Хонликлар замонида бир бечора камбағал хотиннинг эри, боласи ва иниси ўғирлик қилади. Бироқ улар хоннинг қўриқчилари қўлига тушиб, зиндонга ташланади.

Орадан ҳафта ўтиб, хон айбдорларни дорга осиб ўлдиришга фармон берди. Ўғриларга жазо олдидан хоннинг оқсоқол маслаҳатгўйларидан бири хондан ҳеч бўлмаса, ёш болани афв этишини сўрайди.

Хон "Ҳам ёш, ҳам ёлғиз ўғилни кечириб, афв этай, бу бир қулни озод этган билан тенг бўлади", деб ўйлаб, боланинг онасини олдириб келибди.

Бечора аёл кўз ёш тўкиб, ҳукмдордан яқинларини қатлдан озод этишини сўраб ёлворади.

Хон аёлнинг нолаларига бепарво қарамайди.

– Эй, муштипар аёл, яқинларинг катта жиноятга қўл урган, ҳар учаласини бирданига озод этолмайман, аммо оналикнинг ҳаққи-ҳурмати, улардан бирини танла, жаллод қўлидан қутқариб қолай, – дебди.

Онаизор йиғилганларни лол қолдириб, укасини афв этишини сўрабди. Хон бу синоатдан хайрон бўлибди:

– Яқинларингдан бирини авф этишга ваъда бердим. Нега сен орзу-умид билан бир ёстиққа бош қўйган эрингни ёки бўлмаса ёлғиз ўғлиингни танламадинг?

– Мен аёл кишиман. Яратганнинг иродаси, хоҳласам, яна турмуш қурсам, бўлғуси эримдан бола кўришим мумкин. Онамнинг дунёдан ўтганларига эса анча йил бўлди, энди менга укамни ким туғиб беради?

Хон аёлнинг донолигига қойил қолиб, тан бериб, унинг эри ва ўғлини ҳам дор остидан қайтарган экан. Ҳа, меҳр-оқибат, қадру қиммат ана шундай олижаноб кучга эга.

Бурҳониддин НИЗОМОВ,

меҳнат фахрийси.