ёхуд Ибратнинг ибрати

 

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).

Юқоридаги панднома муаллифини ҳақ сўзни ёзиб, қаттиқ панд егани бизларга маълум. Худоёрхон Шавқийни шу шеъри учун дорга осишга буюргану, лекин шоир дўстлари ёрдамида ўлимдан қутулиб қолган. Ибрат эса Шавқий билан таниш ва алоқада бўлгани учун унинг "Пандномаи Худоёрхон" достонини ўқишга муяссарланиб, келгуси авлодга ҳам етказгани ғоят хайрли иш эди.

Умуман, Амирий, Фазлий, Хотиф, Фитрат, Шавқий каби шоирларнинг наз­ми намуналари асарнинг қимматини янада оширган. Ўз навбатида, бу ердаги бадиҳа байтлар, таърихлар, маснавийлар ва марсиялар ХIХ аср адабиёти ҳақидаги тасаввурларимизни қисман бойитишга ҳам хизмат қилади.

Исҳоқхон тўра ватандошларининг қора кунларини қаламга олар экан, Русия босқини тасодифий эмаслигини чуқур тушуниб етганди. Қўшин сонининг кўплигию, қуролланиши юқори даражадалиги туфайли уларга уч хонлик яккама-якка бас келолмаганлигини амалда кўрган. Мусулмон қўшинбоши ва юрт улуғларининг кўзлари кеч очилиб, шунда ҳам буни тан олишлари анча қийин кечганини, алал-оқибат таслимлик аламини қаттиқ чекишганини яширмайди, қандай эшитган бўлса, шундай рўйирост ҳикоялайди: " Чимканд­да яна катта муҳораба бўлуб, Иқондан Чимкандда одам кўп қирилди". Мозийшунос ҳам­юртимиз уруш кўрганлардан ким нима деса, шунга ишониб кетавермаганини айтиш билан китобда тартибланган ҳодисаларнинг ҳаққонийлигига ишончимизни мустаҳкамлайди. "Буларни ўз оғизларидан эшитуб, ўн кишини(нг) сўзини таққослаб, ўртаси олинди" дея изоҳ бериб кетилган.

Ҳўқанд ҳукмдорларининг XIX аср иккинчи ярмидаги хатти-ҳаракати тафсилоти ва таҳлилидан сўнг Исоқхон тўра қуйидаги эътирофга келади:"Фарғона ва Туркистон хонларидан икки киши фуқаро ва дину миллат учун ҳаракат этган эди. Бири амирлашкар (Олимқул – С.С.) ва бири марҳумий Маллахон. Тўплар қўйдируб, милтиқлар ясаб, корхоналар қилиб, тўплар узрасига кумушлар илан ёзувлар ёзиб, яхши диққат этган эди. Чунончи, бу назмлар:

"Амирлашкари ғозий карданишон,

Жаллоди тўпи пурчашми оташфишон".

(Мазмуни: Ғозий амирлашкар нишонга олди, олов сачратувчи тўп билан).

Аслида Хўқанду Марғинон, Андижону Намангон халқи босқинчиларга бош эгишни заррача истамасдилар. Риёкор руслар манфаатпараст маҳаллий бойу уламоларни ишга соладилар. Туркий элнинг қисмати ҳал қилинаётган қалтис дамларда кимнинг кимлиги юзаланаётганди. " Ул вақтда ҳеч ким уламою уқалонинг сўзини олмай, ҳар ким ўз олдиға маст кишидек ўзига ўзи бир иш қиладургон кўринуб, Намангон кўп бефойда ҳужум остида турган, уламолар қози мулла Турсин, Муҳаммад Охунд отланиб чиқиб: " Эй мусулмонлар, сизларга нима бўлди, оят, ҳадисга қаранглар, китоб бу қилган ишларингни савоб демайдур, бизда подшоҳ йўқ, асбоб йўқ, бу ғазот эмас!" деб насиҳат қилсалар, мастдек муштини кўтарган, тўқмоқ, чўянбош кўтарган жуҳалолар бирдан: "Урунг­лар, бу киши Русиядан ришва олган деб қозикалон домлани отдан йиқитиб шаҳид қилдилар. Муни кўрган уламолар бу фуқароларни ала ҳолиҳим қўюб юбордилар".

Барибир Фарғона ўлкасида босқинчиларни батамом тўхтатиб қолувчи қудратли уюшган кучга айланган халқ шаклланмаганди. Оламон аҳоли боботупроққа кўз олайтирган оқ подшо лашкарларининг қирғинбаротига қандай ҳам тоб бера олсин "Валҳосил, ўша отувдан сўнг Наманган тинчиди, – дея давом этади Исҳоқхон тўра. – Ўшал вақт куз вақти ҳижрий 1293-1294 эди, қавс чилласи бўлса керак. Намангон тамом Русия давлатига ўтди. Бу ишлар, яъни беҳуда фасотлар сабаб ўз аҳлимизни(нг) беилм ва бефикрлигидан бўлди".

"Тарих-и Фарғона" фақат мозийшунослик манбаи бўлибгина қолмай, унда адабиётшунослик ва тилшунослик учун асқотадиган ўринлар ҳам анчагина. Бу ҳақда алоҳида фикр юритамиз.

Фарғонанинг катта шаҳарлари – Хўқанд, Андижон ва Намангон таърифу тавсифига тааллуқли саҳифаларда шундай маълумотлар кўпроқ учрайди. У географ, этнограф сифатидаги қарашларигача мазкур асарига сингдириб юборган. Кези келганда булар тўғрисида ҳам ёзамиз, албатта.

Мазкур рисола мутолааси жараёнида Исҳоқхон тўра Худоёрхоннинг тўрт маротаба тахт тепасига келишию, охири хонлик тахтидан мосуво бўлиб, тарки ватан қисматига мубталолик билан Арабистон ва Афғонистонда яшаши, ҳатто қаерда, қачон вафот этганигача анчайин батафсил тўхталгани бизларни таажжубга солса-да, кейинроқ билдикки, унинг Худоёрхоннинг тўртинчи ўғли – Ибн Яминбек билан дўстона муносабатлари бор экан. Ибн Яминбек Туркистон вилоятининг газетида ишлаган ва Ибрат яқиндан ҳамкорлик қилган. Бизга эса Исҳоқхон тўранинг Тошкентга ҳар гал йўли тушганида шаҳарнинг Обихўв кўчасидаги қадрдонининг ҳовлисига қўниб ўтмасдан қайтмагани маълум. Аммо бу яқинлик қаламкашни ҳаётий ҳақиқатни бузиб кўрсатишга мажбурлай олмаган. Худди Бобур Мирзодек лафз бобида риёга берилмаган, аксинча, ҳар сўзини ростлик мақомидан қадр-қимматга лойиқланишини бирор лаҳза унутмаганининг ўзиёқ Ибратнинг ибратли фазилати тимсолига кўтарилган. Зеро, "Ойни этак билан ёпиб бўлмайди", тарих ҳам худди ойдек, атрофида, устида қанча-қанча қора булутлар сузмасин, барибир ҳақиқат кўшкидаги асл юзини бизлардан яширолмайди. Сиёсатлар – мудом замонсоз, вақтлар ўтиши билан булутдек ғойибликка маҳкум. Ҳақиқатлар эса китоб­лар бағрига жоланса, қачонлардир авлодларга сабоқ бераверади, худди "Тарих-и Фар­ғона"дек.

 

"МЕЗОН УЗ-ЗАМОН" – "ЗАМОН ТАРОЗУСИ"

ЁХУД ОЛАМ ВА ОДАМ МУШОҲАДАСИ

Оламу одам орасида кўзга кўринар ва кўринмас боғлиқликлар бисёр. Бири бирисиз яшолмайди, бири бирисиз ғарибу номукаммал. Замон эса уларга теппа-тенг боқади. Ажабларки, баъзан олам илгарилаб кетса, баъзан одам олдинга одимлаб юборади. Икки ҳолатда ҳам мувозанат бузилгандай тасаввур туямиз. Аслида ҳам олам ва одамдаги замон билан ҳамнафаслик, ҳамқадамлик суратию, сийрати безаги. Замонага хосликда эса, ўша даврдаги, яъни айнан кечаётган вақт ҳукмидаги олам манзараси ва одам қиёфаси (ҳам ташқи, ҳам ички) уйғунлиги ғоят муҳимлигича қолаверади. Бундай бўлмаслик замон тарозуси шайни бир томонга оғганидан дарак беради. Жамият тараққиёти нотўкислигини сездириб қўяди.

Эл-юрт қайғуси билан яшашга одатланганлар шундай ҳолатга нигоҳ ташлаб, ўз-ўзидан изтиробга тушадилар. "Нега? Нима учун?" дея фикрий жумбоққа ечим излайдилар. Миллат камолотини ўйлаб, бу ҳақда атрофидагиларга сўзлайдилар, яна кифояланмай қоғоз қоралаб, авлодларга китоблар орқали таъсир ўтказишни кўзлайдилар, худди Исҳоқхон Ибратдек.

Ўтган асрнинг 50-йили, Исҳоқхон тўра ўлимидан ўн уч йил ўтгач, ҳали оқланмаган айб­сиз айбдорнинг эски ҳовлисига қадам ранжида қилган бир инсон туфайли бугун "Мезон уз-замон" рисоласини ўқишга муяссарланиб турибмиз. Ўша қутлуғқадам киши кимлигини танитиб қўйиш шу ўринда жуда жоиз. Бизга маълум, асарнинг ягона қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг фондида 116118 рақами билан сақлаб келинмоқда. Бу, ахсилик Жўра Зокирийнинг эзгу саъй-ҳаракатлари шарофатидан, албатта.

(Давоми бор).