Луғатнинг 9, 10-бетларидан мисоллар келтирамиз:

Тутмак - держать, тутар - держит ёки держать.

Тикмак - шить, тикар - шьёт.

Топмак - находить, топар - находит.

Бермак - дать, берур - даст.

Йилтирамоқ- блестеть, йилтирар - будет блестеть.

Ўғирламоқ - воровать, ўғирлар - будет красть.

Соғмоқ - доить, соғар - будет доить.

Югурмоқ - бегать, югурар - будет бегать.

Луғатнинг иккинчи қисмига ўтсак. 37 бобчадан ташкилланган. Уларда хатти-ҳаракат билдирувчи сўзлар, отлар, кишилик олмошлари, кун, ой номлари, одам аъзолари, ҳайвонлар, ҳашароту паррандалар, озиқ-овқат, кабиларнинг олти тилда қандай аталиши таржималари билан берилади. Бизга тушунарли бўлиши учун фақат ўзбекча - русчасини мисол келтиришнинг ўзи етарли деб ўйлаймиз:

Таом - пишче.

Ун - мука.

Кулча - лепёшка.

Қанд - сахар.

Ширгурунч - молочная каша .

Қатиқ - кислое молокo.

Сомса - пирожок.

Шўрва - суп.

Қовурма - жаркое.

Маза - вкуc .

Оч - голод.

Дастурхон - скатерть.

Исҳоқхоннинг луғати араб ёзувида яратилгани билан ғоятда аҳамиятли. Ўша даврда барча ўзбек хал­қи араб ёзувидан фойдаланганини инобатга олган луғатчи-тилшунос бу борада ўзбек маърифатпарварлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Замон ва замондошларининг тиллашиш талабини қондиришга салмоқли ҳисса қўшди.

Нутқнинг икки кўриниши мавжуд. Бири оғзаки, бири ёзма. Оғзакиси кундалик жонли мулоқoт ва алоқа учун хизмат қилса, ёзмаси жамият, маданият ва илм-фан тараққиёти учун беҳад зарур. Бундан ҳам аҳамиятли томони маънавий меросни келажак авлодга етказувчи кўприк вазифасини ўтайди. Демак, оғзаки нутқ қанчалик қимматли бўлса, ёзмасининг баҳоси ундан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас. Ёзув тилни абадийлаштиради. Қоғозларга муҳрлайди. Авлодлардан авлодларга хабар ташийди. Тилни , нафақат тилни бутун илм-фанни, бутун ижодни ифодалаш шакли сифатида боқийлик касб этади. Лекин тилшуносликнинг бу соҳаси заҳматини елкага олишга журъати етадиган ижодкорлар наинки Ўзбекистонда, балки жаҳонда ҳам камдан-кам учрайди. Исҳоқхон Ибратнинг камдан-камлар қаторига муносиблиги бениҳоя фахрли. Мураккаб вазифани анча мукаммал адо этгани учун у ўзбек тилшунослиги тарихида яна бир қутлуғ из қолдирди. "Жомеъ ул-хутут" ("Ёзувлар мажмуаси") ни 1912 йили яратди. Мазкур асар ёзувлар тарихига бағишланган. Ҳажми ҳам кичик эмас, 132 саҳифа. Ўзи ташкиллаган "Матбааи Исҳоқия"да босилган. Муаллиф ёзганидек, "Бул хатларнинг боқий ва тарих қарори муддао бўлиб, ҳам миллатимизга ягона бир тарих қолдирмоқ қасдинда ва ҳам олама бир асар қолдирмоқ ният этуб, бу мисра мужиби:

Асардурки оламға ўлғай нишон,

Киши беасардур кетар бенишон, -

мазмунича ботадвин айлаб, ройи соқиб, арбоб хасм ва арбоби фазлу камолларига манзур қилиб, миллатга нишон қолдириб ҳам миллатимиз лисони туркий учун умумий туркий илан сартия халқини нафъ олмоққа муддао бўлиб, адабий миллиёна қилмай, равшан туркий қилдим".

Асарда жаҳондаги 41 та ёзувнинг тадрижий такомили ғоят аниқлик билан ёритиб берилган. Таниқли олимлар Улуғбек Долимов ва Нурбой Жабборовлар томонидан 2005 йили "Маънавият" нашриётида чоп этилган Исҳоқхон тўра Ибратнинг "Танланган асарлар" китобига "Жоме ул-хутут" асарида келтирилган санскрит, қадимий финикий, юнон, қадимий куфий, қадимий яҳудий ва славян ёзувларининг фото намуналари иловалангани айни муддаодир. Китобхон ва тадқиқотчи уларни кўриб, синчиклаб ўрганиб Ибратдан ибрат олиши мумкин.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди Шаҳноза Эргашева эътирофлаганидай "Жоме ул-хутут" асарини ўқиб, Ибратнинг синчков ва зукко тилшунос олим бўлганини кашф этиш мумкин. Унда олим ўз ватанидаги ёзувларнигина эмас, балки араб мамлакатлари, эрамиздан аввал финикияликлар томонидан яратилган ноёб манбалар, Кипр оролидан топилган ёзма ёдгорликлар тарихини ҳам ўрганади, илмий хулосалар чиқаради. Олим ўзга халқлар тили ва ёзувини ўрганиш зарурлигини алоҳида таъкидлайди: "Дорихона борганда лотинча зарур. Ҳиндистонга хат қилинса, инглизча бўлмаса олмайдур. Эронистонга франсавий. Биз туркистонликларга биринчи заруримиз руссия хатидурки, муни қози ва мударрислар инкор қилмаслар", деб ёзади. Ҳамда тил билган инсон ҳеч қачон бировга муҳтож бўлмаслигини, бекорга вақтини ва нақдини совурмаслигини қайди этади.

Асарда тилшуноснинг ҳуснихат устаси эканидан ҳам воқиф бўламиз. Замондоши Иброҳим Даврон бу ҳақда: "Исҳоқхон зўр хаттот, ҳуснихатни мукаммал эгаллаган каллиграфдир" деб алоҳида таъкидлагани бежизмас.

Аввалари Ибрат меросига у қадар етарли эътибор қаратилмаган эди. Фақатгина Улуғбек Долимов томонидан ўтган асрнинг 60-йилларида ўрганилиб, номзодлик диссертацияси ёқланганди. Истиқлол шарофати билан ибратшунослар сафи янги-янги тадқиқотчилар ҳисобига кенгайиб бормоқда. Нурбой Жабборов, Гуландом Юнусова, Комила Воҳидова, Замира Исоқова сингари фан доктори ва фан номзодлари ана шулар жумласидандир.

Наманганнинг қутлуғ гўшаси бўлмиш Тўрақўрғонда юртнинг хизматига умрини, ақл-заковатини бағишлаган ижодкорлар ўтмишда ҳам, бугун ҳам сафдошларининг пешқадами мартабасига мушаррафлар. Шоир ва публицист Содиқ Сайҳун ёзганидек:

Тўрақўрғон тупроғида кўп улуғлар ўтганлар,

Халқи учун қўлларига қутли қалам тутганлар,

Бобур, Шавқий, Ҳайрат, Ибрат хўб асарлар битганлар,

Фахрлансак арзир доим шундай юртдошлар билан,

Илму фану ҳам ижодда элга дарддошлар билан.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.