Ҳурматли газетхон, яқиндагина Сизларга Наманганда 64-Халқаро гуллар фестивалининг очилиши хушхабарини овозалаган эдик. Мана, орадан роса бир ой вақт кечди. Майнинг сўнгги ҳафтасидан бошланган тадбир ҳануз авжида, бардавом. Бундай ҳисоб-китоб қилсак, халқимиз ва хорижий меҳмонларимиз фестиваль сабаб 35 кун гул оралаб, гўзаллик ва нафосатга тўлиб, диллари яйраб, анжуман ташкилотчиларидан беҳад мамнун бўлишар экан.
Гулга меҳр – табиатга меҳр. Гулга эътибор – элга эътибор, юртга эътибор, албатта. Тинчлик барқарор Ўзбекистонимизда гулни севмаган, гулни ардоқламаган одамнинг ўзи йўқ аслида. Гул ҳамма юртда, ҳамма шаҳарда, ҳамма уйда ўстирилади-ю, бироқ Намангандагисининг ранго-ранглиги бошқача, дилтортарлиги бошқача. Мана шу бошқача "тирик мўъжиза"ни яратувчи наманганликларнинг гулкорлиги бошқача. Улар ўстиришнигина эмас, кўз-кўзлашга, мусаввир матога муҳрлагандек хаёлий гулрасмга айлантириб юборишга қодирликда беназир эканликларини 64-марта исботлашаётгани беинкор ҳақиқатдир.
Байрамга қатор мамлакатлардан юз минглаб хорижий сайёҳларнинг ташриф буюришгани, уларга ҳар куни бир-биридан мазмунли ва серзавқ маданий-маърифий ҳамда кўнгилочар табдирларнинг тақдим этилаётганини айтмайсизми. Уста боғбон ва ландшафт дизайни мутахассислари томонидан яратилган бетакрор гул кўргазмалари 2-Халқаро ҳунармандлик ярмаркаси "Янги Ўзбекистон боғи" ёзги амфитеатридаги, "Афсоналар водийси"даги концерт томошалари меҳмонларнинг кўнгилларига ўзгача завқ-шавқ бағишлади. Илм-фан арбоблари, академиклар ва ёшлар учрашувлари, спорт мусобақалари, лаванда сайли, халқаро форумлар, "Бобораҳим Машраб – Наманган фахри" мавзуидаги адабиёт кечаси, "Тил – маънавият кўзгуси" шиори остидаги республика семинари, Ахсикент ёдгорлигига саёҳатлар каби яна кўплаб тадбирларнинг ушбу фестиваль доирасида ўтказилиши ғоят муҳим аҳамият касб этди.
Ҳозирда фестивалнинг 29 июнь куни ўтказиладиган тантанали ёпилиш маросимига пухта тараддуд кўрилмоқда. Халқаро тадбирда фаол қатнашиб, кўрик-танлов ғолибларига айланган ташкилот, муассаса, тадбиркорлар, миришкор гулчиларни ажойиб совғалар кутмоқда. Наманганга машҳурлик, наманганликларга мезбонликдан фахру ғурур бағишлаган ҳаяжонли гўзаллик ва нафосат намойиши ойлигининг 64-мавсуми бетакрору беқиёс таассуротлари билан тарихнинг эслаб юрса арзигулик саҳифаларига айланиб қолиши шубҳасиз.
Содиқ САЙҲУН.