Бобораҳим Мулла Вали ўғли Машраб 1640 йил май ойида Наманган шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб Наманганда Мулла Бозор Охунд хазратларидан тариқат илмини уқди. Сўнг устоз тавсияси билан Қашқарда маърифат арбоби Ҳидоятулло Офоқ Хожа эшондан таълим олди. Жаҳонгашта ва оловли умри давомида яратган шеърияти моҳиятан инсон қадр-қиммати, шарафи ва маънавий камолотини улуғлашга, эзгулик ва гўзалликни пойдор этишга хизмат қилиб келмоқда.
* * *
Инсоннинг беназир ва бебаҳо мулки бор. У қалб деб аталади. Бу маъвода одамнинг қадр-қиммати, ор-номуси, муқаддас эътиқоди, латиф туйғулари, хуллас, ўзлиги мужассамдир. Шу боис ота-боболаримиз кўнглини шаффоф шишага ўхшатганлар, унга дарз етказишдан сақланмоқни уқтирганлар. Бобораҳим Машраб инсон қалби табарруклигидан огоҳ этиб айтади:
Мўъминини кўнглини билсанг, у Байтуллоҳдур,
Кун зиёрат айлагил ҳар кунда Байтуллоҳни.
Донишманд шоир кўнгилни Аллоҳнинг уйи бўлмиш Каъбадек билишни уқтирмоқда. Зеро, одамлар умрида бир марта бўлса ҳам Байтуллоҳни тавоф этишни орзу қиладилар. Ҳолбуки, бундан-да улуғроқ саналаётган инсон кўнглини шодлантиришдек савобга эса ҳар куни муяссар бўлиш мумкин.
* * *
Бобораҳим Машраб хайр-саховат ғоят покиза ниятда, ўта холислик билан қилиниши кераклиги ҳақида бир байтида ёзади:
Ҳотами Тойдек жаҳонни тутса хайринг, эй фато,
Иш риёдин холи йўқ, соҳиб саховатман дема.
Яъни, эй йигит, Ҳотамтойдек жаҳонга хайр-эҳсон тарқатсанг-у, агар риёли бўлса, саховатлиман дема. Чунки риёли хайр яхшиликка кирмайди, савобга ҳам доҳил бўлмайди. Маълумки, риё – бу, яхшиликни ўзини кўрсатиш, кимнидир мутега айлантириш, сохта обрў учун қилишдир. Зеро, ана шу шайтоний таъмалар мақсадида қилинадиган яхшилик миннатли бўлади. Миннатлими, бўлди, яхшилик савоби учди-кетди. Риёкорлик ошкор бўлгани қолди.
Донишманд бобомиз айтадики, риёли яхшиликдан ҳазар қилиш лозим:
Жаннатул фирдавсни муфт берса йўлда излама,
Хайр ани дерларки, арзандек риёси бўлмаса.
Қаранг, биров жаннат боғини текинга бераман, деган тақдирда ҳам агар унинг риёси бўлса олма, дейилмоқда.
* * *
Мўъмин ул хавфу хатардин доимо мотамдадур,
Зоҳири мўъминнамо, ботин харобатдин на суд?
Аллома айтган хавфу хатар нима? Бу енгил-елпи ҳавойи ҳавас, харом-ҳалолнинг фарқига бормаслик, фахшу риё, тама-ю хиёнат каби жаҳолат унсурлари таҳдидидан иборат хавфдир. Турмуш ва ишда ана шу иллатлар билан кўп-кўп дуч келинар экан, ўзини ҳамиша қилкўприк устида бораётгандек сезадиган оқил ва ориф инсон бу иллатлар илашиб қолмаслиги учун руҳий курашда бўлади. Энг ёмони, дейди Бобораҳим Машраб, ички олами жаҳолат қусурларидан хароботга айланган одам ўзини покдомон қилиб кўрсатишидир!
* * *
Ҳама сувратпараст бўлди, фашу дасторига мағрур,
Ки зоҳид ичра мутлақ бериёни кўрмадим.
Шоир тасаввурларига кўра, одамдан одамнинг фарқи йўқ. Бир хил вужуд. Ҳаммага ақлу ҳуш берилган. Олий мезонлар олдида ҳам фарқимиз хайрли ишларни қай биримиз қай даржада қилганлигимизда кўринади. Бироқ хом сут эмган банда ўзича фарқ мезонларини яратиб олиши ачинарли. Жумладан, баъзилар лавозим, қимматбаҳо кийим-бош, данғиллама уй, қўша-қўша машиналарга эга бўлиб, шуларни инсон сифатидаги мавқеи деб биладилар, кибрга бериладилар. Бобораҳим Машраб ачиниб айтганидек, "сувратпарастликка" берилиб, молу давлати ва дасти узунлигидан керилиб юрувчилар қалбини риё эгаллаган бўлади.
Дарҳақиқат, Бобораҳим Машраб ғазаллари руҳни покловчи, тафаккурда янги уфқлар яратувчи, комилликка азму шижоат бағишловчи табаррук хазинадир.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ.