ШОИР ВА ЁЗУВЧИ БОҚИЙ МИРЗО – 70 ЁШДА

Шеър – мислсиз қудрат. Қалам аҳли эса ана шу бемисл қудрат, Аллоҳ сийлаган нурли қисмат соҳибларидир. Мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Турон фанлар академияси академиги, Халқаро Турон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Турон халқ ёзувчиси устоз Боқий Мирзони айнан шундай сийланганлар сирасидан деб биламан. Ўтган долғали асрнинг 80-йиллар шеъриятига ўзининг муҳташам ва ёрқин шеър­лари билан кириб келган Боқий Мирзо туғма истеъдод эканини исботлади. Бугун халқ­нинг дил мулкидан жой олган салмоқли китоблар муаллифи сифатида элда ардоқ топди:

Аслида,

биз учун ҳар бир кун янги,

Ҳар қадам ифорли,

Ҳар нигоҳ тоза!

Бугун

Ёш кўнгилда туғилган севги

Тиниқлик,

софликка гўзал андоза!

 

Уфқдан мўралаган қуёш

Меҳрибон,

Тоғлар салобати янги

кашфиёт!

Очилган ҳар бир гул ҳамиша янги,

Ҳар кун – бизлар учун буюк МУКОФОТ!

 

Устоз Боқий Мирзо халқ айтимларига ўзига хос жило бағишлайди. Халқона ҳикматлар шодасининг энг сараларини шундай маҳорат билан тизадики, ёзганлари етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган санъат шайдоларига бирдай манзур бўлаверади. 1984 йилдаёқ Ёш ижодкорлар семинарида иштирок этиб, Ўзбекистон халқ шоирлари Жуманиёз Жабборов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева каби буюк сўз дарғаларининг назарига тушган сер­қирра ижодкорнинг шуҳрати қанчалар баланд бўлса, камтарлиги ҳам шу қадар таҳсинга лойиқдир.Афсонавий Чортоқнинг Мучум қишлоғида туғилган чақмоқсўз шоир таббарук масканга муҳаббат билан ўсиб улғайди. Қалбидаги юрт меҳрини беғубор ҳисларга тўйинган сатрларида изҳор этди.

Ҳозирга қадар устоз ижодкорнинг эликка яқин асарлари чоп этилган бўлиб, уларнинг саккизтаси шеърий китоблардир. Тўпламларга киритилган шеъру ғазалларда она юрт­га муҳаббат, яқинларга садоқат ва миллий қадриятлар улуғланади. У қайси мавзуда қалам тебратмасин, устозлар анъанасига содиқ қолиб, аввало ўз шахсига муро­жаат этади. Дунёга келмоқдан муроди не эканини баён қилибгина қолмай, ўз олдига қатъий мақсад қўяди :

 

Яратган пок дилларга ғурур, тоза ишқ бермиш,

Кўнгилларни булбулдай сайратгани келганмиз.

 

Қалам берди Худойим минг, тумандан саралаб,

Элу юрт дарди билан куйлатгани келганмиз.

 

Юрт бошида айланган булутларни парчалаб,

Қудратимиз дунёга сўйлатгани келганмиз.

 

Биз қадимдан қадди тик, сўзи кескир бўлган халқ,

Ғафлатда ётганларни уйғотгани келганмиз!

Авлодларини илмли ва жасоратли бўлишга чорлаган шоирнинг ўзи ҳам бир неча таниқли ижодкорларга устоз бўлишнинг уддасидан чиқа олган. Бугун ўзи ҳам устозлик мақомига етган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раҳбари, шоир ва журналист Носир Аббос, Исроил Юсупов, Юлдуз Алимова, Раънохон Ас­қарова, Насиба Дилроз, Дилбар Турғунова, Саидолим Абдураҳмонов, Жаҳонгир Намозов, филология фанлари бўйича фалсафа докторлари Беҳзод Фазлиддин, Ҳавасхон Солихўжаева каби шогирдларининг ҳаётда муносиб ўрин топишларида оталарча ғамхўрлик қилганига гувоҳмиз.

Ҳаётда, ижодда, адабий давраларда фаолликлари ва ижод аҳлига (хоҳ у катта, хоҳ у кичик ижодкор бўлсин) ҳурмат-эътиборлари баланд. Одамийлик, инсон қадр-қимматини ҳар қандай вазиятда жойига қўя оладиган улкан қалб эгаси сифатида устозни катта-ю кичик эътироф этади. Дунёнинг энг илғор мамлакатларида кўплаб нусхаларда китоблари чоп этилиб, минглаб, балки миллионлаб китобхонлар қалбини забт этса ҳам, улуғворлигини, ўзидаги қатъиятни асраб келаётганлиги таҳсинга лойиқ. Устознинг наср уфқларини забт этгани алоҳида мавзу.Бунга ҳам алоҳида тўхталиш ниятимиз бор.

Ёдимда, 2000 йилда илк китобим эълон қилинган кезлари, ҳали ҳеч қаерда номи ва шонидан дарак бўлмаган шоиранинг шеърларига "Суҳбатдош" газетасида "Ростлик ва самимийлик туйғуси" номли тақриз ёзиб, каминанинг ижодига холис ёндоша олган. Мен устозлар ишончини нечоғли оқладим, бу Яратганга аён. Лекин, қалбим кўшкидаги устозларим қаторида боқий шеърлар ва салмоқли асарлар муаллифи Боқий Мирзонинг алоҳида тахти бор. Устознинг ўзи ҳам устозларига меҳр ила шундай сатрларни битганди:

Кимни бургутдек баланд парвози бор,

Отасидан ҳам улуғ устози бор!

 

Барча парвози баланд шогирдларин

Қалбни титратган наво сози бор.

 

Ким, униб-ўсмоқда устоз меҳри-ла,

Пири комилга улуғ эъзози бор.

 

Унга бегона адашмоқ ва хато,

Тўғри йўл кўрсатгучи ҳамрози бор.

 

Ким, улуғ зот қалбида доим ғурур,

Жон фидо этгучи минг сарбози бор!

 

Изтироб чекмайди шогирд тунлари

Айтади устозига дилрози бор!

 

Англадим: шогирд ила устознинг

Бахтга элтгучи ниятдан сози бор!

 

Бугун етмиш ёшни қаршилаган улуғ устозга исми каби боқий умр, боқий бахт ва ижодда ҳам умрбоқийлик тилайман. Яна дейманки, кўнгил хиёбони Сиз каби устозлар билан ободдир. Ободлигимиз йўқолмасин!

 

Гулчеҳра ЗОКИРОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

Зулфия номидаги давлат

мукофоти соҳибаси,

Наманган давлат университети ўқитувчиси.

 

ВАТАН

Уни аввал севмоқлик керак,

Англамоқлик керак борини.

Сўнг бор имкон, севгиси билан

Қўллар сендек мард дастёрини!

 

* * *

 

Август,

меҳрим қозондинг, шаксиз!

Унутмайман оқшомларингни.

Дўстлар билан саёҳат чоғи,

Ҳадя қилган илҳомларингни!

 

Дилга ажиб туйғулар солди,

Салқингина оппоқ тонгларинг.

Тўлиб-тошиб ғазаллар битдим,

Ҳаёт завқин бергани саринг!

 

Оппоқ тонгга бурканган қирлар

Кўчиб ўтди руҳим кўшкига.

Мен ғамларни ичимга ютиб,

Дадил боқдим ҳаёт кўзига!

 

Иродамни буколгани йўқ,

Ғанимларнинг ғийбат, иғвоси.

Келажакдан энди кўнглим тўқ,

Менга бир пул ҳасад дунёси!

 

Юрагимда бир дарё оқар,

Писанд қилмай ғам-ташвишларга.

Тиз чўкаман бошимни эгиб,

Дўстдан келган навозишларга!

 

Тин билмайди фурсат шамоли,

Жилмаяди омад, эҳтиром.

Ҳар тонг имлаб уйғотар мени

Ишқ майига тўлдирилган жом!

 

Сипқораман кўксим тўлгунча,

Қарамасдан ортиқ – камига.

Орзуларнинг отига миниб,

Интиламан ДИЛ оламига!