Тилнинг мавқеи - элнинг мавқеи, албатта. Лекин бу мавқени тиклаш осон эмаслигини ҳам яхши биламиз. Бундан беш асрдан зиёд вақт муқаддам улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг саъй-ҳаракатлари билан туркий тилимиз таҳқир ва ҳақорат ботқоғидан шеърият осмонига кўтарилди. Яъни беш достондан иборат буюк "Хамса" бизнинг тилимизда ҳам яратилди. Унинг барча "имконият"лари амалда кўзга кўрсатилди. Қизиқарли ва ибратли воқеалару, образларнинг тўлақонли ифодасига яради бебаҳо тилимиз. Демак, туркий тилимиз ҳеч бир тилдан кам эмаслиги амалда исботлаб берилди. Сўнг Бобур, Машраб, Огаҳий, Нодирабегим, Муқимий ва Фурқатларнинг асарлари эл орасида маълуму машҳурлашувида ҳам тилимизнинг халқоналиги муҳим роль ўйнади.

ХХ аср маърифатпарварлари эса араб-форс тилларида олиб боришга одатланилган мактаб сабоқларини ўзбек тилига ўтказилиши зарурлигини тарғиб қилиш билан миллатпарварлик намунаси кўрсатдилар. Бу борада, айниқса Абдулла Авлоний ва Маҳмудхўжа Беҳбудийларнинг фаолияти алоҳида ўрин тутади. Улар илгари сурган маърифатпарварлик ғоялари асосини она тилимиздаги таълимнинг нақадар муҳимлигини исботлаш ташкил этди, десак асло янглишмаймиз. Бадиий ижод заҳматкашлари эса тилимизнинг турфа товланишларини ёзаётган асарлари қатига сингдириб бориш билан сўз санъати бобида ўзига хос ривожни таъминладилар. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ибрат сингари қалам соҳибларининг асарлари тил жиҳатидан ҳам янги босқич бошланганидан далолат берди.

Афсуски, Шўролар даврида рус тилида сўзлашув ҳамда рус тилида ёзишув тамойили кучайтирилавергач, она тилимизга эътибор бир мунча сусайиб кетганди. Тилимизни керагидан ортиқча русча сўз ва иборалар кириб бойитавердию, ўзимизнинг кўҳна сўз ва ибораларимиз эса улар соясида қолиб кетди. Охир-оқибат она тилимиз жабр кўрди. Очиқроғи, тараққий этиш ўрнига ҳаётдан орқада қолгандек камситилди гўё. Кимки рус тилини яхши билса, кимки рус тилида эркин сўзлашса, "улоқ" ўшаларда кетди. Давлат ва партия ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига кўтарилди, рағбатларга сазовор бўлди. Ҳатто, рус тилида сўзлашувчи миллатдошларимиз ўзларини энг замонавий, энг маданиятли инсонлар деб ҳисоблашгача етдилар. Улар бу билан ўз она тилларидан тобора узоқлашаётганликларини билишмасди, билишганлар эса буни табиий ҳолдай қабул қилишгани ҳам ғоят ташвишли эди.

Ўтган асрнинг 80-йиллари сўнггида жамиятдаги ўзгаришлар "тўлғоғи" тил соҳасидаям белги бера бошлади. Республикамизнинг янгиликка шахдли, илғор фикрли раҳбару зиёлилари мазкур масалага бефарқ қарамадилар. Шахсан Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб сайлангач, орадан тўрт ой ўтибоқ, яъни 1989 йилнинг 21 октябрида "Давлат тили тўғрисида"ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. 1995 йили эса "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг янги таҳрири амалиётга жорий этилди. Истиқлол арафасида яратилган, истиқлол даврида қўшимчалари ва ўзгартиришлари билан янада такомилга етказилган қонун йигирма етти йилдан буён миллий тилимиз тараққиётини таъминловчи кафолатли ҳужжат сифатида ғоят қимматли қўлланма ролини ўтаяпди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йилнинг 13 майида қабул қилган "Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони она тилимизни ўрганишу ўргатишни, тад­қиқотию тарғиботини юқори поғонага кўтариш йўлидаги яна бир эзгу қадам ҳисобланади.

Унда таъкидланганидек: "Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитиш, нуфузини оширишни ўзимиз учун энг устувор, узвий давом этадиган юксак мақсад, деб билишимиз ва бу масаланинг аҳамияти ҳеч қачон эътиборимиздан четда қолмаслиги зарур".

Хуллас, тилимиз ривожи учун, қадри ва мавқеини баланд тутиш учун барчамиз бирдай жон куйдирмоғимиз шарт. Она тилимизнинг онамиздай азизлиги шуни тақозо этаверади.

Обидхон ҲУСАНХЎЖАЕВ,

Наманган давлат университети филология факультети

магистранти.