ёхуд Ибратнинг ибрати

 

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).

Буларни(нг) ашъорлари "Мажмаът уш-шуъаро" ларида мастурдур". Ўз навбатида китобдан "Умархонга нега жаннатмакон нисбаси қўлланган?" – деган саволга ҳам аниқ жавоблар оламиз. "...машҳур Умархон асринда мадраса қилмоқ, илмга ривож бермоқ, шариат аҳкомини жорий қилмоқ расм ўрнинда бўлуб, хон ўзи бошлаб, мадрасаи жомиъни(нг) биносига урунуб, асосга тош қўймоқ бўлганда уламо ва фузалолар ва умароларни(нг) акобири вилояти Хўқанд жам бўлганда: "Асос тош қўядурғон киши балоғатдан буён тарки мустаҳаб содир бўлмаган киши тош қўёдур", – деганда, бу уламою фузалолардан ҳеч ким қодир бўлмай, ожиз бўлганда хон ўзи: "Алҳамдулиллоҳ, ман тарки мустаҳаб қилмаганман умримда!" – деб асос тошни ўзи қўйганда уламойи аср иттифоқ илан "жаннатмакон" лақабини берган экан".

Ҳар қанча таърифу-таҳсинга муносиб бу зот ўн икки йил тахтда ўтирганига қарамай, оқиллигию тадбиркорлиги, ўзига хос дипломатияси, яъни Бухоро ва Хива хонликлари билан бўлган муносабатларда шоирона лутфлар ишлатиб, мураккаб ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олганлиги ҳам ҳаётий ҳақиқатдир. "Бу Умархон асрида ҳеч муҳораба ва муқотала бўлмай, аҳёнан Истравшан, Ўротепа умаролари илан ораларида воқеалар бўлуб, катта муҳораба бўлмай, осойишта ўтган экан" дея таъкидлайди Исҳоқхон тўра.

Афсуски, тахт вориси Муҳаммад Алихон отасидек бўлмади. Ҳижрий 1237 йилда тахтга ўлтириб ҳукмдорлик даври 21 йилга чўзилдию, ҳаёти фожиали якун топди. Бухоро ҳукмдори Амир Насруллоҳ қатл эттирди. Асарда булар тўғрисида бир қадар батафсил маълумотлар келтирилган.

Фарзанди фожиасини кўриш она учун оғирдан оғир. Мудҳиш дамларда бенажот қолган муштипарнинг ёвуз душманини қарғишдан ўзга иложи қанча: "Эй, золим, атоси санга осий бўлган бу муроҳиқи бегуноҳ нима гуноҳ қилди?! Бераҳим золим, қизил қонга бўядинг, Худонинг олдида сенинг ила мурофаа қиламан, сен ҳам нури чашмингдан ажраб, хонавайрон бўлиб, қизил қонингға бўял, хонадонингдан ажраб, хароб бўл!"

Асарда Амир Насрулло жаҳолат отига миниб, бераҳимлигини омма кўз олдида намоён этиб, тобеларни қўрқувга солишдан завқ туйган калтабин амир қиёфасида тасвирланган. Уч хонликнинг инқирози сабаблари айнан кўрсатиб берилган.

"Тарих-и Фарғона" саҳифаларида ўрни-ўрни билан назмий битиклардан фойдаланилган. Исҳоқхон тўра бундай усулни қўллаш билан воқеа-ҳодисларни таъсирчан ифодалашга эришган. Шеърлар ҳукмдорларнинг ички дунёсини очишда ёрдамлашган, улар вафотига ёзилган марсиялар эса халқнинг, аҳли фозилларнинг мотамга муносабатларини кўрсатган.

Рисоладаги назмий парчалар ичида бизнингча, энг диққатга сазовори Наманганлик Шавқийнинг, янаям аниқроғи, Тўрақўрғон туманининг Калвак қишлоғида яшаган мулла Шамси шоирнинг "Пандномайи Худоёрхон" асаридан парча киритилиши алоҳида аҳамият касб этган. Ака-укаларнинг тожу тахт талашишлари кўп ва ҳўб ёзилгани, аянчли оқибатлар келтиргани тарихимизнинг қора кунларига хослиги ойнадай аён. Ушбу асар ҳам бундай лавҳалардан холи эмас. Исҳоқхон тўра тарих аниқликни ёқтиришини, ижобийми-салбийми барибир рўй берган ҳодисалар зикрини имкон қадар муфассал ёки мухтасар баёнлайди. Ҳукм ва хулосаларни гоҳ ўзи ясайди, гоҳ мутолаачига қолдиради. Бу билан ўқувчини ўйлашга, мушоҳадалашга мажбурлайди. Айниқса, тахтдан кетиб, тахтга қайтиб турган Худоёрхоннинг тақдирига дахлдор акаси Маллахоннинг насиҳатлар назмини беэътибор ўқиёлмаймиз:

Улуғ ёш оғо эрдилар Маллахон,

Насиҳат қилур эрдилар ҳар замон.

Бу хон анга кўп ғамни ер эрдилар,

Фасиҳ тил билан гоҳи дер эрдилар:

Ука, бу насиҳатни дарк айлагил,

Бу бачкана ишларни тарк айлагил.

Эрур шаҳ иши элга дамсозлик,

Муносиб эмас хонга сакбозлик.

Қаён борди сандаги бу ақли ҳуш,

Егай ҳар итинг кунда бир нимта гўш.

Таажжуб сани элга бу қилмишинг,

Муносибму санга бу қилган ишинг!

Неча сафшикан эр баҳодир йигит,

Булар барча оч бўлса, тўқ бўлса ит.

Йигит қадри ит қадридин бўлса кам,

Бўлурму яна мундин ортиқ алам.

Эрур сипаҳ қаноти йигит бирла от,

Агар хон эсанг қил они эҳтиёт!

(Давоми бор).