинг битиклари китобсеварлар ўртасида "хит" десак хато эмас. Истиқлол шарофати билан ёзувчилар ҳам кўпайди, ўқувчилар ҳам кўпайди. Лекин баъзиларнинг "Одамлар китобдан йироқлашмоқда, китоб ўқиш камайиб боряпти" қабилидаги гаплари ҳақиқатдай туюлса-да, аслида аввалги ҳолатлардан бошқачароқ, холос. Уларнинг фикрича, виртуал оламнинг қамрови соясида гўё китобхонлик сўниб бораётганмиш.

Тўғри, телевидение, радио, компьютер, уяли алоқа воситалари ҳаётимизни чирмовиқдай ўраб олаётгани билан уларнинг ҳеч бири босма китоб ўрнини эгаллашга қодир эмас. Чиройли қиёфада муқоваланган, энг сифатли оппоқ қоғозларга муҳрланган хоҳ илмий, хоҳ бадиий асар бўлсин, унинг жозибаси, оҳанграбоси ўзига хос. Ақлни бойитади, тафаккурни чарҳлайди, дунёқарашни кенгайтиради, фикрчанликни ривожлантиради, онгга куч-қувват, қалбга мунавварлик ва яшариш бағишлайди. Гарчи, бу топимларни электрон китоблардан ҳам олиш мумкинлигига қарамай, улар азалий, кўҳна қоғоз бағридаги завқу таассуротни, ҳаяжонли ҳиссиёту, онгий юксалишни бериш борасида ҳеч қачон тенг келолмайди. Буни қоғоз ва бўёқнинг ҳидини туюб, ёнида худди қадрдон дўсти тургандек ҳис қиладиган мутолаачилар беҳад яхши билишади. Жавонларини биллур идишларга тўлдиришдан кўра, маънавий жавоҳирларни териб қўйишни, истаган маҳали (электр токи ёниқми-ўчиқми, батарейка қуввати борми-йўқми) ўзининг шахсий мулки сифатида фойдаланишни афзал ҳисоблайди. Зеро, китоб-бетакрор мўъжиза. Унинг ўрнини ҳеч нарса ҳеч вақт, ҳеч қачон босиши мумкин эмас. Шу фикр, шу ишонч кўнгилга таскин беради. Ахборот-технологиялар рақобатга чиққани билан, ғолиблик азалий китобу китобхонликда.

Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27 январда "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маъданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида" Фармойиш қабул қилдилар. Яна ҳар бир чиқишларида китоб билан дўст тутиниш фақат яхшиликка хизмат қилишини таъкидламоқдалар. Дарҳақиқат, бу масалада фаол иш олиб бориш зарурлигини даврнинг ўзи кун тартибига қўймоқда. Биз бу галги суҳбатдошларимизнинг фикрларини китоб ва китобхонлик мавзусига қаратдик.

 

Мирзакбар ИКРОМОВ,

Наманган шаҳридаги "Давру даврон" китоб дўкони раҳбари:

- Китоб дўконларида қайси асарлар кўпроқ харид қилинаётгани каттаю кичикни қизиқтиради. Мутахассисларнинг фикрича, 41 фоиз инсонлар машҳур ёзувчи-шоирларнинг асарларини сотиб олишга шошилишаркан, 31 фоизи эса номи тилга тушган китобларни қидираркан, қолган 29 фоизини ташкил қилувчилар ён атрофидагиларнинг маслаҳатига ва тавсиясига қулоқ тутишаркан. Биз ана шу уч табақа вакилларига эътиборни бирдай кучайтирганмиз. Дўконимизга кирсангиз, дунёга машҳур адибларнинг ранг-баранг таржима асарларига кўзингиз тушади. Яна мухлисларнинг шов-шувига сабаб бўлган ўзбек ёзувчи-шоирларининг роман, қисса, ҳикоя ва назмлари бежирим, нигоҳтортар муқоваларда босилганини кўриб, бепарво ўтолмайсиз. Қолаверса, янги келтирилган китоблар тарғиботини эсдан чиқармаймиз. Шунданми, савдомиз анча чаққон. Кунига 200-300 нусха китоблар эгасини топяпти.

Президентимизнинг мазкур Фармо­йишларидан кейин дўконимизга кирувчиларнинг сони кескин ортди. Қувонарлиси, болалар адабиёти мухлислари кўпайгандан кўпайяпти. Биз коллежлар, академик лицейлар ва мактаблар билан шартнома асосида иш юритяпмиз. Ахборот-ресурс маркази ва кутубхоналарга керакли янги китобларни пешма-пеш етказяпмиз.

 

Дилором  ДАДАХЎЖАЕВА,

НамДУ ахборот-ресурс маркази бўлим мудири:

- Кўп йиллардан буён китоблар ичидаман. Касбим шуни тақозо этади. Университетда билимга чанқоқ йигит-қизлар ўқишади. Муболағага йўймангу, улар орасида марказимизга кирмаган бирорта талаба йўқ. Излаганларини топишлари учун фанларга оид дарслигу қўлланмалар, бадиий адабиётлар, айниқса, республикамизда чоп этиладиган газета-журналларнинг аксарияти мавжуд. Улар тартиб билан териб сақланади. Йилма-йил янгилари билан тўлдириб борилади. Энг янги асарлар дастлаб "Жаҳон адабиёти", "Шарқ юлдузи", "Тафаккур", "Ёшлик" журналларида босилгани учун буларни сўровчилар талайгина. Демак, ёзувчи-шоирларнинг мухлислари ҳали бадиий асарлар китоб ҳолида чоп этилмаёқ уларни ўқишга иштиёқмандлар. Китобларнику бирини қайтаришиб, бирини олишади ҳамиша. Ҳеч қайси талаба марказимиздан китобсиз чиқиб кетмайди. Керакли дарслик, қўлланма ва адабий рисолалар етарли.

Марказимиз бошлиғи Омонжон Насриддинов бисотимизни бойитишнинг чинакам жонкуяридирлар. Устозу шогирдларнинг талабларини қондириш учун елиб-югурадилар. Ҳамкасбларим Эъзоза Ёқуббоева, Муаззам Ҳошимова ва Элзара Халиловалар китоб тар­ғиботию таъминоти тўкислигини доимо таъминлашяпти. Талабалар орасида Қосимжон Эргашев, Мафтуна Раҳимова, Зилола Йўлдошева, Муаззам Асқаровалар айниқса фаол китобхонларимиздир.

Президентимизнинг яқинда қабул қилган Фармойишларидан келиб чиқадиган вазифаларнинг бир қисми бизларга ҳам тааллуқли эканини яхши биламиз. Хизматимиздан ҳамма хурсанд бўлиши кераклигини бирор дақиқа унутмаймиз.

 

Маҳмуджон ҲАКИМОВ,

фахрий муаллим:

- Бутун умримни ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаганман. Бошланғич синф болаларига сабоқ берганим учун уларни мактаб партасидаёқ китобга меҳрини кучайтиришга алоҳида эътибор билан қараганман. Дарсларда қизиқ-қизиқ ҳикоялардан фойдаланганман. Озгина айтиб, тўлалигича ўқиш учун кутубхонадаги қайси китобни олишлари кераклигини айтардим. Бундай ўйлаб кўрсам, мутолаага ўрганган болалар чинакамига камолот касб этишаркан. Шогирдларимнинг анчагинаси элда таниқли, раҳбарлик лавозимларида ишлашади. Беихтиёр уларнинг ҳаётдан муносиб ўрин топишларига рағбат уйғотганимдан кўнглимда мамнунлик туяман.

Ота сифатида тажрибада кўрдимки, китобга дўст фарзандларнинг келажаги нурафшон, толеи баланд, турмуш тарзи фаровон бўларкан. Умр йўлдошим Кароматхон билан уч қизу бир ўғилни вояга етказдик. Азизахон, Муҳайёхон, Фотимахонлар тиббиёт соҳасида фаолият юритишяпти. Ўғлим Мақсуджон Давлат солиқ инспекция­си ходими. Улар аввало биздан, қолверса, китоблардан тарбия сабоғини олганликлари учун шундай эл корига ярайдиган, ҳамиша халқ олқишига сазовор кадрлар бўлиб етишишган. Айни пайтда китобсеварликни набираларимга ҳам ўргатганмиз. Улар ҳозирда олийгоҳ ва коллежларнинг аълочи ўқувчиларидир.

Юқоридаги суҳбатдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларидан янада аёнлашяптики, ҳаётни китобларсиз тасаввур этиш қийин. Ҳатто кечамизниям, бугунимизниям, эртамизниям. Мана шу уч муҳим ҳалқани узвий бирлаштириб турадиган маънавий манба китобдир. Донишманд бобомиз Юсуф Хос Ҳожиб:

Ўқув қайда бўлса, улуғлик бўлар,

Билим қайда бўлса, буюклик бўлар.

- деб, авлодларни бесабаб огоҳлантирмаган эди. Келажаги буюк юртимиз - Ўзбекистоннинг бугунги саодати ва ёруғ истиқболи китобсевар халқимизнинг шахду шижоатига боғлиқ. Кўнгил эзгу туйғулардан обод ва чароғон бўлиб боради. Ана шу обод ва чароғонлик КИТОБ деган адоғи йўқ ақл чашмасидан сув ичади, барқарорлик касб этади.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик айтганидай: "Китобни офтоб деймиз. Қадимдан ота-боболаримиз шунда аташга ўрганганлар. Компьютерга бундай таъриф беролмаймиз. Чироқ бўлмаса, компьютер ишламайди. Қуёш тушмаган жойда экин битмайди". Хулоса шуки, онгимиз ва қалбимиз китоб аталмиш НУРИПОК дан керагича баҳра олаверсин!

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.