Истиқлол шарофатидан халқимизнинг кўкси тоғ, фахри беадоғ десак заррача муболаға йўқ. Ахир асрлар мобайнида ота-боболаримиз орзуси армонга айланаверди. Аждодлар билан авлодларни боғловчи маънавий бойликларимиздан бебаҳра қилинди. Иймон-эътиқодимизга эркинлик берилмади. Қачонки, мустақилликка эришганимиздан сўнггина ўзлигимизни англадик. Таъқиқланган китобларимизни бемалол ўқиб-ўрганишга муяссарландик. Айниқса, кейинги етти йил оралиғида бу борада беқиёс имкониятлар эшиклари кенг очиб қўйилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Буюк аллома ва адибларимиз, азиз авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак" деган кўрсатмалари бизни миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари руҳлантириб келмоқда.
Яқинда, бундан уч йил аввал, яъни 2021 йили "Илм-зиё-заковат" нашриётида чоп этилган "Хожа Аҳмад Яссавий ва яссавийлар тарихи" китобини ўқиб чиқдим. Тўғриси, бениҳоя қувондим. Сабаби, унда биз билган, эшитиб юрган воқеалар беинкор ҳақиқат эканини тасдиқловчи қимматли маълумотлар ҳам қайд қилинибди-да. Китобда муаллифлардан бири – Фахриддинхўжа Ашрафхўжаевнинг айтишича, у 1993-1995 йилларда Турғун Файзиев, Ашраф Мухторов, Малик Муродов ва Усмон Қорабоев каби олимлар билан Фарғона водийсининг Амир Темур билан боғлиқ жойларини ўрганиш учун уюштирилган илмий экспедицияда қатнашган экан. Гуруҳ Наманган, Фарғона, Андижон, Ўш ва Ўзганнинг шаҳру қишлоқларида бўлибди. Ҳайратланарлиси, мусулмонларнинг муқаддас китоби нусхаси борлигидан дарак топишибди.
"Йўналишимизда юртимиз тарихи билимдонлари билан учрашдик, – дея ёзилган юқорида номи тилга олинган китобда. – Ўзган шаҳрида Эшонхон ота билан кўришиб, у кишининг уйларида сақланаётган анча қадимий, вазни 30 кг бўлган Қуръони карим билан танишдик. Бу муқаддас китоб аслида бундан 850 йил муқаддам Тўрақўрғон туманининг Сарой қишлоғида кўчирилган. Руслар босқини даврида бу ва бошқа китоблар яширинча Ўзганга олиб келинади.
Экспедиция топшириғи билан Малик Муродовни Наманган вилоятининг ўша даврдаги ҳокими Бургутали Рафиқалиев олдига юбордик. Бизнинг саъй-ҳаракатларимизни асли Сарой қишлоғилик, ўша даврда ёшлар ташкилоти фаоли Ҳошимжон Дўлмонов қўллаб-қувватлади. Бургутали ака, Малик акаларнинг ташаббускорлиги ва ташкилотчилиги туфайли мазкур муқаддас китоб Наманган шаҳрига олиб келинди".
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, салкам тўққиз асрлик Қуръони карим мусҳафи нусхаси даставвал 1995 йили "Олтин мерос" жамғармасининг Наманган вилоят бўлими музейига қўйилган эди. Эндиликда эса, Чортоқ туманида жойлашган Ҳазрат Увайс Қароний зиёратгоҳида асраб-авайлаб сақланмоқда.
Кўнгилларимизни мунаввар айловчи нуру зиё бўлмиш Қуръони карим мусҳафи нусхасининг Тўрақўрғоннинг Сарой қишлоғида кўчирилгани бизлар учун янада фахрли. Аждодларимизнинг юксак эътиқод соҳиби бўлишгани, динимиз ривожига, муқаддас китобдаги ғоялар эл орасида тобора кенгроқ ёйилишига беқиёс ҳисса қўшишгани бугунги ёшларимиз учун ибрат намунаси сифатида ғоят катта аҳамиятга эгадир.
Раҳмонберди РАҲИМОВ,
Тўрақўрғон туманида яшовчи меҳнат
фахрийси, "Олтин мерос" жамғармаси фаоли.