ёхуд Ибратнинг ибрати
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).
Туркистонликлар кулфати қандай йўсинда рўй бергани манзарасини Исҳоқхон тўра кўз олдимизда ҳаққоний равишда жонлантиради. "Ровийлар қавлинча, Тошканда олтмиш кун баъзи қавлда саксон кун муҳосара бўлуб, ичиндан муҳобара, тошиндан муҳосара ва муҳораба бўлуб, ҳижрийнинг минг икки юз саксон иккисинда, мелодни(нг) минг саккиз юз олтмиш бешинчида ёз, май ойинда Русия қўлига ўтди", деб ёзади Исҳоқхон тўра ва бу билан чекланиб қолмай, шу воқеа аввалдан улуғлар томонидан башорат қилиб қўйилганидан ҳам бизни бохабар этади. "Бу тўғрида султон ул-орифин сўзлари тўғри чиқди:
Дар соли "ғураф" агар бимони, бини,
Мулку малику миллату дин баргардад, –
деганлар муаяна бўлди". Форсий байтнинг мазмуни: "Ғуроф" йилигача яшасанг, мулк подшо, миллат ва диннинг кетганини кўрасан. Арабча "ғуроф" (ғ, р, о, ф) ҳарфларининг абжад ҳисоби бўйича йиғиндиси 1280 ни ташкил этади. Биз бугун яхши биламизки, 1875 йилнинг августида Хўжанд-Қўқон йўли ёқасида жойлашган Маҳрам қишлоғидаги қалъа истеҳком Кауфман томонидан мағлуб этилганига Ибрат алоҳида тўхталади. Боиси, бу муҳораба хонлик қисматини аянчли ҳолатга буриб юборган. Фожиали енгилишнинг асосий нуқтаси сифатида маҳрам воқеаси тарихга кириб қолди. Аслида бир рус савдогарининг моли шу жойда талонга учраганди. Хонликнинг ҳудудида бўлганлиги учун Туркистон гинерал губернатори Фон Кауфманга мурожаат этилган, у хонликдан тегишли жавоблар талаб этаётган эди. Муносиб жавоб ёзмоқ учун комил вазири ҳам йўқлиги сабабидан Худоёрхон мулла Абдураҳмон офтобачига (асли душмани бўлган Мусулмонқулнинг ўғлига) маслаҳат солади. У эса "Қаттиқ рад жавоби берилсин" деган фикрда туриб олади. Офтобачи Русия давлати билан хонлик ўртасидаги чигал муносабатларни баттар чуқурлаштириб юборишни истарди. "Анинг маслаҳати хонға маъқул бўлмай, Русияга боруб, жавоб қилмоқ бўлуб ва ҳам ўздан чиққан фитнани(нг) дафъиға Русиядан имдод сўрамоқ бўлуб турганда, мазкур савдогар молини тўғрисида гинерал губернатор Тошкандға хонни чақирган эди".
Таниқли тарихчи Ҳамид Зиёев ўзининг "Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш" (Шарқ. 1998) китобини ёзишда Ибратнинг мазкур асаридан кенг фойдаланган. "Маҳрамдаги жангда Абдураҳмон офтобачи ва сафдошлари урушга яхши тайёргарлик кўрганлар, лекин жанг вақтида раҳбарликни ўрнига қўя олмай ожизлик қилганлар. Натижада ўз ҳолига ташлаб қўйилган Ватан ҳимоячиларидан фақат 3000 отлиқ омон қолган, холос. Ибрат ҳам Маҳрамдаги жанг ҳақида тўхталиб: Абдураҳмон офтобачи "Русияга урушмоқчи бўлуб, Маҳрамга боруб, андин Хўжандни муҳосара қилмоқ бўлуб, ҳеч иш қилмай неча минг одам дарёга кетиб, Маҳрамдан қочиб, Марғинонга кетди", – деб ўз фикрини далиллайди.
Исҳоқхон тўра Фарғона тарихидан маълумот ва лавҳаларни худди шодадек тизимли баёнлар экан, мозийда алоҳида ўрин тутган шахсларнинг, ҳукмдорларнинг мураккаб шароитдаги хатти-ҳаракатини баҳолашда холислик нуқтаи назаридан ёндошади. Уларни айрича олиб эмас, атрофидаги воқеаларга, ҳамсафларига, маҳкаманинг юқори нуфузли амалдорларига боғлиқ ҳолда тасвирлайди. Чунончи, ора-орада Худоёрхоннинг ёнида юрганларнинг, ҳодисалар иштирокчиларининг ҳикояларини бежиз келтирмайди. Бу ўринда тарихий тождор шахсларнинг йўл қўйган каттами-кичикми хатолари кези келганда фақат ўзи учун ҳам, атрофдагилару халқ учун ҳам ғоят қимматга тушишини исботламоқчидай кўринади. Ҳатто ноодилона сиёсат ватанпарвар инсонларгача салбий таъсир ўтказишини, уларнинг тақдирини бутунлай бошқа йўлга буриб юборишини, янада очиқроқ айтилганида, ширин жонини ўйлаб Ватан ва халқ тақдири учун қайғуришдан юз ўгиришини аянчли ҳолатларда акс эттиради. Қуйидаги Мулла Ориф ҳикояси билан шундан огоҳлагандек:
"Ҳўқанддан чиқуб, Маҳрамга бордук. Анда ўрдага тушдук. Мулла Маъруф додхоҳ бирга хонага жой қилиб бердук. Биз илан эллик адад маҳрамлар бирга ва қозоқ аскарлари алоҳида қўндилар. Кечаси хон ухламади, ҳафаликдан таом ҳам емади, сўздан бир калима сўзламади. Олдига чой олиб кирдим: "Тақсир, тақдир, нима қиламиз, хафалик ва ғамга солманг ўзунгизни!" десам, хон: "Эй, нодон, сан ўз ишингга машғул бўл, мани хонликдан ажраб, хафа бўлган дерсан. Ман фуқарони(нг) оёқ ости бўлгани учун ҳафаман. Мани(нг) ниятим бўлак эди, муюссар бўлмади!" деб таом емадилар.
Кеча ўтуб эрта билан кўчуб, Маҳрамдин жўнадук. Исфисорга қўндук. Кеча ётиб, эртаси жумъа куни Хўжандга борилди. Уламо ва фузало истиқбол қилдилар. Хўжанд дарвозасида икки адад Русия либосида кишилар турган экан (бу икки Русия либосидаги зобит полковник Жўрабек Қаландар қори ўғли ва полковник Бобобек эди – С.С.), тўхталди. Бири хонга салом қилиб дедики: "Асслому алайкум, хон ҳазрат, қалайсиз, омонмисиз, энди сиз ҳам биз тушган йўлга тушдингиз, эмди аҳволингиз шул экан-ку! Биз бир вақт сиздан паноҳ сўраб келганда, бизни яқомиздан тутуб, Русияга бердингиз, ўлганимиз йўқ, алҳамдулиллоҳ, ҳукуматдамиз!" деди. "Мусулмон мусулмонға паноҳ берур деб, сўраб эдук, мана, эмди сиз ҳам кўрарсиз!" деди.
(Давоми бор).