Умр – инсонга бир марта ато этиладиган неъмат. Лекин кимникидир узун, кимникидир қисқа кечиши ҳам беинкор ҳаётий ҳақиқат. Савол туғилади: "Нега шундай?". Кимдир шошилиб, дарров буни тақдирга йўйиши мумкин, аслида бошқа сабаблар хаёлдан фориғ қилинади. Ана ўша ҳолатда инсоннинг ўз ҳаётига эътиборсизлиги бошланади.

Каттами-кичикми узоқ яшашни хоҳлаган ҳолда бунинг талабларини билмаслиги, билсаям амал қилмаслиги алал-оқибат умрига эрта нуқта қўйилишига олиб боради. Аксинча, соғлом турмуш қоидаларига қатъий амал қилинса, олам гулистон. Касалликка чалинмайди, чалинсаям енгил енгиб ўтади, ҳар куни ҳаловатли кечади. Шундай экан, соғлигимизнинг биринчи даражали омили нималарда эканини билмоғимиз, энг фойдали тавсия, йўл-йўриқ ва маслаҳатлар асосида яшамоғимиз шарт эмасми? Бу борада Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув маркази директори, иқтисодиёт бўйича фалсафа доктори, доцент Раҳмонжон Эгамбердиев ва Наманган муҳандислик-технология институти илмий изланувчиси Зулайҳо Илҳомиддинова томонидан тайёрланган "Соғлом турмуш тарзи" китоби сиз билан бизга ҳамроҳу кўмакчи бўла олади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" янги умуммиллий ҳаракатини маҳалладан бошлаймиз. Бу ҳаракатда ёшу қари – барча юртдошларимиз ўз ўрнини топиши керак" деб бежиз таъкидламаганлар. Бизнингча, мазкур тўпламни ўқиган киши ана шу эзгу ҳаракатнинг наинки иштирокчиси бўлишга, айни вақтда олдинги сафидан ўрин эгаллашга эришишда асло қийналмайди.

Келинг яхшиси, китобни биргалашиб кўздан кечирайлик. Унинг биринчи бобида "Соғлом турмуш тарзи"дан сабоқ берилган. Яъни шахсий гигиена қоидалари, ўз-ўзига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, саломатлик машқлари баён қилинган. Айниқса, буюкларнинг фикрлари билан танишиб, кўп фойдали панду насиҳатлардан баҳраманд бўламиз: "Доимо нима биландир банд бўлинг. Бу ер юзидаги энг арзон дори" (Корнеги), "Дам олишга вақт тополмаган инсонлар, эртами, кечми даволанишга вақт топишга мажбур бўлишади" (Жон Ванамакер), "Доимий жисмоний машқлар билан шуғулланадиган одам – касалликни йўқ қилишга қаратилган ҳар қандай даволанишга муҳтож эмас" (Ибн Сино). Қаранг-а, уч энг муҳим ҳолат ҳақида ҳикматона уқтирги айтилган: бекор ўтирмаслик, вақтида ҳордиқ чиқариш ва жисмоний фаоллик. Энди ўйлаб кўринг: меҳнат билан бандмисиз? Ўз пайтида дам оляпсизми? Пиёда юряпсизми ёки эрталабки бадантарбия машқ­ларини унутиб қўймадингизми? Учала саволга "ҳа" деб жавоб беролсангиз, сиз тўғри йўлдасиз.

Бобнинг иккинчи бўлимида "Ўз-ўзига ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш"хусусида фикр юритилган. Тавсиялар кўпчиликни безовта қиладиган ҳолатларни бартараф этишни ўргатади. Чунончи, қон босимингиз ошганлиги аломати сезилганда, даставвал, дорилар бўлмаса, ўз-ўзингизга қандай ёрдам қила олишингизни ўқиб биласиз: "1. Бошни баланд кўтариб, стулга ўтириш керак. 2. Ёқанинг тугмасини ечиш лозим. 3. Қон босимини ўлчаш зарур". Агар қон босими пастлаб кетса-чи? Унда: "1. Оёқларни стулга кўтариш керак. 2. Бошни пастга тушириш лозим. 3. Қаҳва, қорачой, намакоп ичиш ёки туз қабул қилиш зарур".

Китобда юрак ҳуружи чоғида қандай чора-тадбирлар қўллаш муҳимлиги илмий асосда тушунтирилган. Кексалар учун қатор фойдали маслаҳатларгача битилган.

Учинчи бўлим "Соғлом бўлиш машқлари"га бағишланган. Сувда сузишнинг, балиқ овлашнинг, уқалашнинг, ҳаммомга тушишнинг нафи катта эканидан воқиф бўласиз. Бешинчи бўлимга "Санаторийларда дам олиш ва унинг фойдалари" тўғрисидаги маълумотлар мужассамланган. Унда Ўзбекистондаги 22 та санаторий рўйхати келтирилган, остида қандай хасталикларга ихтисослаштирилганига ойдинлик киритилган.

Навбатдаги бўлимда эса кўпгина қизиқарли саволлар ўртага ташланган. "Дориларни музлатгичда сақлаш мумкинми?", "Бодомнинг шифобахшлиги ҳақида эшитганмисиз" ва "Танадаги тузлардан қандай қутулса бўлади?" каби саволларга жавобларни ўқиймиз.

Тўпламнинг иккинчи боби "Тўғри ов­қатланиш – соғлом турмуш тарзининг асоси" дея номланган. Гиппократнинг "Тоза ва сифатли овқатларни истеъмол қилган киши кам касалланади" деган гаплари атрофида фикр юритилади. Аввало, тўғри овқатланишнинг моҳияти ва аҳамияти тушунтирилади. Ҳатто дам олиш ва байрам кунлари қандай овқатланишнинг ўн талаби тўғрисида изоҳ берилади. Энг муҳими, кишиларнинг мижозига қараб ва йил фаслларида овқатланиш масалаларигача аниқ ёритилган. Тўпламдаги матнларга илова қилинган жадвалларда тўғри ов­қатланиш меъёр ва миқдорлари акс эттирилган. "Ақлий меҳнат билан шуғулланувчиларнинг энергия ва асосий озиқ моддаларга кунлик талаби", "Ўқувчиларнинг асосий озиқ-овқат моддаларига бўлган бир кеча-кундузлик талаби ва умумий қувват сарфи", "Талабалар учун мўлжалланган кеча-кундузлик асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг миқдори" ҳақида рақамлар "сўзлайди". Ҳатто спортчиларнинг кунлик рационигача жадвалга солинган. Ҳомиладор аёллару кексалар ҳам эътибордан қолдирилмаган. Оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, витаминсимонлар, маъданли ва минерал моддаларнинг инсон организми учун меъёрий миқдорларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Овқатланишнинг олтин қоидалари ва тамойилларига ҳам бир неча саҳифа ажратилган.

Тўпламнинг сўнгги – учинчи боби "Халқ табобати"дан ҳикоя қилади. Мазкур бобдаги маслаҳатлар қисқа, лўнда, лекин халқимизнинг тажриба-синовидан ўтгани учун ишончли, албатта. Туркум маслаҳатлардан биттасини мисол келтирсак ҳам фикримиз тасдиғи учун кифоя қилади, деб ўйлаймиз. Инчунин, дарднинг давоси борлигига шубҳа йўқ: "Ёнғоқнинг тоза кўк қобиғини хина билан аралаштириб, бошга суртилса, оғриқни қолдиради", "Семизўтнинг баргини чайнасангиз, тиш милкларидан қон кетишини тўхтатади", "Ловия асал билан аралаштирилиб, кўзга боғланса, кўз милклари қизариши ва шишини йўқотади", "Тол баргини эзиб, сувини илитиб, қулоққа томизсангиз, қулоқ ичидаги кирини тозалайди", "Мойчечак (ромашка) гули бурундан сув келишини йўқотади" ва ҳоказолар.

Тўплам муаллифлари ғоят эзгу ишнинг уддасидан чиқишган. Яъни халқимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилувчи қимматли қўлланма яратишган. Шу жиҳатдан қараганда, уларнинг мўъжаз қомусий китоби тиббий билим тарғиботчиларигагина эмас, кенг ўқувчилар оммасига ҳам маъқулу манзур туҳфадир.

Содиқ САЙҲУН.