Тарихингдир минг асрлар

                   Ичра пинҳон ўзбегим,

Сенга тенгдош Помиру

                   Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу

                   Сўйласин Ўрхун хати,

Кўҳна тарих шодасида

                   Битта маржон ўзбегим.

Синфимизда янграётган назмий наводан гўё сеҳрланиб борардик. Хаёлимизни миллатимизнинг мозий бағридаги кечмишлари банд этарди. Шеър авжланган сари юрагимизнинг туб-тубида ўзбек фарзандлари эканмиздан мамнунлик туярдик. Бу туйғу кўзларимизга тобора чақноқлик бағишларди, мудроқликни чекинтириб, ҳушёрликка етакларди. Ўзимизни улуғ аждодларнинг ворислари эканлигимизни англашимизга чорловдек эди бу шеър.

Ал Беруний, Ал Хоразмий,

                   Ал Фароб авлодидан,

Асли насли балки Ўзлук,

                   Балки Тархон ўзбегим.

Шоир тарихий ҳақиқатни арузий битикларига шунақанги жолаган эканки, биз худди томчида қуёш кўргандек ҳайрат сезардик ўзимизда. Шабнамдек покиза туйғуларга йўғрилган байтларда ўз юртини ўлан тўшагидек ардоқлашга ўрганган, ўз бобосини ўзгаларнинг даҳоларидан заррача кам кўрмайдиган миллат фарзанди сифатида намоёнланди Эркин Воҳидов.

Менга Пушкин бир жаҳону

                   Менга Байрон бир жаҳон,

Лек Навоийдек бобом бор,

                   Кўксим осмон ўзбегим.

Тарих - йиллар қатига яширинган ҳақиқат. Тарих - умрибоқий воқеалар. Тарих-халқнинг кечаги куни. Уни ўрганиш - ватанни таниш. Уни ўрганиш - халқим деб ёниш. Уни ўрганиш - чиндан уйғониш. Шоир мозийнинг миллат қисматига айланган зулму ситам дамларини ҳам ҳеч назардан қочирмайди. Ўзбекнинг ўтмишини тўла шарҳлашга қалами ожизлигини ҳам яшириб ўтирмайди. Бу билан миллат дардининг нақадар улканлигини уқтиргандек бўлади.

Тарихинг битмакка, халқим,

                   Мингта Фирдавсий керак,

Чунки бир бор чеккан оҳинг

                   Мингта достон, ўзбегим.

Эркин Воҳидов мазкур қасидасини 1968 йилда ёзганини назарда тутсак, Шўроларнинг мустабид тузуми даврида бундай миллатпарварлик кутилмаган жасорат эди. Чунки, "Улуғ рус оғамиз" дея хушомадгўйлик урф бўлган замонда ўз миллатини кўкларга кўтариш унча-мунча шоирнинг қўлидан келмасди. Ўша пайтда бу қасида учун ижодкор анча таъна-маломатларга қолганини, тазйиқларга дучор бўлганини хотирлашади кекса авлод вакиллари. Биз буни устозларимиздан ҳам эшитганмиз.

Маълумки, тарихий-бадиий асар ёзилган вақтда замонавийлик касб этиши айни ҳақиқат. Қалам аҳли мозий мавзусида ижод қилса ҳам туйғуларини бевосита яшаётган они билан боғлаб юборади. Яна теранроқ идрок этсак, ҳар қандай замонавий асар орадан маълум фурсат ўтгач, тарихийликка айланади. Яъни ёзилган замон ва маконга нисабатан умр кўради. Бироқ шундай ижод маҳсуллари ҳам борки, уларга ҳеч қачон вақт дахл қила олмайди. Йиллар, асрлар ўтмасин, замонлар ўзгармасин, ҳозир ёзилгандек юксак қадр-қимматини сақлайверади, сатрлари оҳорини сира-сира йўқотмайди. Бундай ижод намуналари катта истеъдод эгаларининггина қўлидан келади, албатта. Эркин Воҳидов мана шу биргина "Ўзбегим" қасидаси билан ҳам адабиётимизнинг забардаст вакили сифатида бўй кўрсата олади. Негаки, бу қасидани ватан ва миллат ҳақидаги энг дурдона асарлар қаторига қўша оламиз.

Мен Ватанни боғ деб айтсам,

                   Сенсан унда битта гул.

Мен Ватанни кўз деб айтсам,

                   Битта мужгон ўзбегим.

Ўзбегим деб кенг жаҳонга

                   Не учун мадҳ этмайин!

Ўзлигим билмоққа даврим

                   Берди имкон, ўзбегим.

Бугун университет талабалари сафида ўзбек тили ва адабиёти илмини эгаллаётган ёш истиқлол фарзанди бўлиб, шоиримизнинг мазкур қасидасини такрор-такрор завқ билан мутолаа қилиб, шунга иқрорлигим янада ортдики, тўла миллий руҳ сингдирилган байтлар кўнглимизни ҳамиша нурафшон айлайверади. Шоир ўзбек йигитининг ўзига хос бош кийими - дўппи тимсолида ҳам катта маъноларни илгари суради:

Қайга бормай, бошда дўппим,

                   Ғоз юрарман фахр этиб,

Олам узра номи кетган

                   Ўзбекистон, ўзбегим.

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, "Ижод" жамоат фонди томонидан ташкилланган "Истеъдод мактаби" VIII Республика семинарида қатнашган чоғимда ардоқли шои­римиз мангу қўним топган Чиғатой қабристонига бориб, ёш қаламкаш тенгдошларим билан устозимизнинг қабрларини зиёрат қилдик. Ўша лаҳзаларда ҳам кўнглимиздан у кишининг умрибоқий сатрлари кечаверди.

Устоз шоирнинг умр йўлдошлари Гулчеҳра ая Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллик юбилейи кунлари берган интервьюларида таъкидлаганларидек: "Ўзбегим" қасидаси 1966 йили қоралана бошланган бўлсада, 1967-1968 йиллари қоғозга ҳам ёзилди, одамларнинг дилларига ҳам ёзилиб қолди". Демак, қарийб эллик йил муқаддам битилган бу дурдона асар худди кеча яратилгандек ҳали ҳануз оҳорли наводек кўнгилларда миллатдан, Ватандан фахрланиш туйғусини жўш урдирмоқда.

Зеро, улуғ шоиримиз бугун ёнимизда бўлмасаларда, ҳамиша ёдимиздалар. Ҳикматга тўла назмий жавоҳирлари баркамол авлод тарбиясига фаол хизмат қилаверади. Ўзбегимнинг фахрияси "Ўзбегим" эса, миллатимизнинг ўтмиши, кечаси ва ҳозирининг теран таронаси бўлиб қолаверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

НамДУ филология факультети

ўзбек тили йўналиши 2-курс талабаси.