Мен фақат "т" ҳарфи билан бошланувчи сўзлар воситасида иккита бадиий роман ёздим. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси "Адиб ва жамият" рукнида ҳар икки роман асосида "Теоремадан туркона тароналар" китобимни минг дона нашр этиб, бепул улашди. Қалам ҳақи ва ундан ташқари 50 дона китоб беришди. Республика адабий жамоатчилиги вакиллари иштирокида китобим тақдимотини ҳам уюштиришди. Буларни бежиз ёзаётганим йўқ.

Шу йил февраль ойи охирларида бирдан юз нефрити, яъни юз нерви фалажи билан оғриб, чап томоним қийшайиб қолди. "Тез ёрдам"чиларни чақиртирдик. Улар Тошкент­даги 17-шифохонага ётқизди. Лекин Наманганда яшаётган ўғлим ва шогирдим  вилоятда даволанишимни маслаҳат беришди. Наманганга келиб, шаҳардаги хусусий шифохоналардан бирига жойлашдим. Шароити ўта юқори даражада. Озодаликка ҳам гап йўқ. Даволовчи ҳаким ўта ҳушмуомала. Унга китобимдан совға қилдим. Китобга атайлаб телефон номеримни ёзиб қўйдим. Икки ой ётиб, қатнаб даволандим. Ўзгариш бўлавермади. Шарт кетиб юбордим. Врачим  қидирар деган ўйда эдим. Бир икки кун ўтди, телефон бўлмади.

Ўғлим Чортоқ туманидаги анча машҳур ҳакимнинг хусусий шифохонасига ётқизди. Яна ша­роит зўр, ходимлар ўта хушмуома­ла. Жуда қувондим. Врачга ҳам китоб сов­ға қилдим. Муолажалар бошланди. Даволаш олдинги ҳакимникининг деярли такрори. Фар­қи шуки, олдинги хаким ўн кунлик дори-дармонни бирдан ёзди. Буниси эса бир кунгини. Ёзилган дориларни "Мен аввал олганман, зиёни йўқми?" – дедим.  У эса  "Шулар керак" деди. Яна бир фарқи олдинги ҳаким нинани 20 дақиқа қўярди, буниси 30 дақиқа ва кўпроқ. Ўзгариш деярли йўқ ҳисобида. Бу ердан ҳам кетиб қолдим. Буниси ҳам мени қидирмади. Ваҳоланки, китобда номерим бор эди-ку...

Қатъий хулосага келдим, улар китоб ўқишмас экан,  очиб ҳам кўришмагани аниқ.

Ўғлим яна бошқа доктор топди. Тўрақўрғондан. Бордик. Очиқ чеҳра билан кутиб олди ва эринмасдан текширди. Олдинги муолажаларни сўради.  Сўрагандаям обдон сўради. Ва шундай хулосага келди: "Икки – уч ой кеч келдингиз, майли, ҳеч­қиси йўқ даволаймиз. Тузалиб кетасиз" – деди.

Мен шифокор столи устида турган бир даста китобларни кўриб, унга ҳам  ўзим ёзган  китобимни совға қилдим. Албатта, олдингиларга берган услубда. Ҳаким китобни варақлаб кўрди. Ҳайратга тушди.

– Ия? Ҳаммаси т-ли-ку?

– Шунақа.

– Бунақасини ҳеч қачон кўрмаганман, қойил! – деди беихтиёр ҳайрат билан тикилиб

Кўнглим кўтарилди. У ёзиб берган дорилар рўйхатини қўлга оларканман, сўрадим.

– Ётиб даволанаманми?

– Ётиш шартмас, шу дориларни ичиб, ўн кундан кейин келасиз, – деди.

Хурсанд бўлдим. Чунки, нафақадан тўплаган пулларим тугаб бораётган эди.

Ўғлим дориларни олиб берди. Аста сўрадим.

– Қанча бўлди?

– Арзимаган пул, – деди.

Барибир аниқладим. Олдинги докторлар ёзган бир кунлик дориларнинг ярмияммас. Хорижникинияммас, ўзимизда тайёрланганлар.

Сал шубҳаландим. Чунки мен қиммат дориларни ичишга ўрганиб қолган эканман.

Ўн кун дориларни ичиб бўлгач, ўзимни яхши ҳис қилганим учунми, сезиларли ўзгаришлар туфайли хотиржам ҳолда врач ҳузурига шошилмадим. Ўн биринчи куни телефон бўлди. Рақамини танимабман. Ўзидан сўролмадим.

– Нега кеча келмадингиз, мазангиз яхшими? – деганида    ҳушёр тортдим.

– Яхши, доктор.

– Яхши бўлса ҳам мен яна сизни кўришим керак, – деди хурсанд бўлиб.

Танидим бу доктор Ёқубжон Бозоров эди.

Ниҳоят, мен излаган докторимни топдим. Худо хоҳласа, у мени тузатади. Ахир Ёқубжон китоб ўқийди. Изланади. Бош­қалар тузатолмаган беморниям, у тузата олади.  Давосини шубҳасиз, китобдан топади. Тополмаса, мени чақирмас эди.

Китоб ўқийдиган докторлар бор бўлсин, бахтимизга узоқ яшашсин!

ТЕМУРБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

академик-адиб.