ёхуд Ибратнинг ибрати
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).
Академик (бугунги кунда) Ҳайдарбек Бобобеков "Исҳоқхоннинг "Тарих-и Фарғона" қўлёзма асари катта тарихий-маданий аҳамият касб этади ва ўзбек халқининг қимматли ёзма ёдгорликларидан ҳисобланади" дея рисолани юксак баҳолаши ғоят асосли. Қачонки, асарни шошилмасдан, синчиклаб ўқиб чиқилса, унинг ҳар бир саҳифаси керакли маълумотларга бойлиги англаб етилади. Исҳоқхон тўра тарих билан шунчаки шуғулланмаганини, мазкур асарни битишдан аввал ўзи ҳам ўтмишга оид қатор ноёб китоблар билан танишганини, ҳаётда кўп ҳодисаларни кўриб билганини, учрашиб суҳбатлашган одамларининг хотираларини тўплаганини, кейингина асар устида қунт билан қалам тебратганини сезиш унча қийин эмас.
Бироқ яратилган рисоласини нашр эттиришга улгурмагани таажжубли. Боз устига 1916 йилда ёзилган бўлса, ўзи 54 ёшда эди, яна 21 йил яшади ҳам. Ҳайдарбек Бобобеков: "Фикримизча, Исҳоқхон Ибрат ушбу асарини қайта ишлаш ниятида бўлиб, уни нашр этмаган. Шунинг учун ҳам асарда айрим камчилик ва нуқсонлар учрайди" деб мулоҳаза юритган. Унда нега қайта ишламади, нега бирон матбуот нашрига парчасини ҳам илинмади, ё ёзганларидан барибир қаноат ҳосил қилмаганмикин? Саволлар ҳар хил хаёлларга етаклайверадию, лекин бизнингча, бу ягона сабаб бўлолмайди. Мабодо, гап шундагина бўлганида, уни таҳрир қилиш имконини Ибрат, албатта, топа оларди. Ўша давр муаррихлари назаридан ўтказиб олиш обрў-мартабаси баланд ижодкор учун ортиқча мушкуллик туғдирмасди. Иккинчи, нозикроқ сабабни ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Шўролар даврида руслар тузуми янгилангани билан уларга туб аҳолининг кўзини очадиган миллий уйғонишга дахлдор гаплар аслида ёқавермасди. Айниқса, туркистонликларнинг буюк ўтмиши, буюк аждодлари ҳақидаги гаплар, ҳатто рус босқини "Руссия давлатига ўтиш" ва "Туркистонни Руссияга қўшиб олиш" дея бошқача тасвирланса-да, ўша давр сиёсий цензураси чиғириғидан ҳақиқий ҳолатни тасвирловчи асарнинг ўтишига деярли ишонч йўқ эди. Ахир улар туркистонликларнинг осонликча тобеликка, яъни бошқа дин вакиллари ҳукмронлигига бўйсунмасликлари хаспўшлангани билан газета-китобларга муҳрланиши ўзларининг мустабид манфаатларига путур етказишидан чўчишарди. Ибрат оқилона мушоҳада юритиб, оқлар ўрнини эгаллаган қизиллар билан зиддиятга боришликни эп кўрмагани ҳам эҳтимолдан холи эмас.
У русларнинг икки тузуми тотини татиб умргузаронлик қилди. Иккиюзламачи сиёсатнинг қонли даҳшатларидан бохабар эди. Ленинчилар ҳам, сталинчилар ҳам миллий масалада "бағрикенглик" билан "Ҳар бир миллат ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга" деган эътирофни олға сурсалар-да, амалда бунга тиш-тирноқлари билан қарши туришарди. Туб ерли аҳоли саводли бўлса бўлсин, майли дейишса ҳам, аммо сиёсий мудроқлигича қолиши зарурлигини жуда-жуда исташарди. Илғор фикрли кишиларни кўрарга кўзи йўқлиги ойнадай аён эди. Буни Ибрат билмаслиги асло мумкин эмас. "Тарих-и Фарғона" си эса ҳикояту ривоятлардангина иборат бўлмади. Ўтмиш воқеа ҳодисалари ва одамлари ҳақидаги битиклари ҳамюртларига ўзлигини англатиб қўйиши эҳтимоли бор эди. Исҳоқхон тўрадек иймонли, пок виждонли қаламкаш мозий манзарасини аслан қандай рўй берган бўлса, билганича идроклаганича худди шундай акс эттиришга интилиши табиий, албатта. У ўз даврининг сиёсий ўйинларидан ўзини четга олган, сохталиклардан йироқ турган. Шу боис орадан юз йилдан зиёд вақт ўтаётганига қарамай, асарнинг қиммати ошса ошдики, заррача камаймади. Истиқлол даврида юртимиз тарихи тадқиқотчилар учун муҳим манбалар қаторидан ўрин эгаллади. Чунончи, 2010 йилда "Ўзбекистон" нашриётида чоп этилган "Ўзбекистон тарихи ёш тадқиқотчилар нигоҳида" тўпламида Ўзбекистон ФА Тарих институти илмий ходими Шерзодхон Маҳмудов "Қўқон хони Шоҳруҳбий" хусусидаги маълумотлар"ни таҳлил этар экан: "Илмий адабиётларда Фарғона давлати тепасига келган минг уруғи вакили Шоҳруҳбий Қўқон хонлигининг биринчи ҳукмдори сифатида талқин этилади. Бундай маълумот Исҳоқхон тўранинг "Фарғона тарихи" асарида ҳам келтирилган", дея таъкидлашининг ўзиёқ Ибратнинг китоби мозийшунослар учун бебаҳо манба сифатида хизмат қилаётганини кўрсатади.
Ана энди қадимги Фарғонанома саҳифаларига кўз югуртирайлик. Чунончи, "Бу бизни мутаваттин бўлиб турган Туркистон музофотига Фарғона деб машҳур ва бу лафз илан мазкурдур, муни тарихи қадимияларда бўлса ҳамки, кимлар ўтган ва кимлар тарафидан бино бўлғонлиги ҳеч кимни маълуми бўлмай, Фарғона исми илан иктифо қилганлар. Бинобарин, бу адим ул-иститоат (имконсизлик – С.С.) Фарғона аҳлидан бўлиб, бу Фарғона аҳлига ўз иқлим ва мамлакатларин тарихини билдурмак бўлиб ва ҳам манвазаҳа муъминан факааннама аҳйаҳу (Кимки мўмин одамни яхшиликка йўлласа, тушунмаган нарсасини тушунтирса, бамисоли уни қайта тирилтирган кабидир – таржима) мўжибинча бир тарих қолдирмоқ мақсадим бўлиб, – тарихлар жамъ қилиб, миллатга ёдгорликлар қолдирдим. Ва ҳам сиёсий тарафига бу китоб муносиб забон ва асбоби овон бўлиб, зарурлиги маълум ўлди. Бинобарин, бир неча вақт умрни тарихларга масруф этдим ва бу ерга етдим".
(Давоми бор).